Ўзбекистонда диний соҳадаги давлат сиёсатининг асосий принциплари нималарда иборат?

2025 йил 26 февралда “Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қонун кучга кирди.

Концепцияда Ўзбекистон Республикасида диний соҳадаги давлат сиёсатининг мақсади, асосий вазифалари ва принциплари акс эттирилди.

Жумладан, диний соҳадаги давлат сиёсатининг мақсади – фуқароларнинг виждон эркинлигига бўлган ҳуқуқларини амалга ошириш учун тенг шарт-шароитлар яратишдир. Турли динларга мансуб диний ташкилотлар ўртасида ўзаро муроса ва ҳурмат ўрнатилишига кўмаклашиш, конфессиялараро тотувликни мустаҳкамлаш, жамиятда диний бағрикенглик ва дунёвийлик таъминланади.

Диний соҳадаги давлат сиёсатининг асосий вазифаларига жинси, ирқи, миллати, тили, дини, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий мавқеидан қатъи назар, фуқароларнинг эркинлиги ва қонун олдида тенглигини таъминлаш ҳамда конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари камситилишига йўл қўймаслик чораларини кўриш киради.

Кўп миллатли ва кўп конфессияли Ўзбекистон халқининг бирлиги ва бирдамлиги, урф-одатларига нисбатан ҳурмат руҳи мустаҳкамланади, уларнинг ривожланиши учун тенг шарт-шароитлар яратилади.

Фуқароларнинг ижтимоий ҳаётда фаол иштирок этиши учун тенг ҳуқуқий шарт-шароитлар яратилади. Уларнинг динга муносабатидан қатъи назар, диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўймаган ҳолда, уларнинг виждон эркинлигига бўлган конституциявий ҳуқуқларини амалга ошириши учун шарт-шароитлар яратилади.

Давлат ўзининг ички ва ташқи сиёсатини амалга оширишида конституциявий нормаларга мувофиқ дунёвийликка таянади. Конституциявий нормаларга мувофиқ, давлат бошқаруви органлари, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, фуқаролик жамияти бошқа институтларининг фаолияти, шунингдек, ижтимоий муносабатларни дунёвийлик асосида тартибга солинишини таъминлайди.

Жамиятда диний бағрикенглик ва қонунийликни қарор топтириш борасида фуқароларнинг фаол фуқаролик позициясини мустаҳкамлаш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилади.

Давлат хизматчиларининг ўз касбий фаолиятида ва функционал вазифаларни бажаришда бирор-бир динга ёки эътиқодга устунлик беришига ёхуд бирор-бир динни ёки эътиқодни камситишига йўл қўймайди.

Жаҳон илм-фани, маданияти, санъати ва адабиётининг илғор ютуқларидан баҳраманд бўлган ҳолда мамлакатнинг илм-фани ва маданияти ривожлантирилади.

Фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига, аҳолининг соғлиғига, ижтимоий ахлоққа, жамоат хавфсизлигига ва жамоат тартибига таҳдид солувчи радикаллашувга қарши курашиш, экстремизм ва терроризм ғояларининг тарқатилишига йўл қўйилмайди.

Диний соҳадаги давлат сиёсати қонунийлик, виждон эркинлиги, диннинг давлатдан ажратилганлиги, тенглик, эркин танлов, динлараро мулоқот ва ўзаро тушуниш принципларига таянади.

Қонунийлик принципига мувофиқ, диний соҳадаги давлат сиёсати Конституцияга ва қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

Давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари томонидан қабул қилинган қарорларнинг Конституцияга ва қонунчилик ҳужжатларига зид бўлмаслиги таъминланади.

Виждон эркинлиги принципига биноан Ўзбекистон Республикасида барча шахслар учун дин ва эътиқод эркинлиги кафолатланади.

Фуқаролар хоҳлаган динга эътиқод қилиш, эътиқодни ўзгартириш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқидан эркин фойдаланади. Диний қарашларни ёки динга эътиқод қилмасликни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди.

Фуқароларнинг ҳуқуқларини уларнинг муайян диний таълимотга муносабатига қараб чеклашга, тўғридан-тўғри ёки билвосита устунлик беришга, уларнинг диний эътиқоди мавжуд ёки мавжуд эмаслиги билан боғлиқ ҳис-туйғуларини ҳақоратлашга йўл қўйилмайди.

Диннинг давлатдан ажратилганлиги принципи – диний ташкилотлар ва давлат органлари ўзаро бир-бирининг фаолиятига аралашмаслиги, давлат диний ташкилотлар зиммасига давлатнинг бирор-бир вазифаларини юкламаслиги, диний ташкилотларнинг давлат функцияларини амалга оширишига йўл қўймаслигига оид қоидаларни назарда тутади.

Ушбу принцип диний қарашлардан қатъи назар, конституциявий ҳуқуқий тизим (ҳуқуқ нормалари ва уларни қўллаш), демократия, дунёвийлик, эркинлик, тенглик, инсонпарварлик, ижтимоий адолат ва бирдамлик, инсон ҳуқуқлари ғояларига таянади.

Тенглик принципига мувофиқ, фуқаролар жинси, ирқи, миллати, тили, дини, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенг бўлиб, бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлади.

Фуқароларга бирор-бир динга эътиқод қилиши ёки эътиқод қилмаслигидан келиб чиқиб имтиёзлар беришга ёки улардан маҳрум қилишга йўл қўйилмайди.

Қонунлар диний эътиқодидан ёки бирор-бир динга эътиқод қилмаслигидан қатъи назар, барча фуқароларга нисбатан бир хилда қўлланилади.

Эркин танлов принципига кўра, фуқаро динга, динга эътиқод қилишга ёки эътиқод қилмасликка, ибодатларда, диний расм-русумлар ва маросимларда иштирок этишга ёки иштирок этмасликка, диний таълим олишга нисбатан ўз муносабатини белгилаётганда уни у ёки бу тарзда мажбурлашга йўл қўйилмайди.

Динлараро мулоқот ва ўзаро тушуниш принципи асосида турли динларга эътиқод қиладиган ёки бирор-бир динга эътиқод қилмайдиган фуқаролар, турли конфессияларга оид ташкилотлар ўзаро диний бағрикенглик, муроса, ҳурмат ва ўзаро тушуниш асосида мулоқот ўрнатади.

Давлат турли динларга эътиқод қиладиган ёки ҳеч қандай динга эътиқод қилмайдиган фуқаролар, турли конфессияларга мансуб диний ташкилотлар ўртасида ўзаро муроса ва ҳурмат, бағрикенглик руҳи ўрнатилишини таъминлайди.

Радикаллашувга, экстремизмга, терроризмга, турли динларга мансуб ақидаларни бир-бирига қарама-қарши қўйишга ва кескинлаштиришга, шу асосда фуқаролар тотувлигини бузишга, турли конфессиялар ичида ва бошқа конфессиялар ўртасида адоват қўзғатишга қаратилган хатти-ҳаракатларга йўл қўйилмайди.

Н.Абдураимова, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech