Пандемия ва саводхонлик

8 сентябрь – Халқаро саводхонлик куни. Ушбу сана (International Literacy Day) Бирлашган Миллатлар Ташкилоти доирасида нишонланадиган муҳим халқаро кунлардан биридир. У ЮНЕСКО томонидан 1966 йили Таълим вазирларининг саводсизликка барҳам бериш бўйича халқаро конференциясида жорий этилган.

Халқаро саводхонлик кунининг мақсади – инсоний қадр-қиммат ва инсон ҳуқуқларининг узвий қисми сифатида саводхонлик башарият учун жуда муҳим эканини мунтазам эслатиб туриш ҳамда янада саводли ва барқарор жамиятлар барпо этиш борасидаги саъй-ҳаракатларни фаоллаштиришдан иборат.

Бу санани нишонлашда ҳукуматлар, халқаро ва минтақавий ташкилотлар, фуқаролик жамияти институтлари, хусусий сектор вакиллари ҳамда ўқитувчилар, ўқувчилар ва таълим соҳаси мутахассислари иштирок этади. Мазкур кунда, шунингдек 2030 йилга қадар мўлжалланган таълим соҳасидаги ривожланиш дастурини амалга ошириш мақсадида саводхонликни тарғиб қилишга кўмак берувчи илғор ғоялар эгаларига мукофотлар берилади.

Ушбу халқаро сана дунё давлатлари томонидан илк бор 1967 йили нишонланган. Шундан буён у ҳар йили “Аёллар учун саводхонликнинг ўрни”, “Саводхонлик шахсий имкониятларни кенгайтиради”, “Саводхонлик ва соғлик”, “Саводхонлик турғун ривожланишни таъминлайди” каби мавзулар бўйича ўтказиб келинмоқда.

Ушбу халқаро сананинг 2020 йилдаги шиори коронавирус пандемияси билан бевосита боғлиқ. Яъни, бу йилги Халқаро саводхонлик куни тадбирлари учун "COVID-19 инқирози шароитида ва ундан кейинги даврда таълим бериш ва савод ўргатиш" мавзуси танланган бўлиб, бунда педагогларнинг роли ва таълим бериш услубларидаги ўзгаришларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бу мавзу саводхонлик муаммосининг турли жиҳатларини, хусусан, инсон умри давомида узлуксиз таълим олишини таъминлаш истиқболларини назарда тутади ва шу боис ёшлар ҳамда катталар учун бирдек аҳамиятлидир. Бугунги кунда юз берган COVID-19 инқирози инсониятга сиёсий мантиқ билан реал ҳаёт ўртасида муайян жарлик, яъни узилиш борлигини шафқатсизларча эслатиб қўйди.

Ушбу жарлик, аслида, коронавирус пандемияси хуружидан олдин ҳам мавжуд эди. Бу муаммо, одатда, саводлилик кўникмасига эга бўлмагани ёки саводхонлиги етарли эмаслиги оқибатида турли қийинчиликларга дуч келаётган ёшлар ва катталарнинг таълим олишига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Шуни ҳам айтиш керакки, пандемияга қадар бўлган даврда турли давлатларда катта ёшли инсонлар ўртасида саводхонликни оширишга доир дастурлар таълим соҳасидаги дастлабки чора-тадбирлар режасига киритилмаган. Оқибатда айни пайтда бу борадаги ишлар деярли тўхтаб қолган. Айрим ҳудудларда саводхонлик машғулотлари масофадан туриб ёки очиқ ҳавода ўтказилмоқда, шунингдек телевидение ва радио каналлари орқали ташкил этилмоқда, холос.

Саводхонликни ошириш, ёшлар ва катталарга таълим ва таҳсил бериш билан бевосита шуғулланаётган мутахассисларга COVID-19 инқирози қандай салбий таъсир кўрсатмоқда? Бу офатнинг оқибатларидан қандай сабоқлар чиқарилди? Глобал ва миллий жавоб чоралари ҳамда тикланиш ва ҳаётга чидамлиликни мустаҳкамлаш бўйича стратегиялар доирасида ёшлар ва катталарга таълим бериш борасида қай тарзда самарадорликка эришиш мумкин?

Бу галги Халқаро саводхонлик куни муносабати билан ана шу долзарб саволлар умумжаҳон миқёсида атрофлича муҳокама қилинмоқда. Ушбу мунозаралар бизга ҳозир ва келгусида пандемияга қарши курашиш учун ёшлар ва катталарни ўқитиш услубларини тубдан такомиллаштиришга хизмат қиладиган инновацион ҳамда самарадор ёндашувларни ишлаб чиқиш имконини беради.

Мазкур халқаро сана, шунингдек педагогларнинг ўрни ва аҳамиятини теран таҳлил қилиш, таълим берувчиларни ва таълим бериш соҳасини қўллаб-қувватлашга қаратилган самарали сиёсий стратегиялар, бошқарув тизимлари, услублари ва чора-тадбирларни татбиқ этишда ҳам алоҳида аҳамият касб этади.

ЮНЕСКО ташаббуси билан ташкил этиладиган виртуал конференцияда пандемиядан кейинги даврда ва БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларининг 4-мақсадига эришиш йўлида ёшлар ва катталарнинг саводхонлигини ошириш ишларини қайта кўриб чиқиш бўйича глобал мунозаралар бўлиб ўтади.

Буларнинг барчаси бежиз эмас. Чунки саводхонликни кенг ёйиш масаласи Барқарор ривожланиш мақсадларининг таркибий қисми бўлиб, “барча учун тўлиқ ва сифатли таълимни таъминлаш, ҳамда узлуксиз ўқиш имкониятини рағбатлантириш”ни кўзда тутади. Барқарор ривожланиш мақсадларининг 4.6-бандида белгиланган вазифа шундан иборатки, 2030 йилга қадар барча ёшлар ва катталарнинг асосий қисми ўқиш ва санаш кўникмаларига эга бўлишлари зарур.

Зеро, инсоният бугунги кунда эришган юксак тараққиёт даражасига қарамай, сайёрамизда камида 773 миллион нафар катта ёшли инсоннинг саводхонлик билан боғлиқ муаммоси мавжудлигидан кўз юмиб бўлмайди. Дунё аҳолиси таркибидаги катта ёшлиларнинг бештадан биттаси ҳалигача саводсиз бўлса, бу кўрсаткич хотин-қизлар орасида янада ташвишли бўлиб, учдан иккитани ташкил этади. Шу билан бирга, 60,7 миллион нафар бола мактабга бормайди.

Буларнинг барчаси инсоният учун ачинарли ҳолдир. Бу факт ва рақамлар, афсуски, пандемия инқирози шароитида янада салбий томонга ортиб бормоқда.

Шу маънода, БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми иштирокчиларига Мурожаатномасида таъкидланганидек, "Бугунги дунёнинг ҳолатини кўп жиҳатдан COVID-19 инқирози белгилаб бермоқда. Пандемия дунё талабаларининг 90 фоиздан ортиғини таълим олишдан узиб қўйди ва оқибатда таълим соҳасидаги шусиз ҳам мавжуд бўлган тенгсизлик янада қалтислашди ҳамда глобал инқироз мураккаб тус олди. Бутун бир авлоднинг келажаги хавф-хатар остида қолмоқда".

Гарчи таълим пандемиянинг яққол қурбони ҳисобланса-да, у узоқ муддатга мўлжалланган тикланиш ва барқарор ривожланишнинг калитига ҳам айланмоқда. Шу муносабат билан БМТ Бош котиби Самарқанд форумининг барча иштирокчиларини ва бутун дунёдаги жами ёшларни "Келажагимизни асраб қолайлик" номли таълим кампаниясига қўшилишга чақирди.

Ўз навбатида, 2020 йил 21 июль куни “Барқарор ривожланиш мақсадлари ва барқарор ижтимоий тараққиёт: COVID-19 асоратларидан кейин самарали тикланиш” мавзуида ўтказилган халқаро онлайн форумда ЮНEСКО Бош директори Одре Азуле таълим мақсадлари учун кўмак бериш яна кучайтирилаётган бўлса-да, бугунги кунда COVID-19 пандемияси бизни бир неча йил ортга қайтариб юбориш таҳдидини юзага келтираётганини қайд этди.

Бинобарин, О.Азуле таъбири билан айтганда, “Пандемиянинг бузғунчи оқибатларига дуч келган эканмиз, таълим эҳтиёжлари учун ёрдам, шубҳасиз, ҳар қачонгидан ҳам кўра муҳимдир. Мамлакатларга пандемияга қарши курашиш учун қўшимча маблағлар керак бўлади ва таълим ҳам кўмак бериш, ҳам миллий миқёсда маблағ ажратиш ҳажмлари нуқтаи назаридан устувор йўналишга айланиши шарт. Бу таълим соҳасидаги Глобал мақсадларимиз — Барқарор ривожланиш мақсадларининг 4-мақсадига эришишдан ортда қолишдан қочишимиз учун керак”.

Академик Акмал Саидов таъкидлаганидек, БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари инсониятни ҳимоя қилиш ва фаровонлигини оширишга қаратилган бўлиб, бу борада якдиллик билан саъй-ҳаракат қилиш учун ўзига хос чақириқ ҳисобланади. Барқарор ривожланиш мақсадларининг 2030 йилгача мўлжалланган Кун тартиби янги дунё ҳақидаги дадил тасаввурдир. Унда ижтимоий ва сиёсий адолатга содиқ қолиш, ижтимоий ва сиёсий ҳисобдорликнинг янгича шаклларини қўллаб-қувватлаш сари имкон қадар кўпроқ интилишлар ўз мужассамини топган.

Бугунги коронавирус инқирози шароитида Барқарор ривожланиш мақсадлари ҳар доимгидан ҳам долзарброқ. Нега деганда, дунё тарихий кўламларга эга бўлган, яъни кейинги 50 йил давомида кузатилмаган энг йирик таҳдид ва инқирозга дуч келиб турибди.

Афсуски, экспертлар қайд этганидек, Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш борасидаги имкониятларимиз йўлига COVID-19 жиддий тўсиқ бўлмоқда. БМТ Бош котиби ҳаққоний таъкидлаганидек, "COVID-19 пандемияси келтириб чиқарган инқирознинг нақадар жиддий экани барча учун тушунарли бўлмоғи керак".

2018 йилда Ўзбекистон ҳукумати томонидан Барқарор ривожланиш соҳасидаги 16 та Миллий мақсад ва шу мақсадлар билан боғлиқ равишда 2030 йилгача бўлган даврга мўлжалланган 127 та вазифа тасдиқланган. Ана шу Миллий мақсад ва вазифаларни имплементация қилиш бўйича "Йўл харитаси" қабул қилинган.

Кейинги тўрт йилда Ўзбекистонда камбағалликка барҳам бериш, аҳоли соғлиғини яхшилаш, хотин-қизларга нисбатан зўравонликка қарши курашиш, экология муаммоларига ечим топиш, гендер тенгликни таъминлаш каби муҳим соҳалар билан бир қаторда узлуксиз таълим масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, 2017 йилда мактабгача таълим муассасаларининг қамрови 17 фоизни ташкил этган бўлса, сўнгги икки йилда бу кўраткич 55 фоизга етди. Соҳада тизимли равишда чора тадбирларни қўллаш бу кўрсаткични яқин вақт ичида 60 фоизга етказиш имконини яратади. Бу йил республикамизда илк бора 6 ёшли болаларни мактабга тайёрлаш тизими жорий этилади.

 “Мактаб - бу ҳаёт-мамот масаласи, келажак масаласи”, дейди Президентимиз. Халқ таълими тизимида таълим сифатига катта эътибор қаратилмоқда. Мактабларда ўқитувчининг мақоми оширилди, ўқитувчиларни таълим жараёнидан ташқари турли фаолиятларга жалб этишнинг олди олинди.

Ўқитувчиларнинг меҳнатига хақ тўлаш тизими қайта кўриб чиқилиб, меҳнатга муносиб маош тўлаш тизими жорий этилди. Юртимизнинг чекка туманларида фаолият юритиб келаётган ўқитувчиларга меҳнатини рағбатлантириш учун 50 фоизгача қўшимча устамалар тўлаш амалиёти татбиқ қилинди.

Янги мактабларни қуриш, мукаммал таъмирлаш, реконструкция қилиш ишлари жадал амалга ошириб келинмоқда. Шунингдек, ўқувчи ёшлар ва уларнинг ота-оналари хоҳиш ва истакларини асосида 11 йиллик мажбурий мактаб таълими қайтадан жорий этилди.

  Олий таълим тизимини такомиллаштириш мақсадида чиқарилган Президент фармон ва қарорлари тизимни ривожлантиришнинг янги босқичини бошлаб берди. Сўнгги тўрт йилда мамлакатимизда 43 та янги олий таълим муассасаси ташкил этилиб, уларнинг сони 121 тага етди.

Жорий йилда олий ўқув юртларига кириш учун бир ярим миллионга яқин ёшларимиз ҳужжат топширди. Бу рақам ўтган йилга нисбатан 40 фоиз кўпдир.

Шундай қилиб, давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, "Халқимизнинг улуғвор қудрати жўш урган ҳозирги замонда Ўзбекистонда янги бир уйғониш – Учинчи Ренессанс даврига пойдевор яратилмоқда".

 

Ғулом Мирзо

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech