Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар ҳамда Озарбайжон Республикаси Медиани ривожлантириш агентликлари ҳамкорлигида “Рақамли асрда ҳақиқатни излаб: дезинформацияга қарши курашиш” I Ўзбекистон – Озарбайжон медиа-форумининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
АОКА директори А.Хўжаев медиа форум иштирокчиларини қутлар экан, ушбу тадбир Ўзбекистон ва Озарбайжон давлатларининг ахборот ҳамда медиа соҳасида амалга ошираётган қатор дастурлари кўламини кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
– Кейинги йилларда Ўзбекистон ва Озарбайжон медиа соҳасида ҳамкорликни босқичма-босқич мустаҳкамлаб бормоқда, – деди АОКА директори А.Хўжаев. – Медиа соҳасидаги йўл харитаси икки давлатнинг ушбу тармоқда аниқ йўналишларини белгилаб берди.
Таъкидланганидек, дезинформацияга қарши кураш дунёда геосиёсий зиддиятлар кучайган бир пайтда энг долзарб масаладир.
Таассуфки, бугунги кунда давлатларнинг қарама-қаршиликлари тобора ахборот соҳасига таъсир кўрсатмоқда, фейк янгиликлар сони ортмоқда, дезинформация кампаниялари олиб борилмоқда. Шу билан бирга бутун дунёда сунъий интеллект ва машҳур шахсларнинг сохта видеоларини яратишда қўлланиладиган дипфейк технологиясининг ривожланиши дезинформация янада фаол тарқалишига ҳамда одамларнинг чалғишига олиб келаётгани хавотири ортиб бормоқда.
Бундай шароитда давлатларимиз ахборот соҳасидаги хатарлар ҳамда таҳлилларга қарши туриш борасида умумий ёндашувларни аниқлаши ва саъй-ҳаракатларни бирлаштириши кераклиги анжуманда алоҳида эътироф этилди.
Қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан турли глобал даражадаги тадбирларда, халқаро ташкилотларнинг мажлисларида Марказий Осиё давлатлари бирдамлиги, тинчлигини мустаҳкамлаш, минтақада иқтисодий, ижтимоий тараққий этишнинг истиқболли режаларини ҳамкорликда ишлаб чиқиш ва уларни амалга ошириш, қўшничилик муносабатларини яхшилаш, жумладан, Афғонистонга гуманитар кўмаклашишда кучларни бирлаштириш бўйича кўплаб илғор таклиф-ташаббуслар илгари сурилган.
Бу Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатга нисбатан беғараз, холис ва тинчликсевар сиёсатининг ифодаси десак муболаға бўлмайди.
Бироқ мамлакатимизнинг ушбу ислоҳотлари доим ҳам айрим хориж давлатлар томонидан “илиқ” кутиб олинмайди. Ўзбекистон томонидан чин инсонпарварлик ғоялари ва тамойили асосидаги интилишлари айрим чет эл ахборот ресурсларида асоссиз, ёлғон ва дезинформациялар билан талқин этилиш ҳолатлари учраётгани сир эмас.
Ўзбекистон ва Озарбайжон давлатларининг ахборот сиёсати соҳасида ваколатли органи сифатида АОКА ва Озарбайжон Медиани ривожлантириш агентлиги мамлакатларнинг сиёсий ва иқтисодий мавқеига таъсир кўрсатувчи дезинформацияга қарши курашда саъй-ҳаракатларни бирлаштириши ўта муҳим ҳисобланади.
Форум очилишида Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот котиби Ш.Асадов, Озарбайжон Республикаси Медиани ривожлантириш агентлиги А.Исмаилов, Олий Мажлис Cенатининг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитасида доимий асосда ишловчи сенатор М.Парпиев, Озарбайжон Республикаси Президенти Администрацияси ННТ ва коммуникация билан ишлаш шўъбаси раҳбари К.Гасанов, Озарбайжон Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси Г.Гулиев ушбу форум ва икки давлат ўртасидаги ҳамкорликнинг аҳамияти, ахборот асрида дезинформацияга қарши курашишнинг замонга хос тадбирлари, қонунчиликда ушбу масалаларнинг акс этиши юзасидан батафсил сўз юритди.
Медиа форум сессияларда ўз ишини давом эттирмоқда. Айтиш керакки, медиа форум 3 та сессиядан ташкил топган бўлиб, 1-сессияда “Дезинформацига қарши курашда энг яхши халқаро амалиётлар” мавзусида ўзбекистонлик ва озарбайжонлик ахборот соҳаси мутасаддилари ва ОАВ раҳбарияти ўз мамлакатлари тажрибаси асосида маъруза қилмоқда. “Ўзбекистон ва Озарбайжонда аҳоли медиа-саводхонлигини оширишда давлат ҳамда нодавлат медиа-ташкилотларнинг роли” мавзусидаги иккинчи сессияда бу борада амалга оширилаётган лойиҳалар, медиа-дастурлар, қўшма йўл хариталари ҳамда чора-тадбирлар ҳақида маълумотлар тақдим этилди.
Учинчи сессия “Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасида оммавий ахборот воситалари соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш”га бағишланган бўлиб, унда бугунги кунга қадар ҳамкорликни кенгайтириш борасида амалга оширилган ишлар ҳамда келгусида режалаштирилаётган саъй-ҳаракатлар ҳақида таклиф ва ташаббуслар, фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Н.Усмонова, ЎзА мухбири
- Қўшилди: 25.09.2024
- Кўришлар: 763
- Чоп этиш