Ўзбекистон ЮНЕСКО Ижроия кенгаши аъзолигига номзодини расман илгари сурди

ЮНЕСКОнинг Париждаги бош қароргоҳида Ўзбекистоннинг ЮНЕСКО Ижроия кенгаши аъзолигига номзодини расман илгари суришга бағишланган учрашув ўтказилди.

Унда Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси раиси Гаяне Умерова, Ўзбекистоннинг ЮНЕСКО ҳузуридаги доимий вакили Камол Мухторов ва ЮНЕСКО Ижроия кенгаши раиси Вера Лакей иштирок этди.

Учрашувда мамлакатнинг ЮНЕСКО мақсадларига содиқлиги ва ташкилот фаолиятига қўшаётган доимий ҳиссаси эътироф этилди. Мазкур учрашув чоғида Ўзбекистон 2027-2030 йиллар давомида ЮНЕСКО Ижроия кенгаши аъзолигига номзодини расман илгари сургани маълум қилинди.

Томонлар маданиятлараро мулоқотни мустаҳкамлаш, янги ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ва 2025 йил ноябрь ойида Самарқандда ўтказилиши режалаштирилган ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси доирасида муҳокама қилиниши кутилаётган лойиҳалар бўйича ҳам фикр алмашди.

Жамғарма ахборот хизмати хабарига кўра, учрашувда Ўзбекистоннинг мазкур ташаббуси халқаро маданий ҳамкорликка садоқати ва амалий фаолиятининг ёрқин намунаси сифатида эътироф этилди.

Н.Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech