Қозоғистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – ташқи ишлар вазири Мурат Нуртлеу Ўзбекистон делегацияси билан бўлиб ўтган музокара ҳақида маълумот берди. Бу хақда “Kazinform” хабар берди.
– Ҳозиргина Бахтиёр Саидов билан анъанавий дўстлик, ўзаро ёрдам ва ишонч руҳида тор ва кенгайтирилган таркибда музокаралар бўлиб ўтди, – деди Мурат Нуртлеу вазирларнинг қўшма баёнотида. – Биз ўзаро ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилаб олдик, асосий вазифаларни кўриб чиқдик. Давлат раҳбарларининг жорий йил бўлиб ўтадиган кўп томонлама форматдаги олий даражадаги ташриф ва учрашувларига алоҳида эътибор қаратилди. Иқтисодий ҳамкорликни янада чуқурлаштириш истиқболи таҳлил этилди. Савдо, саноат, транспорт ва логистика соҳаларидаги шериклик масаласи атрофлича муҳокама қилинди.
Вазир ўз сўзида Қозоғистон Ўзбекистоннинг энг йирик савдо ҳамкорларидан бири эканига ҳам урғу берди.
– Сўнгги йилларда товар айирбошлаш изчил ўсиб, 4 миллиард доллардан ошди, – дея қўшимча қилган М.Нуртлеу. – Саноат кооперацияси соҳасида сезиларли ютуқларга эришилди. Aйни пайт умумий қиймати 156 миллион долларлик 12 қўшма лойиҳа ишга туширилган. Шунингдек, жами 1 миллиард долларлик 21 лойиҳа ишлаб чиқилмоқда. Ўзаро савдо айланмасини 10 миллиард долларга етказиш навбатдаги муҳим вазифа ҳисобланади. Давлатларимиз чегарасида Халқаро саноат кооперацияси маркази фойдаланишга топширилиши айни жараёнга салмоқли ҳисса қўшишини кутамиз.
Г.Сатторова, ЎзА
- Қўшилди: 19.02.2024
- Кўришлар: 1936
- Чоп этиш