Оилавий зўравонликдан жабрланганларнинг ҳимояси кучайтирилади

Қонун лойиҳасига шарҳ

Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш, соғлиғини сақлаш, касбга ўқитиш ва бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка кенг жалб этиш, эҳтиёжманд хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда гендер тенгликни таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Ушбу йўналишдаги амалий ишлар давом эттирилиб, ҳуқуқий асослар мустаҳкамланмоқда.  

Жумладан, оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланганларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтиришга қаратилган қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган бўлиб, унда Оила кодексининг 41-моддасига оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланган эр ёки хотиннинг талабига кўра, суд томонидан ишни кўришда ярашиш учун муҳлат тайинланмасдан қарор чиқарилишига оид норма таклиф этилмоқда. Бу тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрганларнинг ҳуқуқлари ҳимоясини янада кучайтиришга қаратилгани билан аҳамиятли.  

Лойиҳада шунингдек, Уй-жой кодексига суд турар жойга мажбурий тартибда киритиш билан боғлиқ низоларни кўриб чиқишда, қарздор (мулк эгаси бўлган эр ёки хотин)нинг ташаббусига асосан ушбу турар жойни муносиб шароитга эга бўлган бошқа турар жойга алмаштириши ёки тарафларнинг келишувига асосан ижарага олинган турар жой учун ижара ҳақини тўлаш мажбуриятини қарздорга юклаш бўйича норма киритилмоқда.  

Бундан ташқари, қонун лойиҳаси билан “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги, “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонунларга тегишли ўзгартиришлар киритиляпти.  

Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши оилавий (маиший) зўравонлик жабрланувчиларининг ҳуқуқлари ҳимоясини янада кучайтириш, оилавий муносабатлар иштирокчиларининг ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатларини, шу жумладан уй-жой низоларини кўриб чиқишда мулкдорнинг манфаатларини инобатга олиш билан бир қаторда хотин-қизларга яшаш учун қулай шароит яратиш ҳамда оила ва хотин-қизлар бошқаруви тизимини такомиллаштиришга хизмат қилади.  

Муҳтарама Комилова,

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech