Бугунги кунда инсоният дуч келган пандемия, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, "ўзининг кўлами ва миқёсига кўра, мислсиз глобал инқирозга, бутун башарият тақдири ва жаҳон иқтисодиёти учун ғоят жиддий синовга айланди”.
AҚШнинг Жонс Хопкинс университети маълумотларига кўра, 2020 йилнинг 24 апрелида дунёда 2,7 миллиондан ортиқ киши коронавирусга чалинган, улардан 191 минг нафарга яқини вафот этган. Коронавирус инфекцияси деярли барча мамлакатларда аниқланган.
Ушбу хавотирли вазиятдан келиб чиқиб, қуйидаги омилларни алоҳида таъкидлаш ўринли деб ўйлайман.
Биринчи омил. Коронавирус инфекциясининг тарқалиши глобал пандемияга айлангани боис, унга қарши курашиш учун бир ёки бир неча давлатнинг саъй-ҳаракатлари етарли бўлмайди. Пандемия ва унинг дунё ҳамжамиятига салбий ижтимоий, иқтисодий ва молиявий таъсирини камайтириш учун ўзаро мувофиқлаштирилган, шу жумладан, БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш дастури доирасида мазкур фожиага қарши курашда ижтимоий-иқтисодий, илмий, инновацион, технологик ва тиббий салоҳиятни жалб қилиш каби глобал ёндашувни шакллантириш зарур.
Айнан шу боис ушбу масалалар дунё ҳамжамиятининг диққат марказида турибди. Улар коронавирусга қарши кураш бўйича глобал, минтақавий ва миллий чора-тадбирлар муҳокамасига бағишланган деярли барча йирик халқаро саммитлар ва давлат раҳбарлари учрашувларининг ҳам кун тартибида турибди.
Хусусан, БМТ Бош ассамблеяси шу йилнинг 2 апрелида “2019 йилдаги коронавирус касаллиги(COVID-19)га қарши курашда глобал бирдамлик” деб номланган махсус резолюциясини, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши эса шу йил 10 апрелда бўлиб ўтган навбатдан ташқари саммитида Коронавирус инфекцияси пандемиясига қарши биргаликда курашиш масалалари бўйича Боку декларациясини қабул қилди.
Эпидемия бошлангандан бери ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари, соғлиқни сақлаш ва жамоат хавфсизлиги учун масъул вазирликлар ва идоралар раҳбарлари даражасида мунтазам алоқалар йўлга қўйилди. ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг 2018 йил 10 июндаги (Циндао) "ШҲТ ҳудудида эпидемиялар таҳдидларига қарши биргаликда курашиш тўғрисида"ги Баёнотини амалга ошириш бўйича қўшма тадбирлар режаси ишлаб чиқилмоқда.
Соғлиқни сақлаш вазирликлари мутахассислари иштирокида бўлиб ўтган йиғилишда мавжуд эпидемиологик вазият таҳлил этилиб, COVID-19га қарши курашда ҳамкорлик масалалари ва коронавирус ташхиси қўйилган беморларни самарали даволаш усулларини излаб топиш каби кўплаб масалалар муҳокама қилинди. Буларнинг барчаси давлатларнинг ушбу фавқулодда вазиятни биргаликда бартараф этишда ўзаро ёрдам ва ҳамкорликка бўлган интилишидан дарак беради.
Шу билан бирга, бугун Ўзбекистон мамлакат ичкарисида эпидемия тарқалишининг олдини олишга қаратилган ўта мураккаб жараён давом этаётганига қарамай, бошқа давлатларга, хусусан, Россия, Венгрия, Беларусь, Қирғизистон, Тожикистон, Эрон, Aфғонистон ва бошқа мамлакатларга гуманитар ёрдам кўрсатмоқда. Турли халқаро тузилмалар қарорлари, декларациялари ва биргаликдаги ҳаракатлар режалари доирасида белгиланган халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича давлат раҳбари кўрсатиб берган Ўзбекистон позицияси қуйидагича:
биринчидан, пандемия кенг тарқалишининг олдини олиш, инсон саломатлиги ва ҳаёти ҳимоясини кучайтириш учун самарали ва комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш;
иккинчидан, ушбу соҳада тизимли ўзаро алоқаларни ўрнатиш, хусусан, ўта хавфли инфекцияларнинг олдини олиш, ташхис қўйиш, даволаш, эпидемиологик вазиятни ўрганиш ва илмий тадқиқотлар соҳасида ўзаро ахборот ва тажриба алмашишни йўлга қўйиш;
учинчидан, ушбу таҳдиднинг давлатлар барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланишига салбий таъсирини камайтириш;
тўртинчидан, асосий халқаро молия-кредит институтлари доирасидаги самарали якдил ҳаракат ва ҳамкорликни кенгайтириш.
Шу нуқтаи назардан Европа Кенгаши президенти Шарль Мишель минтақада бугун дўстлик ва ишонч, яхши қўшничилик ҳамда ҳамкорлик муносабатларини ўрнатишда фундаментал ва ижобий ўзгаришлар рўй берганини алоҳида таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, ушбу сезиларли силжиш Европа Иттифоқининг Марказий Осиё учун янги стратегияси мақсад ва вазифаларига тўлиқ мос келади.
Американинг етакчи нашрларидан бири бўлган «The Diplomat»нинг бош муҳаррири Кетрин Путц "Ўзбекистон Марказий Осиё дипломатиясининг, COVID-19 даврида минтақавий ҳамкорликнинг етакчисига айланиб бормоқда. Бутун дунёда халқаро ҳамкорлик оқсаётган бир пайтда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг сиёсати стратегик самарали мулоқот ва ҳамкорликнинг ёрқин мисоли бўла олади”, деб эътироф этгани бежиз эмас.
Иккинчи омил. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ), бошқа халқаро ташкилотлар раҳбарлари, чет давлатларнинг нуфузли ва халқаро миқёсда тан олинган шифокорлари, олимлари, экспертлари ва мутахассислари Ўзбекистонда коронавирусга қарши амалга оширилаётган тизимли ва комплекс чора-тадбирларни юксак баҳоламоқда.
Ушбу чора-тадбирлар ўтган давр мобайнида Президентнинг 10 дан зиёд фармон ва қарорларида, Ўзбекистон халқига учта мурожаатида, шунингдек, пандемияга қарши курашиш, аҳолининг ижтимоий ҳамда тиббий ҳимоясини мустаҳкамлаш ва бошқа масалаларга бағишланган 20 дан ортиқ учрашув, видеоселектор йиғилишларида белгилаб берилди. Улар бўйича 50 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди.
Энг асосийси, ушбу чора-тадбирларнинг барчаси ушбу оғир ҳамда масъулиятли даврда ҳеч ким, ҳеч бир оила давлат ва жамиятнинг эътибори, ғамхўрлигидан четда қолмаслиги, оддий одамлар фаровонлиги таъминланиши керак, деган ғояга асосланади.
Биринчидан, бутун мамлакат бўйлаб қатъий карантин тизими жорий этилди. Қисқа муддат ичида Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Қонунчиликдаги бу ўзгаришлар санитария қонунчилигини ёки эпидемияларга қарши курашиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарликни кучайтиришга, шунингдек, карантин ва одамлар учун хавфли бўлган бошқа инфекцияларнинг тарқалиши тўғрисида нотўғри маълумот тарқатишга қарши қаратилган.
ЖССТ Бош директори Т.Гебрейесус ўз вақтида карантин тадбирларини ўтказиш муҳимлигини таъкидлайди. Зеро, "пандемия – соғлиқ инқирозидан жиддийроқ масала бўлиб, у нафақат ҳукуматнинг, балки жамиятнинг ҳам саъй-ҳаракатларини талаб этади. Ҳар қандай пандемияга қарши курашдаги энг муҳим тамойил – вазиятни назорат остида ушлаб туриш, касаллик тарқалиш манбаларини аниқлаш ва жиловлашдан иборат. Фақат ижтимоий чеклов чораларигина вақтдан ютиш имконини беради, вируснинг тез тарқалиши олдини олади. Бу муддат, энг аввало, пандемияга қарши курашнинг комплекс миллий стратегиясини ишлаб чиқиш, амалга ошириш, соғлиқни сақлаш, шунингдек, бошқа соҳалар инфратузилмаси ҳамда қудратини ошириш учун зарур ва бу одатдаги турмуш тарзига қайтишда муҳим аҳамиятга эга".
Хитой, Туркия, Буюк Британия, Германия ва Миср шифокорлари, ЖССТ экспертлари Ўзбекистонда карантин чораларининг ўз вақтида ва тезкорлик билан амалга оширилганини, шунингдек, аҳолининг оммавий касалланиши олдини олиш бўйича чора-тадбирлар оқилона ва ўзаро мутаносиб бўлганини алоҳида таъкидладилар. Уларнинг фикрича, дунёда коронавирусга қарши вакцина ва самарали дори воситалари ишлаб чиқилмаган бир пайтда карантин чораларини қўллаш касалликнинг оммавий тус олмаслигида ягона самарали йўлдир.
Кўпгина давлатлар пандемияни эрта босқичда жиловлаш имконини қўлдан бой бердилар, аммо кейинчалик кечикиб бўлса-да, карантин чораларини қўллашга мажбур бўлдилар. Натижада улар бир кунда юзлаб, минглаб фуқароларининг ҳаётини бой бермоқдалар.
Шу йилнинг 21 апрель ҳолатига коронавирус билан касалланганларнинг ўлим даражаси Испанияда - 10,4%, Италияда - 13,2%, Буюк Британияда - 13,3%, Францияда - 17,6% га тенг. Германияда бу кўрсаткич 3,1 фоизни ташкил этади, бу қатъий карантин чоралари, аҳолининг коронавирусга оммавий текшируви, ишончли соғлиқни сақлаш тизимининг мавжудлиги ва бошқа омиллар билан изоҳланади. 24 апрелдаги маълумотларга кўра, Ўзбекистонда коронавирус билан касалланганлар сони 1778 нафарни ташкил этди, вафот этганлар сони эса – 7 нафар (0,39%). Бу нафақат МДҲ, балки дунё мамлакатлари орасидаги энг яхши кўрсаткичлардан бири.
Иккинчидан, коронавирусга қарши самарали курашиш учун республиканинг барча ҳудудларида ихтисослаштирилган тиббиёт муассасалари ва карантин зоналари ташкил этилди.
Япония юқумли касалликлар уюшмаси президенти, Япония клиник микробиология жамияти президенти, Тиббиёт университети профессори Тохо Казухиро Татедо, Германиянинг «Public Diplomacy Initiativkreis» ташкилоти раиси Гунтар Кайзер, Туркиянинг “Kani-Med Healthcare” тиббий компанияси раиси Филиз Эрдоған, Мисрнинг халқаро ишлар бўйича кенгаши аъзоси Ас-Сайид Хани Ўзбекистон фуқаролари орасида ўлим ҳолатларининг камлигини қуйидаги мақсадли чоралар билан изоҳлайдилар:
- эпидемия траекториясини мувофиқлаштириш ва тиббий муассасаларга босимни камайтириш, соғлиқни сақлаш тизимининг "ўтказиш қобилиятини" ошириш учун инновацион ечимлардан фойдаланиш, мамлакатдаги эпидемиологик вазиятни чуқур мониторинг қилиш ва прогноз қилиш миллий тизимини жорий этиш;
- шошилинч равишда янги касалхоналарни қуриш, мавжуд тиббий муассасаларни қайта ихтисослаштириш, ўн минглаб одамларни қабул қила оладиган ихтисослаштирилган карантин зоналарини яратиш, тиббий муассасаларни зарур синов тизимлари ва ҳимоя воситалари билан таъминлаш ва бошқалар. Бу бугунги кунда стационар ва уй карантинидаги одамлар сони 92 мингдан ошган бир пайтда жуда муҳимдир;
- коронавирус билан курашнинг олд сафида турган ва зарбани биринчи бўлиб қабул қилаётган тиббиёт ходимларини тайёрлаш ва уларнинг меҳнатини ҳар томонлама рағбатлантириш, ижтимоий ҳимоясини таъминлаш ва бошқалар.
Хусусан, Казухиро Татедо "чет элдан қайтган фуқаролар учун Ўзбекистон томонидан икки ҳафталик карантин жорий этилгани ўз вақтида ва тўғри қарор бўлди. Бу ва республика аҳолисининг ўз-ўзини яккалаш режимига риоя этиши вирусга ҳамда унинг мамлакатда кенг тарқалишига қарши курашда ўз самарасини берди”, дея таъкидлади. Коронавирусга қарши курашда ташқи ишлар вазирлигининг имкониятларидан максимал даражада фойдаланилди. Вазирлик бошқа мамлакатлардан минглаб фуқароларимизни ватанга қайтариш учун жуда улкан ишларни амалга оширди.
Учинчидан, касаллик тарқалишининг олдини олиш мақсадида аҳоли ўртасида кенг тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Aмериканинг «The Diplomat» нашри таъкидлашича, дунёда коронавирус тез суръатларда тарқалаётган бир пайтда, "Тошкент бошқа давлатлар учун намуна бўладиган чораларни кўрди. Ўзбекистон расмийлари барча маълумотларни очиқ ва ошкора эълон қилиб бормоқда, шунингдек аҳолини тезкор хабардор қилиш учун Интернетга тўсқинликсиз кириш имкони яратилган”.
Мақолада давлат ва нодавлат телерадиоканаллари, шунингдек, ҳар куни 1,36 миллиондан ортиқ обуначи маълумот оладиган “Коронавирус инфо” канали фаолиятига алоҳида урғу берилган.
Хорижий оммавий ахборот воситалари Ўзбекистонда "озиқ-овқат ваҳимаси ва бирламчи истеъмол товарлари, биринчи навбатда, ниқоблар етишмаслиги" муаммоси йўқлигини таъкидламоқдалар. МДУ Aхборот-таҳлил маркази мутахассисларининг фикрича, расмийлар ўз вақтида нархларни тартибга сола билди, бу эса нархлар кўтарилишининг олдини олишга ёрдам берди. Россиянинг "Новая газета" нашри республикада ниқоблар етишмаслиги муаммоси йўқлигини кучли тўқимачилик саноатининг мавжудлиги билан изоҳлади.
Хорижий экспертлар, шунингдек, мамлакатда инфекция тарқалишининг дастлабки кунларидан бошлаб бош вазир бошчилигида Инқирозга қарши кураш бўйича Республика комиссияси, COVID-19 тарқалишининг олдини олиш, тиббий муассасаларни дори-дармон, ҳимоя ва диагностика воситалари билан таъминлаш мақсадида Инқирозга қарши жамғарма ташкил этилганини ҳам юқори баҳоламоқдалар. Энг муҳими, ушбу тузилмаларнинг иши очиқ, ошкора ва шаффоф амалга оширилмоқда.
Тўртинчидан, таълим тизимининг узлуксизлигини таъминлаш учун барча ўрта, ўрта махсус ва олий таълим муассасалари ўз фаолиятини масофадан туриб Интернет орқали амалга оширмоқда.
Хусусан, Европа Кенгаши президенти Шарль Мишель Ўзбекистонда коронавирус тарқалишига қарши қўлланаётган, бу инфекциянинг мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар, гуманитар ва ижтимоий-иқтисодий ривожланишга салбий таъсирини минималлаштириш бўйича кўрилаётган тенгсиз қатъий чораларни юқори баҳолади ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлади.
Шарль Мишель Ўзбекистонда инсонийлик мезонлари, фуқаролик жамияти, фан, маданият ва таълим муассасаларини ривожлантириш борасида эришилган ютуқларни алоҳида таъкидлади. У Европа Иттифоқининг пандемияга қарши курашда зарур ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирди ва ушбу мақсадлар учун Ўзбекистонга молиявий ва техник ёрдам ажратиш тўғрисида қарор қабул қилинганини таъкидлади.
Бешинчидан, аҳоли узлуксиз равишда озиқ-овқат, дори-дармон ва зарур тиббий буюмлар, бошқа ҳаётий зарур товарлар билан таъминланмоқда. Ногиронларга, кам таъминланган ва аҳолининг ҳимояга муҳтож қатламларига бепул манзилли ёрдам кўрсатадиган тизим шакллантирилди. Шу билан бирга, ушбу жараёнда нодавлат ташкилотлар ва фуқаролик жамияти институтлари, кенг жамоатчилик фаол иштирок этмоқда.
Олтинчидан, иқтисодиётнинг барча соҳалари ва тармоқларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун аниқ механизмлар (хусусан, Инқирозга қарши жамғарма) шакллантирилди. Тадбиркорларга банк кредитлари бўйича фоизларни "музлатиш" имконияти ва солиқ таътиллари берилди. Импорт қилинадиган товарларга солиқ ставкалари ва божхона тўловлари сезиларли даражада пасайтирилди.
Умуман олганда, халқаро тузилмалар раҳбарлари, хорижий экспертлар, мутахассислар Ўзбекистонда инсон, унинг ҳаёти, ҳуқуқ ва эркинликлари энг олий қадрият эканини таъкидламоқда. Мамлакатимизда амалга оширилаётган комплекс чора-тадбирлар коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши самарали курашиш, республика фуқароларининг муносиб ҳаётини таъминлаш, инфекция тарқалишини назорат қилиш, энг муҳими, минглаб фуқаролар ҳаётини сақлаб қолиш, инқироздан кейинги тикланиш ва мамлакат иқтисодиёти ва ижтимоий соҳанинг барқарор ривожланишига ёрдам беради.
Шубҳасиз, Ўзбекистон тажрибаси пандемияга қарши курашда муҳим аҳамият касб этиб, бошқа давлатлар учун ёрқин намуна вазифасини ўтайди.
Aкмал Саидов,
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази директори
- Қўшилди: 25.04.2020
- Кўришлар: 4410
- Чоп этиш