Тошкентда Германия канцлери ва ички ишлар вазири Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан миграция келишувини имзолади.
15 сентябр, якшанба куни Самарқанд шаҳрида Германия канцлери Олаф Шолц ва ички ишлар вазири Нэнси Фезер Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан миграция тўғрисидаги битимни имзолади. Бу ҳақда AFP агентлиги Германия ҳукумати вакилига таяниб ёзмоқда.
Бир неча ой давомида тайёрланган янги келишув Ўзбекистон фуқароларининг Германияга қонуний миграциясини соддалаштириши кутилмоқда. Шу билан бирга, Тошкент Германияда қонуний асосларсиз бўлганларни ҳам қабул қилишга мажбур бўлади.
«Биз мамлакатга саноат, ҳунармандчилик, соғлиқни сақлаш ва бошқа кўплаб соҳаларда зудлик билан зарур бўлган малакали ишчиларни жалб қилмоқдамиз», деди Фезер Rheinische Post газетасига берган интервюсида. Шу билан бирга, унинг таъкидлашича, «истиқболда Германияда қолиш ҳуқуқига эга бўлмаганлар бизнинг мамлакатимизни тезда тарк этиши керак».
ОАВ: Германия афғонларни Ўзбекистон орқали уйларига жўнатмоқчи
Июн ойида Der Spiegel журнали Германия ҳукумати қочқинлик мақомини олиш ҳуқуқига эга бўлмаган афғонларни толиблар билан тўғридан тўғри келишувларсиз қайтариб юбориш учун Ўзбекистон билан музокаралар олиб бораётгани ҳақида ёзган эди.
Нашрнинг ёзишича, май ойи охирида Германия делегацияси ички ишлар вазири Фезер топшириғи билан Тошкентга ташриф буюриб, Ўзбекистон ҳукумати билан тегишли режани муҳокама қилган. «Немислар Ўзбекистон ҳукуматига аниқ режа таклиф қилишди», - деб ёзади нашр. «Унга кўра, Германия афғонистонлик номзодларни чартер рейслари билан Тошкентга етказиши мумкин. Бу йўналиш Берлин толиблар ҳукумати билан тўғридан тўғри музокаралар ўтказмаслигини, балки чиқариб юборилиши мумкин бўлган афғонларни депортация қила олишини таъминлаш учун ишлаб чиқилган».
Журналистлар таъкидлаганидек, Германия ИИВ делегацияси Тошкентдан қайтгач, музокаралар «конструктив» ўтганини маълум қилган, Ўзбекистон ҳукумати Берлин ва Тошкент ўртасида миграция бўйича расмий келишув имзоланса, ёрдам беришини ваъда қилган.
Шолц Марказий Осиёга сафарини Қозоғистонга ташриф билан давом эттиради
16 сентябр, душанба куни Германия ҳукумати раҳбари Ўзбекистонда фуқаролик жамияти вакиллари билан учрашув ўтказиш, шунингдек, Германия-Ўзбекистон бизнес форумида иштирок этишни режалаштирмоқда, деб ёзади AFP. Шундан сўнг Шолцнинг Қозоғистонга ташрифи режалаштирилган, у ерда канцлер Марказий Осиёнинг бешта республикаси: Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Туркманистон раҳбарлари билан "С5+1" саммитида иштирок этади.
Аввалроқ DW билан суҳбатда экспертлар учрашувда асосий урғу минтақа билан иқтисодий алоқаларни яхшилашга қаратилади, деб тахмин қилишган эди. Шу сабабли, Германия ҳукумати хабар беришича, Марказий Осиёга сафарида канцлерга «катта ва юқори мартабали иқтисодий делегация» ҳамроҳлик қилмоқда.
Kun.uz
- Қўшилди: 16.09.2024
- Кўришлар: 799
- Чоп этиш