Муносабат
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилаётган фаол ва прагматик ташқи сиёсат бугунги кунда мамлакатимизнинг нафақат минтақада, балки жаҳон миқёсида нуфузи ва ўрнини мустаҳкамлаб, халқаро жараёнларда ўз сўзига эга бўлишига хизмат қилмоқда.
Айтиш мумкинки, Ўзбекистоннинг нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотлар – Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ), Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ), Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги (МДҲ), Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ), Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Туркий давлатлар ташкилоти ва Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) кабилар билан кўп томонлама дипломатияси ҳамда халқаро хавфсизлик ва минтақавий ривожланишнинг долзарб муаммоларини ҳал этиш борасидаги ташаббуслари жаҳон ҳамжамияти томонидан қўллаб-қувватланмоқда.
Бу жараёнда Ўзбекистоннинг Шанхай ҳамкорлик ташкилоти фаолиятидаги иштироки алоҳида аҳамият касб этади. Жорий йилнинг 4 июль куни Қозоғистоннинг Остона шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси ва «ШҲТ плюс» форматидаги учрашув доирасида ҳам ташкилотнинг ўтган вақт давомидаги фаолияти таҳлил қилинди, ташкилотга аъзо мамлакатлар тараққиётини юксалтиришга қаратилган бир қатор ташаббуслар илгари сурилди.
Хусусан, давлатимиз раҳбари ўз нутқида ушбу саммит халқаро вазият кескинлашаётган бир шароитда ташкил этилганлигини таъкидлаб, ҳозирда дунё саҳнасида янги вайронкор можаролар пайдо бўлаётгани, глобал ва минтақавий хавфсизликка хавф ва таҳдидлар кучайиб бораётганига тўхталиб ўтди. Оқибатда халқаро ҳуқуқ меъёрлари ва тамойиллари тез-тез бузилмоқда. Тобора кучайиб бораётган инқироз ва муаммоларни ҳал қилиш бўйича жаҳон ҳамжамиятида мавжуд воситалар афсуски, ўзининг самарадорлигини йўқотиб бормоқда.
Бундай мураккаб вазиятда ШҲТнинг асоси бўлган тамойилларга содиқлигини сақлаш ва янада мустаҳкамлаш фавқулодда муҳим ҳолат саналади. Келгусида ҳам «Шанхай руҳи»нинг мустаҳкам замини бўлган тамойиллар – ўзаро ишонч ва манфаат, тенглик, маданиятлар ранг-баранглигига ҳурмат ва умумий тараққиётга интилиш, қарорлар қабул қилишда консенсус тамойилининг ўзгармаслиги ва ташкилотнинг блоклардан холи мақомини сақлаб қолиш, очиқлиги, учинчи мамлакатларга қарши қаратилмагани, иқтисодий, ҳарбий ва сиёсий салоҳиятидан қатъи назар, барча иштирокчиларнинг тенг ҳуқуқлилиги ҳамда суверенитетини ҳурмат қилишга риоя этиш зарурлигини таъкидлади.
Шунингдек, «Шанхай руҳи»ни мустаҳкамлаш, «ШҲТ оиласи» жипслигини кучайтириш мақсадида давлатимиз раҳбари томонидан бир қатор ташаббуслар илгари сурилди. Хусусан, умумий хавфсизлик ва тараққиёт йўлидаги ҳамжиҳатлик бўйича Самарқанд ташаббуси саналган ШҲТнинг «Яхши қўшничилик, ишонч ва трансчегаравий шериклик кодекси»ни қабул қилиш, иқтисодий соҳада ҳамкорлик бўйича стратегик юксалишга эришиш мақсадида ШҲТ доирасида савдо жараёнларини соддалаштириш бўйича битимни ишлаб чиқиш, савдодаги тўсиқларни бартараф этиш, техник регламентлар ва сертификатлаш, фитосанитария ва ветеринария назорати тизимларини яқинлаштириш бўйича қўшма чора-тадбирларни киритиш таклиф қилинди.
Ушбу жараёнда трансчегаравий электрон тижоратни ривожлантириш бўйича жаҳондаги тенденцияларни ҳисобга олган ҳолда, соҳада амалдаги рақамли савдо платформалари интеграциясини кўзда тутувчи ҳамкорлик дастурини тайёрлаш таклиф этилди.
Сир эмаски, ташкилотга аъзо мамлакатлар тараққиётида иқтисодий ҳамкорлик алоқаларининг ўрни юқори. Шу боис саноат кооперацияси дастурларини қўллаб-қувватлаш, энг аввало, инфратузилма, саноатнинг юқори технологияли тармоқлари ва хизмат кўрсатиш соҳаларида ўзаро инвестицияларни рағбатлантириш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш таклиф қилинди. Бунда ушбу лойиҳаларни молиявий қўллаб-қувватлаш механизмларини пухта ўйлаб, ШҲТ Жамғармаси ва Тараққиёт банкини ташкил этиш масаласини кўриб чиқишга чақирилди.
Яна бир муҳим ташаббус, бу – «Шарқ-Ғарб» ва «Шимол-Жануб» йўналишлари бўйича инклюзив транспорт тизимларини шакллантиришдир. Боиси бугунги ўзгарувчан дунёда транспорт йўлаклари кўп вариантли бўлиши, бу – бутун минтақамиз барқарор ривожланишининг энг муҳим кафолати саналади. Бунда эса, албатта, замон талабидан келиб чиққан ҳолда логистика жараёнларини рақамлаштириш режасини ишлаб чиқиш, жумладан, мамлакатларимиз чегаралари орқали ўтадиган маҳсулотлар ҳақидаги маълумотларнинг электрон алмашувини ташкил этиш муҳим.
Шу билан бирга, давлатимиз раҳбари томонидан ШҲТ маконида замонавий ва ишончли энергетика инфратузилмаларини кенгайтириш, рақамли иқтисодиётга ўтиш, «сунъий интеллект»ни, илғор IT қарорларни жорий этиш, ижтимоий ривожланиш ва ҳимоя соҳасида ШҲТ мамлакатлари ҳамкорлиги бўйича «йўл харитаси»ни қабул қилиш каби ташаббуслар ҳамда уларни амалга ошириш механизмлари таклиф этилди.
Ишончимиз комилки, Остона шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси ва «ШҲТ плюс» форматидаги учрашув доирасида эришилган натижалар ташкилотнинг кейинги эволюцияси йўлида муҳим қадам сифатида тарихга муҳрланади. Бу эса нафақат ташкилотга аъзо мамлакатлар, шу билан бирга, ушбу давлатлар жойлашган минтақалар тараққиётида ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Музафара АБДИЕВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.
ЎзА
- Қўшилди: 05.07.2024
- Кўришлар: 1481
- Чоп этиш