Ўзбекистон – Озарбайжон: Ўзаро ишонч ва биродарлик руҳидаги ҳамкорлик намунаси

Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги дўстона муносабат асрлар давомида шаклланган умумий тарих, маданий яқинлик ва қадриятларга асосланган. Икки мамлакатни нафақат туркий илдизлар, балки ўзаро манфаатли ҳамкорликка интилувчи сиёсий ирода ҳам бирлаштиради. Айни пайтдаги олий ва юқори даражали доимий сиёсий мулоқот, аслида, биз учун тарихан хос жиҳат.

Президентимизнинг Озарбайжонга давлат ташрифи давом этаётган бир паллада ЎзА мухбири халқларимиз биродарлиги ва парламентлараро алоқалар хусусида икки мамлакат депутатлари фикрини ёзиб олди.

Гунай Агамали, Озарбайжон Республикаси Миллий Мажлиси депутати:

– Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабат қадимий тарих, муштарак маданий илдизлар, чуқур дўстлик ва қардошлик анъаналарига асосланади. Бугунги кунда стратегик шериклик даражасига кўтарилган алоқалар барча – иқтисодий, ижтимоий, маданий ва парламентлараро жабҳада жадал ривожланмоқда.

Айниқса, Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўртасидаги изчил сиёсий мулоқот ва дўстона муносабатнинг юксак даражасини алоҳида таъкидлаш зарур. Давлат раҳбарларининг ўзаро ташрифлари, имзоланган ҳужжатлар ва баёнотлар мамлакатларимиз ўртасидаги муносабат мустаҳкам пойдеворга қурилгани ва умумий келажакка хизмат қилаётганини тасдиқлайди.

Боку ва Тошкент нафақат икки томонлама, балки Туркий давлатлар ташкилоти доирасида ҳам муваффақиятли ҳамкорлик қилиб келмоқда. Бу жараён туркий дунёда интеграцияни чуқурлаштиришга хизмат қилмоқда, дейиш мумкин.

Икки қардош ўлка ўртасида товар айирбошлаш ҳажми ортиб бораётгани, қўшма саноат ва энергетика лойиҳалари амалга оширилаётгани, транспорт-логистика соҳасидаги ҳамкорлик кенгайиб бораётгани минтақавий барқарорлик ва фаровонликка салмоқли ҳисса қўшмоқда.

Фан, таълим ва маданият соҳаларидаги қўшма ташаббуслар халқларимизни янада бир-бирига яқинлаштиряпти. Парламентлараро алоқалар қонунчилик ва сиёсий мулоқот даражасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамламоқда.

Хонкенди шаҳрида бўлиб ўтган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти XVII саммити бутун минтақа учун катта аҳамиятга эга.

Ушбу муҳим форум минтақавий ҳамкорлик, барқарор ривожланиш ва қўшма иқтисодий лойиҳаларни илгари суриш учун янги имкониятлар очди.

Озарбайжон ва Ўзбекистон бир-бирини қўллаб-қувватлаб келаётган минтақадаги етакчи давлатлардир. Мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шериклик модели давлат раҳбарларининг узоқни кўзлаб олиб бораётган сиёсати, халқларимиз иродасига асосланган бузилмас дўстлик руҳидан куч олади. Бир сўз билан айтганда, муносабатларимиз минтақада барқарорлик, тараққиёт ва умумий фаровонлик йўлидаги ҳамкорлик намунасига айланмоқда.

Гулнорахон Абдувоҳидова, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати:

– Ўзбекистон Президентининг Озарбайжонга амалга оширган давлат ташрифи икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик, дўстлик ва иттифоқчилик муносабатида янги даврни бошлаб берди.

“Загулба” қароргоҳида бўлиб ўтган тор доирадаги учрашув ва Олий давлатлараро кенгашнинг иккинчи йиғилиши натижаси Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги муносабат ҳеч қачон бундай юксак даражага кўтарилмаганини яққол намоён қилди. Президентлар томонидан 30 йиллик дипломатик муносабат доирасида эришилган юксак натижаларга таянган ҳолда янада кенг қамровли ва стратегик ҳамкорликка асос солувчи муҳим қарорлар қабул қилинди.

Жумладан, Президентлар 2025-2029 йиллар давомида Иттифоқчилик шартномасини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”ни қабул қилди. Ушбу ҳужжат икки қардош юрт ўртасидаги сиёсий, иқтисодий, гуманитар соҳаларда тизимли ва мақсадли иш олиб боришга замин яратади.

Шунингдек, икки ўлка етакчилари ҳузурида имзоланган атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида ҳукуматлараро, фан, касб-ҳунар ва олий таълим соҳаларида ҳамкорлик тўғрисида ҳукуматлараро битимлар, 2025-2026 йилларга мўлжалланган саноат кооперацияси ҳамда 2030 йилга қадар товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш дастурлари, 2025-2027 йилларда қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича амалий ҳаракатлар режаси каби келишувлар ташрифнинг амалий аҳамиятини намоён этади.

Бугунги кунда мамлакатларимиз ўртасида 300 га яқин қўшма корхона фаолият юритмоқда, лойиҳалар портфели 4 миллиард долларга етиб, савдо ҳажми 25 фоиз ошган. Бу лойиҳалар икки давлатнинг ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳиятини ошириши, янги иш ўринлари яратиши баробарида нафақат Тошкент ва Боку, балки Тошкент вилояти ва Сумгаит шаҳри, Навоий ва Габала шаҳарлари каби тўғридан-тўғри ҳамкорларни ҳам фаол иқтисодий шерикларга айлантиради.

Ўзбекистон юкларининг Озарбайжон орқали Европага транзити 25 фоиз ошгани логистика йўналишидаги ҳамкорликнинг ёрқин намунасидир. Март ойидан электрон рухсатномалар жорий этилиши йўл ҳаракатини янада шаффофлаштирди. Бу икки давлатнинг минтақа ва Европа боғлиқлигидаги ролини кучайтириши табиий.

Шунингдек, электр энергиясини Европага экспорт қилишга қаратилган лойиҳалар “яшил энергетика” соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқади. Бу нафақат экологик барқарорлик, балки янги валюта тушумлари манбаи сифатида ҳам муҳим.

Ташрифнинг яна бир муҳим воқеаси – Боку шаҳрида “Ўзбекистон” боғига асос солиниши ва мамлакат элчихонасининг янги биноси очилиши бўлди. Боғ лойиҳасида миллий меъморчилик, маданият ва замонавий инфратузилма уйғунлашган. Бу нафақат меъморий жиҳатдан, балки халқ дипломатияси нуқтаи назаридан ҳам муҳим лойиҳа ҳисобланади.

Умуман ташриф доирасидаги келишувлар, хусусан савдо ва саноат кооперацияси икки давлат аҳолиси учун янги иш ўринлари яратиши, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти соҳаларидаги лойиҳалар арзон ва сифатли маҳсулотлар етиштирилишини таъминлаши ҳамда транспорт ва энергетика лойиҳалари ҳаёт сифати ва логистика имкониятини яхшилаши билан янада аҳамиятли.

Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги фаол ҳамкорлик ТДТ ва Евросиёда иқтисодий ва сиёсий бирдамликни ҳам мустаҳкамлайди. Ўрта йўлак ривожи Марказий Осиё ва Кавказни Европага боғловчи мустаҳкам логистика тармоғини шакллантиради.

Айтиш ўринлики, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Озарбайжонга давлат ташрифи шунчаки расмий воқеа эмас, балки стратегик, халқларимиз манфаатига қаратилган янги даврнинг бошланишидир. Бу жараён нафақат икки давлат, балки бутун минтақа тақдирини ўзгартириш салоҳиятига эга. Шу боис Ўзбекистон ва Озарбайжон қўшма лойиҳалари, сиёсий яқинлиги, тарихий қардошлиги янги геосиёсий ва иқтисодий архитектурадаги муҳим таянчлардан бирига айланмоқда.

Ўткир АЛИМОВ ёзиб олди.

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech