2020 йил 29 июль куни БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларининг 2030 йилгача мўлжалланган Кун тартиби ҳамда Пекин дастури ва Ҳаракатлар платформасини рўёбга чиқариш доирасида гендер масалаларини ҳисобга оладиган қонун ҳужжатларини ишлаб чиқишга бағишланган он-лайн мунозара бўлиб ўтди. Ушбу мулоқот Парламентлараро иттифоқ ва "БМТ-аёллар" тузилмаси томонидан ташкил этилди.
Маслаҳатлашувларда турли мамлакатлар парламентларининг аъзолари, Парламентлараро иттифоқ Бюросининг барча аъзолари, бутун дунё парламентларининг аёллардан иборат аъзолари гуруҳи вакиллари, миллий парламентлар асосий қўмиталари, хусусан, гендер тенглик бўйича ҳамда хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва имкониятларини кенгайтириш ва бу соҳадаги қонун ҳужжатларини такомиллаштриш масалалари бўйича қўмиталар аъзолари қатнашди.
Он-лайн мунозара ишида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Парламентлараро иттифоқ раисининг ўринбосари Акмал Саидов иштирок этди.
Он-лайн мунозарадан кўзланган мақсад:
биринчидан, "Пекин +25" шарҳи якунлари бўйича истиқболдаги парламент фаолиятини таъминлашга доир устувор масалаларни белгилаб олиш;
иккинчидан, Қонунчиликда гендер муаммолари ҳисобга олинишини таъминлаш бўйича парламент аъзолари учун раҳбарий қўлланмани муҳокама қилиш учун –
парламент аъзолари билан ўзаро фикр алмашиш ва бу ишларга ҳисса қўшишдан иборат.
Парламент аъзолари ўзлари ишлаб чиқадиган қонунлар бутун дунёда аёллар ва қизларни ҳимоя қилиш, уларнинг ҳаётини яхшилаш учун хизмат қилишини таъминлашда улкан роль ўйнайди. Шу нуқтаи назардан, миллий қонунларда хотин-қизларнинг тенг ҳуқуқлилиги кафолатланиши ҳаётий муҳим масаладир. Бу, ўз навбатида, ана шу муаммоларнинг ечимига, хусусан, қонун ҳужжатларидаги камситиш ҳолатларига барҳам бериш ҳамда хотин-қизлар аҳволини яхшилашга тааллуқли ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлашга қаратилган миллий саъй-ҳаракатлар ва кўп томонлама анжуманларга парламент аъзоларининг фаол жалб этилишини тақозо қилади.
Мулоқот асносида БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича 5 йиллик натижаларни сарҳисоб қилиш ҳамда Пекин дастури ва Ҳаракатлар платформасининг 25 йиллигини нишонлаш борасида 2020 йил ўзига хос самарадор давр бўлгани таъкидланди. Ушбу жараёнда жамият ҳаётининг барча соҳаларини тартибга соладиган қонунларда гендер тенглик принциплари татбиқ этилиши зарурлиги яна бир бор ўз тасдиғини топди.
Жорий йил март ойида Пекин +25 конференцияси доирасида БМТнинг Хотин-қизлар аҳволи бўйича комиссияси томонидан қабул қилинган сиёсий декларацияда аъзо-давлатлар ўз зиммаларига аниқ мажбуриятларни олган. Хусусан, аъзо-давлатлар «камситиш ҳолатларига йўл қўядиган барча қонунларга барҳам бериш ҳамда қонунлар, сиёсат ва дастурлар барча хотин-қизлар учун фойдали бўлиши, улар тўлиқ ва самарали амалга оширилиши, тенгсизлик ва маргиналлашувни юзага келтирмаслиги ва кучайтирмаслиги учун уларнинг натижадорлигини таъминлаш ишлари тизимли равишда баҳолаб борилишини йўлга қўйиш" учун жавобгар ҳисобланади.
Мунозараларда Парламентлараро иттифоқ вакили Зейна Ҳилал ва "БМТ-аёллар" тузилмаси вакили Беатрис Дункан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Мулоқот якунида таъкидланганидек, парламент аъзолари халқ сайлаган ва ишонч билдирган вакиллар ҳисобланади. Шу маънода, парламент аъзолари инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш билан узвий боғлиқ тараққиёт жараёнларида ҳамиша фаол ва фидойи бўлишлари зарур.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 30.07.2020
- Кўришлар: 3938
- Чоп этиш