Парламентлараро Ассамблея сессиясида Танзила Норбоева нутқ сўзлади

Ўзбекистон парламенти делегацияси Санкт-Петербургда бўлиб ўтган МДҲ Парламентлараро Ассамблеясининг 57-сессиясида иштирок этди.

Сессияда нутқ сўзлаган Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева Ўзбекистон томонидан ишлаб чиқилган ташаббусларни илгари сурди.

Мажлис давомида парламент аъзолари сайлов жараёнларини халқаро кузатиш институтининг демократияни ривожлантиришдаги роли масаласини кўриб чиқди. МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси демократик тамойилларни илгари суриш, парламентаризм ва фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш, халқларимиз ўртасидаги ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутаётгани таъкидланди.

Ассамблеянинг кузатув миссиялари шу пайтгача юздан ортиқ сайлов кампанияларини мониторинг қилишда қатнашди. Уларнинг таркибида Ўзбекистон парламенти аъзолари ҳам фаол иштирок этмоқда.

Иштирокчилар Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан ташкил этилган Сайлов органлари раҳбарларининг маслаҳат кенгаши фаолиятига алоҳида урғу берди.

Мажлисда Ўзбекистон парламент делегацияси аъзолари кўп томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашга кўмаклашадиган, қонун ижодкорлиги ташаббусларини акс эттирадиган ва Ўзбекистон манфаатларига хизмат қиладиган модел қонунлар ҳамда тавсияларни қўллаб-қувватлади.

***

Мазкур сессия доирасида Сенат Раиси Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши Раиси Валентина Матвиенко ҳамда Қозоғистон Республикаси Парламенти Сенати Раиси Маулен Ашимбаев билан учрашди.

В.Матвиенко ҳамда М.Ашимбаев Т.Норбоевани Сенат Раиси лавозимига сайлангани билан табриклаб, келгусидаги фаолиятига муваффақиятлар тилади.

Мулоқот чоғида Ўзбекистон парламенти билан алоқаларни янги мазмун билан бойитиш, олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш, ҳудудий вакиллик органлари ўртасида самарали мулоқотни йўлга қўйиш бўйича зарур чораларни кўришга эътибор қаратилди.

МДҲ давлатлари Парламентлараро Ассамблеяси кун тартибидаги муҳим вазифалар ижроси ҳамда парламентлараро алоқаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Н.Абдураимова, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech