Пандемия қизларда мия қаришини тезлаштирди — тадқиқот

Қизларнинг мияси пандемиядан кейин ўртача 4,2 йилга қариди, ўғил болаларда эса бу кўрсаткич 1,4 йилни ташкил этди, дейилади Вашингтон университети олимлари томонидан ўтказилган тадқиқотда.

COVID-19 пандемияси ўсмирлар миясининг ривожланишига сезиларли таъсир кўрсатиб, унинг қаришини тезлаштирган бўлиши мумкин, деб хабар берди CNN.

Вашингтон университети олимлари томонидан ўтказилган тадқиқотга кўра, бу қизларда кўпроқ намоён бўлди — уларнинг мияси пандемиядан кейин ўртача 4,2 йилга қариди, ўғил болаларда эса бу кўрсаткич 1,4 йилни ташкил этди.

“Ўсмирлик даврида сезиларли ижтимоий-ҳиссий ривожланиш бўлади, шунингдек, мия тузилиши ва вазифаларида муҳим ўзгаришлар рўй беради. Бош мия пўстлоғи болаликда табиий равишда энг қалин даражага етади, ўсмирлик даврида аста-секин юпқалашади ва бутун умр ингичкалашишда давом этади”, — деб таъкидлади тадқиқот муаллифлари.

Бу кашфиёт илк бор ўсмирлар миясининг қариши жинсга қараб фарқланишини аниқлади, қолаверса пандемия шароитида мия тезроқ қариши ҳақида аввалги тадқиқотларга қўшимча бўлди.

“Ушбу натижалар ўсмир миясининг қанчалик заифлигини кўрсатади. Бугунги кунда ўсмирларни қўллаб-қувватлаш ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқдир”, — деди тадқиқот етакчи муаллифи, доктор Патрисия Кул.

Олимлар ўсмирларнинг пандемиядан олдинги МРТ маълумотларини пандемиядан кейингиси билан солиштирган. Натижада, олимлар қизларнинг мияси ҳар икки яримшарда 30 та соҳада тезроқ қариётганини аниқлади. Ўғил болаларда бундай ўзгаришлар фақат иккита соҳада кузатилди. Тадқиқотчилар бу ўзгаришларни кучли стресс таъсирида организм миянинг етилишини тезлаштириши ва унинг тўлиқ ривожланишига зарар етказиши ҳақидаги фараз билан боғламоқда.

Аммо тадқиқотнинг камчиликлари ҳам йўқ эмас. Масалан, олимлар назорат гуруҳини шакллантиришга муваффақ бўлмаган ва таққослаш учун нормал ривожланган мияни топа олмаган, чунки пандемия ҳаммага таъсир кўрсатди. Бундан ташқари, ушбу мавзудаги олдинги тадқиқотлардан бирининг муаллифи, доктор Иан Готлиб, тадқиқот учун танланган намуна жинслар ўртасидаги фарқлар ҳақида ишончли хулосалар чиқариш учун етарлича катта бўлмаган, деб тахмин қилмоқда.

Бу ўзгаришларни ортга қайтариш мумкинми деган савол очиқ қолмоқда. Доктор Кулнинг тахминича, ўсмирлар миясининг кейинги ривожланишини кузатиш уларнинг пандемиядан сўнг тикланиш имкониятларини тушунишга ёрдам беради. У ва бошқа мутахассислар ёшларнинг руҳий саломатлигини қўллаб-қувватлаш муҳимлигини таъкидлади. Бунинг учун сифатли бевосита мулоқот ўрнатиш, ижтимоий тармоқларда вақт ўтказишни чеклаш усулларини қўллаш мумкин.

“Пандемия расман тугаган бўлса-да, унинг ўсмирлар ҳаётига таъсири узоқ муддат давом этиши мумкин”, — деб хулоса қилди Кул.

Kun.uz

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech