Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида бир гуруҳ депутатлар томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида ишлаб чиқилган «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
– Мазкур қонун лойиҳаси билан Омбудсман ўз олдида турган вазифаларини монеликсиз ва самарали амалга ошириши учун қўшимча кафолатлар ҳамда унинг ҳуқуқлари, шаъни ва қадр-қимматини ишончли ҳимоя қилиш чоралари белгиланяпти, – деди Қонунчилик палатаси қўмита раиси Ш.Бафаев. – Шунингдек, Омбудсманнинг фаолияти тўғрисидаги маъруза Олий Мажлис палаталарининг мажлисларида ҳар йили эшитилиши назарда тутилмоқда. Давлат органлари шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар томонидан инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга оид қонун ҳужжатларига риоя этилиши ҳолати тўғрисида Омбудсман томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Олий Мажлис палаталарига тизимли равишда ахборот тақдим этиш тартиби мустаҳкамланмоқда.
Бундан ташқари, Омбудсман томонидан ҳар йили 15 мартга қадар Олий Мажлис палаталарига қийноққа солиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан маъруза тақдим этиш кўзда тутилмоқда. Омбудсманнинг қонунчилик таклифларини қонунчилик ташаббуси тартибида Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатасига киритиш ҳуқуқи белгиланмоқда.
Муҳокамалар давомида фракция аъзолари қонун лойиҳасининг муҳимлигини таъкидлаб, киритилаётган янги нормалар Омбудсман фаолиятини янада такомиллаштиришга, унинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, халқаро ҳамкорликни амалга оширишдаги иштирокини кенгайтиришга хизмат қилишини алоҳида қайд этди.
Йиғилишда шунингдек, «Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига махсус иқтисодий зоналар фаолиятини мувофиқлаштириш ва бошқариш тизимини соддалаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги ва бошқа қонун лойиҳалари атрофлича кўриб чиқилди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА
- Қўшилди: 16.07.2024
- Кўришлар: 1267
- Чоп этиш