Самарқанд шаҳрида “Ипак йўли” Бутунжаҳон сайёҳлик иттифоқи мулоқоти (“WTA Silk Road Dialogue”) бўлиб ўтди.
Тадбир Ўзбекистон Туризм қўмитаси ва Бутунжаҳон сайёҳлик иттифоқи (WTA) томонидан Хитой Халқ Республикаси маданият ва туризм вазирлиги ҳамда Ўзбекистон экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги кўмагида ташкил этилди.
Мулоқотда БМТ Бутунжаҳон туризм ташкилоти бош котиби Зураб Пололикашвили, Ўзбекистон туризм қўмитаси раиси Умид Шодиев, WTA раиси Чжан Сюй, Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев, шунингдек, Хитой, Ўзбекистон ва бошқа мамлакатлар ҳамда BRIда иштирок этаётган минтақаларнинг расмий вакиллари, халқаро туризм ташкилотлари вакиллари, WTA аъзолари, соҳа мутахассислари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
– Бизнинг умумий мақсадимиз туризмни нафақат иқтисодий манфаат келтирувчи, балки дунё халқларини яқинлаштирувчи, тинчлик ва барқарорликка хизмат қилувчи соҳага айлантириш, – деди Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев. – Бунинг учун барча имкониятлар яратилган, фақат улардан оқилона фойдаланиш зарур. Хусусан, форумнинг қадимий Самарқанд шаҳрида ўтиши бежиз эмас. Охирги йилларда бу ерда туризмни ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Вилоятга келаётган сайёҳлар сони ортди. Бу эса Самарқанднинг тинч ва саёҳат учун қулай шаҳар сифатида нуфузи янада ошишига хизмат қилмоқда. Соҳани ривожлантириш учун улкан имкониятларимиз бор. Буни амалга оширишда халқаро ҳамкорлар билан мулоқотга тайёрмиз.
Тадбирда Хитой ва Марказий Осиё сайёҳлик бозорларининг ривожланиш тенденциялари, Ипак йўлида сайёҳликнинг янги имкониятлари, маркетинг стратегиялари ва сайёҳликни рақамли тарғиб қилиш, Ипак йўли мамлакатлари учун ноёб сайёҳлик маҳсулотларини яратиш каби масалаларга эътибор қаратилди.
– Ўзбекистонга илк бор ташрифим ва бундай нуфузли форумда иштирок этиш имконияти берилганидан жуда мамнунман, – дейди “Guilin Tang Dynasty Tours Co., Ltd” компанияси президенти ва бош менежери жаноб Майкл Чжоу. – Анжуманда Самарқанд вилояти ҳокимининг нутқи мени жуда ҳам таъсирлантирди. Бу келгусида Ўзбекистонга ташриф буюрадиган хитойлик сайёҳлар учун самимий меҳмондўстликнинг намунаси, деб биламан. Ташрифимиз давомида Ўзбекистонда туризм жадал ривожланаётганига амин бўлиб турибмиз. Ишонаманки, келгусида Хитой ва Ўзбекистон ўртасида янада кўпроқ ҳамкорлик, сайёҳлар ва халқлар ўртасида яқинлашув бўлади. Шунингдек, биз ҳам ўзбекистонлик сайёҳларни Хитойда кўришдан мамнун бўламиз. Тадбир доирасида B2B форматидаги учрашувда ҳам иштирок этиб, ўзбекистонлик ҳамкорлар билан самарали мулоқот ўтказдик. Айниқса, самарқандлик туроператорлар, сервис хизмати кўрсатувчи тадбиркорлар билан ҳамкорлик алоқалари бўйича фикр алмашдик. Бу ердаги меҳмонхона инфратузилмаси кутганимиздан анча яхши экан. Ўзбекистон халқаро сайёҳлар учун катта салоҳиятга эга. Мен қатъий ишонаманки, Ўзбекистон дунё туризм харитасидаги яширинган гавҳардир.
"Ипак йўли мулоқоти орқали ёрқин келажак қурамиз" шиори остида ўтказилган тадбир ялпи мажлис, давра суҳбатлари, сайёҳлик тақдимотлари ва бошқа мавзулардаги мулоқотлар билан давом этди. Иштирокчилар туризм соҳасидаги долзарб масалаларни муҳокама қилиб, BRI доирасидаги ҳамкорликнинг жорий ҳолати, тенденциялари ва стратегик имкониятларини таҳлил қилиб, ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш йўллари ҳақида фикрлашди.
Ғ. Ҳасанов, А. Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари
- Қўшилди: 04.07.2025
- Кўришлар: 530
- Чоп этиш