Ўзбекистоннинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзолигининг тарихий аҳамияти

2020 йил 13 октябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси сессиясида бўлиб ўтган сайловларда Ўзбекистон миллий давлатчилигимиз тарихида илк бор БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига уч йил муддатга — 2021-2023 йилларга сайланди. Мамлакатимиз учун БМТга аъзо 193 давлатдан 169 таси овоз берди. Бу сайловда энг кўп овоз берилган давлат Ўзбекистон бўлди.

Ушбу аъзоликнинг тарихий аҳамияти нимада?

Ўзбекистоннинг БМТ Инсон ҳуқуқ­лари бўйича кенгашига аъзолигининг тарихий аҳамияти қуйидагилардан далолат беради.

Биринчидан. Бу — Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев олий мақсад этиб белгилагандек ва ўзи орзу қилгандек яшашга интилаётган, Ҳаракатлар стратегиясида кўрсатиб берилган ёруғ истакларига яраша янгидан-янги самараларга эришаётган янги Ўзбекистон халқи қўлга киритган яна бир оламшумул ютуқдир.

Иккинчидан. Бу — давлат раҳбари ташаббуси билан қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси ушбу соҳада давлат сиёсатини самарали амалга ошириш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига ҳурмат билан муносабатда бўлишни шакллантириш, халқаро майдонда мамлакат нуфузини янада мустаҳкамлашга хизмат қилаётганининг ёрқин далолатидир.

Учинчидан. Бу — Президентимиз раҳбарлигида Ўзбекистоннинг мутлақо янгиланган ташқи сиёсатини амалга ошириш, хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан ҳар томонлама ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш, Марказий Осиё минтақаси давлатлари билан муносабатларни ўзаро дўст­лик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик руҳида сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш масалаларига алоҳида урғу берилаётгани халқаро ҳамжамият томонидан юксак эътироф этилгани ҳамда қўллаб-қувватланаётганининг ўзига хос ифодасидир.

Тўртинчидан. Президент Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги нутқида таъкидлаганидек, "Жамиятни сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий модернизация қилиш бўйича кенг кўламли чора-тадбирларимиз натижасида янги Ўзбекистон  шаклланмоқда. Бугунги кунда мамлакатимиздаги демократик ўзгаришлар ортга қайтмайдиган тус олди".

 

Янги Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги изчил янги сиёсати

Давлатимиз раҳбарининг БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессиясидаги нут­қида қайд этилганидек, кейинги тўрт йилда аҳоли ва партияларнинг сиёсий фаоллиги, фуқаролик жамияти институтларининг роли, оммавий ахборот воситаларининг таъсири тобора ошиб бормоқда. Биз учун гендер тенглик сиёсати устувор масалага айланди.

Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳо­лат ҳам тубдан ижобий томонга ўз­гарди. Мажбурий ва болалар меҳнати тўлиқ тугатилди. Инсон ҳу­қуқ­лари бўйича Миллий стратегия қабул қилинди. Бу жаҳон амалиётидаги ноёб ҳужжатдир.

БМТнинг фуқаролиги бўлмаган инсонлар сонини камайтиришга қаратилган чақириғига жавобан жорий йилнинг ўзида 50 минг юртдошимизга Ўзбекистон фуқаролиги берилди.

Мамлакатимизда диний эркинлик борасида ҳам вазият кескин яхшиланди. Миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенглик янада мустаҳкамланмоқда.

Судларнинг чинакам мустақиллиги ва қонун устуворлигини таъминлашга йўналтирилган кенг қамровли ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда. Коррупцияга қарши муросасиз кураш янги босқичга кўтарилди.

Ўзбекистон сўнгги йилларда эришган бу каби муҳим натижаларнинг барчаси БМТнинг Инсон ҳу­қуқлари бўйича кенгаши асосий вазифалари билан уйғун ва ҳамоҳанг. Бинобарин, мазкур Кенгашнинг бош вазифаси — эркинлик, қонун устуворлиги ва адолатни тарғиб қилишдир.

 

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши қандай ташкилот?

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 2006 йилда ташкил этилган бўлиб, БМТ Бош Ассамблеясининг органи ҳисобланади. У ўз мажлисларини мунтазам, йилида камида уч марта ўтказади.

Ушбу сессиялардан бири асосийси саналади ва унинг иши ўн ҳафта давом этади. Кенгаш аъзоларининг учдан бир қисми талаби асосида, жумладан, муайян мамлакатлардаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ ташвишли аҳволни ўрганиш мақсадида махсус фавқулодда сессиялар ҳам чақирилиши мумкин.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши қароргоҳи Женева шаҳрида жойлашган. Кенгашга 47 та давлат аъзодир.

 БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзолик учун бешта минтақадан давлатлар танланади. Яъни Осиё-Тинч океани, шу жумладан, Марказий Осиё минтақасидан — 13 аъзо, Африкадан — 13 аъзо, Шарқий Европадан — 6 аъзо, Лотин Америкаси ва Кариб давлатларидан — 8 аъзо, ўарбий Европа ва бошқа минтақалар, жумладан, АЈШ, Канада ва Исроил давлатлари орасидан — 7 аъзо  уч йил муддатга бевосита яширин овоз бериш йўли билан сайланади.

БМТ Бош Ассамблеяси сессияси делегатлари 13 октябрь куни БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига 15 та аъзо давлатни сайлади. Улар сафида Ўзбекистон, шунингдек Буюк Британия, Боливия, Хитой, Габон, Кот-д'Ивуар, Куба, Малави, Франция, Покистан, Мексика, Непал, Россия, Сенегал ва Украина бор.

Янги аъзоларнинг ваколати 2021 йил 1 январдан бошланади.

 

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши сари йўл

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши жаҳон бўйлаб бу борадаги вазиятни назорат қилиб, ҳукуматларга кўрсатма ва тавсиялар бериб боради. Энг муҳими, мазкур Кенгашга аъзо ҳар бир давлат ўз мажбуриятларини ёдда тутиши, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари билан боғлиқ мезонларга амал қилишда намуна бўлиши лозим.

Шу маънода, Ўзбекистоннинг БМТ органига аъзолик учун интилгани бежиз эмас. Бу самарадор саъй-ҳаракат давлатимиз БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзосига юклатиладиган мажбуриятларни астойдил бажариш ва инсон ҳуқуқларини глобал миқёсда ҳимоя қилишга қатъий бел боғлаганидан далолатдир.

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига 2021-2023 йилларга сайланиши учун Ўзбекистон номзодини илгари суриш вазифаси давлатимиз раҳбари томонидан 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини "Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили"да амалга оширишга оид Давлат дастурида белгилаб берилганди.

Шу асосда ўтган даврда  комплекс чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди ва изчиллик билан амалга оширилди. Хусусан, мавжуд тартиб-қоидаларга асосан номзодлик БМТ Бош Ассамблеяси рўйхатидан ўтказилди ва дипломатик саъй-ҳаракатлар бошлаб юборилди.

2019 йил октябрь ойида эса, БМТ Бош Ассамблеясининг 60/251-сонли резолюциясига мувофиқ, БМТнинг "Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига 2021-2023 йилларда тақдим этиладиган Ихтиёрий мажбуриятлар ва ваъдалар"  ҳужжати тадқим этилди. Шунингдек, ушбу ваъдаларни қисқа таҳлил қилувчи яна 2 та ҳужжат тайёрланди.

Мазкур ҳужжатлар БМТ Бош Ассамблеяси ва Инсон ҳуқуқлари кенгашида ҳамда Ўзбекистоннинг дипломатик ваколатхоналари орқали аъзо-давлатлар ўртасида кенг тар­қатилди.

Ўзбекистон тақдим этган "Ихтиёрий мажбуриятлар ва ваъдалар"да мамлакатда инсон ҳуқуқлари соҳасида эришилган ютуқлар ва амалга оширилаётган ислоҳотлар билан бирга, бу борада келгусида бажариладиган вазифалар ҳам акс эттирилган. Халқаро, минтақавий ва миллий доираларда Ўзбекистоннинг истиқболдаги мажбуриятлари ва режалари батафсил тақдим қилинган.

Ушбу мажбуриятларни 2030 йилгача бўлган даврда БМТ Глобал кун тартиби доирасида амалга ошириш белгиланган. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бугунги кунга қадар режадаги айрим ихтиёрий мажбуриятларни бажаришга киришилган.

Ўзбекистоннинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш аъзоси бўлишидан кўзлаган мақсади эзгу ва холис. Биз мамлакатимизда ҳам, жаҳон миқёсида ҳам ҳуқуқ ва қонун устувор бўлиши, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳар томонлама таъминланиши, ҳимоя қилиниши ва рағбатлантирилиши тарафдоримиз.

 

Акмал Саидов,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази директори

("Куч - адолатда" газетаси, 2020 йил 16 октябрь)

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech