Ўзбекистон янги Ренессанс марказига айланмоқда

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма тўққиз йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида таъкидлаганидек, бугун жаҳон миқёсида юртимиз ҳақида сўз кетганда “Янги Ўзбекистон” ибораси тилга олинмоқда. Бу кейинги йилларда тараққиётнинг мутлақо янги босқичига қадам қўйганимиз, эришаётган залворли ютуқларимизнинг эътирофидир.

Бугун мамлакатимизда таълим-тарбия соҳаси ривожига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, илм-фан, маърифат соҳаси вакиллари ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани, интеллектуал бойликнинг қадр топаётгани халқимизнинг тарихи, тийнати, менталитети, асрий қадриятлари, орзу-умидлари билан бевосита боғлиқ.

Президентимизнинг “Дунёда энг катта бойлик - ёшликда олинган билим ва эгалланган касб-ҳунардир” деган фикрлари бежиз эмас. Тарихий мисолларга мурожаат қилайлик:

Буюк аждодимиз Абу Али ибн Сино 4 ёшида Қуръонни тўла ёд олган. Бугунги кунда Қуръони каримдан кейинги муборак китоб дея тан олинган “Саҳиҳи Бухорий”ни тузган алломамиз Имом Бухорий 11 ёшида устози ад-Дохилийнинг илмидаги хатоликни тузатган. Улуғ шоир ва мутафаккир Алишер Навоий 6 ёшида шеърлар ёза бошлаган ва Фаридиддин Атторнинг "Мантиқ ут-тайр" асарини ёддан билган. Ҳассос шоир ва шоҳ бобокалонимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур эса 12 ёшида тахтга ўтирган.

Аждодларимиз нима учун бу қадар етук олиму шоир, алломаю маърифатпарвар, бир сўз билан айтганда, буюк инсонлар бўлган?

Чунки, аввало, улар жаҳолатга берилмаган, кимнидир ғийбат қилиб, олтиндан қиммат вақтини зое қилмаган. Ўзининг идрокини, азму қудратини илмга сарфлаган, билимини муттасил бойитган.

Янада муҳими,  аждодларимизнинг маърифат борасида, таъбир жоиз бўлса, "илиги тўқ" бўлган. Зеро, улар бир эмас, иккита Ренессанс маърифатининг қаймоғидан баҳраманд бўлганлар.

"Ренессанс" ("renaitre") французча сўз бўлиб, қайта юзага келмоқ, янгидан туғилмоқ, деган луғавий маъноларни англатади. Ўзбек тилидаги "Уйғониш даври" тушунчаси ушбу атаманинг синоними, яъни маънодоши ҳисобланади.

Ренессанснинг асосий аломатлари тафаккурда ва илму ижодда догматизм, жаҳолат ва мутаассибликни ёриб ўтиб, инсонни улуғлаш, унинг истеъдоди, ақлий-фикрий имкониятларини юзага чиқариш, адабиёт ва санъатда дунёвий гўзаллик, ҳаёт тароналарини қизғин куйлаш, инсон эрки, ҳурфикрлилик учун курашиш мисолида ёрқин намоён бўлади. Натижада ижодий қудрат ва тафаккур кучини намойиш этадиган улуғвор бадиий асарлар яратилади, муҳташам меъморий иншоотлар бунёд этилади, илм-фан ривожланади.

Марказий Осиё минтақаси, хусусан, бугунги Ўзбекистон ҳудуди тарихда илм-фан, маданият ва санъатнинг кадимий бешиги сифатида мавжуд бўлиб келган. Бу ҳақда исломга қадар мавжуд манбаларда ҳам маълумотлар келтирилган. Жумладан, “Авесто”да ҳам маънавий муҳит, илм-фан ва таълим-тарбия хусусида ўз даври учун илғор ғоялар илгари сурилган.

Ўзбекистон ҳудудлари тарихан Буюк ипак йўлининг маркази ва унинг турли тармоқлари кесишган нуқтада жойлашган. Шунинг учун Шарқ ва жаҳоннинг турли мамлакатларидан диний ва дунёвий билим олиш истагидаги инсонлар ҳамиша Самарқанд, Бухоро, Хоразм, Насаф (Қарши), Кеш (Шаҳрисабз), Тошкент, Фарғона каби кўҳна маданият марказларига интилганлар. Бу ҳудудларда қадимги замонлардан фаолият юритган билим масканлари мадрасалар ўз даврининг олий таълим муассасаси, яъни университетлари мақомида бўлган, дейиш мумкин.

Биринчи Шарқ Уйғониш даври - IХ-ХII асрларда минтақамизда юз берган "Мусулмон Ренессанси" ҳисобланади. Бу даврда улуғ алломалар, қомусий билим соҳиблари, машҳур мутафаккирлар етишиб чиқди. Аниқ фанлар соҳасида Муҳаммад Хоразмий, Абу Али ибн Сино, Абу Бакр Розий, Абу Райҳон Беруний, Аҳмад Фарғоний жаҳоншумул кашфиётлар қилдилар. Имом Бухорий, Бурҳониддин Марғиноний, Маҳмуд Замахшарийнинг фалсафий асарлари башарият тафаккур хазинасини бойитди.

Тарихий манбаларда қайд этилишича, X асрнинг охирига келиб Самарқандда 17 та мадраса фаолият юритган. Бу мадрасаларда ислом таълимоти билан бирга, дунёвий фанлар ҳам ўқитилган. Ўз даврида ҳатто нафақат шоир, балки файласуф ва фалакиётшунос сифатида ҳам дунё миқёсида танилган Умар Хайём ҳам Самарқандда таҳсил олган.

Иккинчи Шарқ Уйғониш даври - ХIV-ХVI асрлардаги иккинчи "Темурийлар Ренессанси"дир. Бунда Амир Темур бунёд этган улуғ салтанатнинг ўрни ва аҳамияти беқиёсдир. Чунки буюк Соҳибқирон дунёнинг турли минтақаларидан олиму адиблар ва меъмору ҳунармандларни ўз салтанати пойтахти Самарқанд шаҳрида жамлаган. Илму маърифат ва касб-ҳунар соҳибларини рағбатлантирган, бой кутубхона, расадхона ва мадрасалар бунёд эттирган.

Жумладан, Мирзо Улуғбек мадрасасида математика, астрономия, физика, кимё, геодезия, фармакология, тиббиёт, тарих, фалсафа, адабиёт каби ижтимоий-гуманитар, аниқ ва табиий фанларнинг ўқитилиши иккинчи "Шарқ Ренессанси"нинг вужудга келишига туртки бўлган.       Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Али Қушчи сингари кўплаб мутафаккирларимизнинг боқий номи ва бой мероси нафақат минтақамизнинг маънавий ривожида, айни вақтда жаҳон цивилизацияси тарихида муҳим ўрин тутади. 

Шарқнинг бутун инсоният тарихидаги ноёб ҳодиса бўлган ҳар икки Ренессанси ана шу буюк аждодларимизнинг илм-маърифат, диний бағрикенглик ва инсонпарварлик борасидаги эзгу ғоялари билан йўғрилган эди. Бу ғоялар бизнинг давримизда, Ўзбекистон мустақиллиги йилларида алоҳида, янада теран маъно-мазмун касб этиб бормоқда. 

"Нур - Шарқдан таралади", деган эди немис файласуфи Георг Гегель. Бинобарин, Шарқ Уйғониш даври ютуқлари Ғарбий Европада юз берган алоҳида маданий ва тафаккурий тараққиёт даври, хусусан, ХIV-ХVI асрлардаги Италия Ренессансига бевосита таъсир кўрсатган.

Айниқса, туташ чегара мамлакатлари: Қурдоба (Испания), Кавказ, Болқон ярим оролида бу жараён кучли бўлган. Европаликлар Шарқ олимларининг асарларини лотин, испан, яҳудий тилларига қилинган таржималар орқали ёхуд бевосита араб тилида ўқиб-ўрганганлар.

Шарқнинг икки Ренессанси, яъни илмий-маърифий Уйғониш даврига асос солган улуғ аждодларимиз томонидан яратилган ва ҳозирги кунда ҳам маърифатли дунёни ҳайратга солиб келаётган илмий меросни ўрганиш, илмий-тадқиқот ишлари олиб бориш, улар яратган илмий йўналишлар ва мактаблар анъаналарини давом эттириш бугунги авлод олдида турган долзарб вазифалар сирасига киради. 

Бугунги кунда биз учинчи Уйғониш даври остонасида турибмиз. Агар Ўзбекистон Президентининг кейинги тўрт йилда маърифат, таълим ва илм-фанни ривожлантириш йўлида имзолаган қонун, фармон ва қарорлари, тасдиқлаган Давлат дастурлари, илгари сурган янгидан-янги ташаббусларининг мағзини тўла чақиб кўрсак, навбатдаги Маърифат Ренессансининг маркази Ўзбекистон эканига ҳеч кимда шубҳа қолмайди.

Бу, ўз навбатида, ҳар биримизга, бир томондан, чексиз фахру ифтихор бағишласа, иккинчи томондан, катта масъулият юклайди. Тарихий ҳақиқат шуки, бирон-бир мамлакатнинг дунё цивилизациясига ҳисса қўшган олимлари сони Ўзбекистон заминида етишиб чиққан олимларчалик кўп эмас. Буни гапиришга, бундан фахрланишга бизнинг маънавий ҳаққимиз бор.

Иқтисодчиларнинг ҳисоб-китобларига қараганда, бугунги кунда дунё миқёсидаги жами бойликнинг 16 фоизи – ишлаб чиқариш воситалари, 20 фоизи – табиий ресурслар ҳиссасига тўғри келар экан. Инсоният эга бўлган барча бойликнинг қолган 64 фоизи, яъни учдан икки қисми эса бевосита инсон салоҳияти, унинг билими ва тажрибаси эвазига орттирилган.

Шу маънода, барча соҳаларда илғор тараққиёт йўлидан бораётган ва юксак марраларни забт этаётган юртимиз учун билимли ва тажрибали, ҳар томонлама етук кадрлар керак. Давлатимиз раҳбари томонидан сўнгги йилларда қатор фармон ва қарорлар қабул қилиниб, бунинг учун мустаҳкам замин яратилди. Мактабгача таълим, умумтаълим ва олий таълим тизими мазмунан ва сифат жиҳатидан янгиланиб бормоқда.

Шу тариқа бугунги кунда мамлакатимизни инновацион ривожлантириш, 2030 йилга қадар Глобал инновация индексида илғор 50 мамлакат қаторидан жой эгаллаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Мамлакатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, “Ўзбекистон илм-фан, интеллектуал салоҳият соҳасида, замонавий кадрлар, юксак технологиялар борасида дунё миқёсида рақобатбардош бўлиши шарт”.

Президентимиз томонидан 2017 йил 20 апрелда "Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарор қабул қилинди. Шу ва кейинчалик қабул қилинган бошқа муҳим ҳуқуқий ҳужжатларда олий таълим тизимини тубдан такомиллаштириш масаласига жиддий аҳамият берилди.

Бунда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор вазифаларидан келиб чиққан ҳолда, кадрлар тайёрлаш мазмунини тубдан қайта кўриш, халқаро стандартлар даражасига мос олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш учун зарур шароитлар яратилишини таъминлаш асосий мақсад этиб белгиланди.

Натижада сўнгги тўрт йилда мамлакатимизда 43 та янги олий таълим муассасаси ташкил этилиб, уларнинг сони 121 тага етди. Жорий йилда олий ўқув юртларига кириш учун бир ярим миллионга яқин ёшларимиз ҳужжат топширди. Бу рақам ўтган йилга нисбатан 40 фоиз кўп демакдир.

Ёш авлод тарбиясида ҳал қилувчи ўрин тутадиган боғчалар ва мактаблар тизимида ҳам улкан ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Президент мактаблари, ихтисослашган ва ижод мактаблари барпо этиш, “Замонавий мактаб” дастурини жорий этиш борасидаги ишлар узлуксиз давом эттирилмоқда. Жорий ўқув йилидан мактабларда "Тарбия" фанидан дарс ўтилади.

Мактаб – бу ҳаёт-мамот масаласи, келажак масаласи, дейди мамлакатимиз раҳбари. Бу масалани давлат, ҳукумат ва ҳокимларнинг ўзи ҳал қилолмайди. Бу бутун жамиятнинг иши, бурчига айланиши керак. Мактабни ўзгартирмасдан туриб, одамни, жамиятни ўзгартириб бўлмайди.

Атоқли француз адиби Виктор Гюгонинг: «Мактаб очган одам бамисоли қамоқхонани ёпгандек гап», деган ҳикматли ибораси бунга яққол мисолдир. Яъни, мактаб, таълим, тарбия бор жойда болалар ёмон йўлга кирмайди, жиноят содир этмайди. Демак, қамоқхоналарга зарурият қолмайди.

Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистонда 11 йиллик мактаб таълими тиклангани алоҳида диққатга лойиқ. Энг асосийси, юртимизда "мактабгача таълим – мактаб таълими – олий таълим" силсиласи тимсолида миллий таълимнинг узлуксиз тизими яратилди.

Кейинги тўрт йилда Президентимиз ташаббуси билан Наманганда – Исҳоқхон Ибрат, Жиззахда – Ҳамид Олимжон ва Зулфияхоним, Қаршида – Абдулла Орипов, Марғилонда – Эркин Воҳидов, Нукусда – Ибройим Юсупов, Андижонда – Муҳаммад Юсуф, Гулистонда – Ҳалима Худойбердиеванинг махсус ижод мактабларига асос солинди. Ўз навбатида, иқтидорли болалар ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда.

Айниқса, мамлакатимизда ташкил этилган Президент мактаблари янги авлод кадрларини тарбиялашда муҳим асос бўлиши шубҳасиз. Чунки бу ўқув масканлари иқтидорли болаларни аниқлаш, илғор технологияларни қўллаган ҳолда уларга сабоқ бериш ва тарбиялаш бўйича яхлит тизимга айланди. Таълим жараёни ривожланган давлатлар тажрибаси асосида ишлаб чиқилган ўқув режалари ва дастурлари бўйича инглиз тилида олиб борилмоқда.

Мамлакатимизда 2020 йил Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили деб эълон қилинган. Юртимизда аввалдан шаклланган илмий мактаблар салоҳиятини ҳисобга олиб, ҳозирги босқичдаги миллий манфаатларимиз ва тараққиётимиз йўналишларидан келиб чиққан ҳолда, бу йил математика, кимё, биология, геология фан ва соҳаларини ривожлантириш танлаб олинган.

Бу бежиз эмас. Чунки Ўзбекистоннинг математика фани бўйича салоҳияти дунё миқёсида тан олинган. Қолаверса, функционал таҳлил ва дифференциал тенгламалар, эҳтимоллар назарияси ва алгебра йўналишлари бўйича нуфузли мактабларимиз шаклланган бўлиб, айни пайтда самарали фаолият юритмоқда. Етти нафар математик олимимиз Бутунжаҳон фанлар академияси аъзоси ҳисобланади.

 Кўплаб хорижий илм-фан марказлари, хусусан, Бонн, Кембриж, Париж, Сеул каби йирик шаҳарлардаги етакчи илм даргоҳлари билан биргаликда қўшма илмий лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Президентимизнинг 2019 йил 9 июлдаги математика таълими ва фанларини янада ривожлантиришга оид қарорининг ижроси доирасида пойтахтимиздаги Талабалар шаҳарчасида Фанлар академиясининг Математика институти учун замонавий талаблар асосида янги бино барпо этилмоқда.

Ана шундай янги турдаги, энг замонавий таълим муассасаларида таҳсил оладиган ёшларимиз, Президентимиз таъбири билан айтганда, Ўзбекистоннинг “олтин фонди” ҳисобланади. Бу, ўз навбатида, ёшларимиз орасидан Хоразмийлар, Ибн Синолар, Улуғбеклар чиқишига барча асосларимиз борлигидан, демакки Ўзбекистонда том маънода янги Уйғониш даврининг пойдевори қўйилганидан далолат беради.

Энг асосийси, фарзандларимизнинг истеъдод ва қобилияти, эзгу интилишларини тўлиқ рўёбга чиқариш, ижтимоий фаоллигини ошириш, ҳаётда муносиб ўрин эгаллашлари учун барча имкониятларни яратиб бериш бундан буён ҳам Ўзбекистонда давлат ва жамиятнинг бош мақсади бўлиб қолади.

Хулоса қилиб айтганда, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, "Халқимизнинг улуғвор қудрати жўш урган ҳозирги замонда Ўзбекистонда янги бир уйғониш – Учинчи Ренессанс даврига пойдевор яратилмоқда, десак, айни ҳақиқат бўлади. Чунки бугунги Ўзбекистон – кечаги Ўзбекистон эмас. Бугунги халқимиз ҳам кечаги халқ эмас".

Акмал Саидов,
академик

("Куч - адолатда" газетаси, 2020 йил 4 сентябрь)

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech