Фармон билан мамлакатимиз тараққиётининг бугунги босқичида соҳани давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг фуқаролик жамияти институтларининг ўрнини оширишга хизмат қиладиган энг муҳим олтита йўналиши белгилаб берилди.
Президент давлат грантлари ва ижтимоий буюртмалари учун муносиб лойиҳаларни танлаб олиш сифати ва шаффофлигини ошириш мақсадида соҳадаги институционал ўзгаришларни қўллаб-қувватлади.
Хусусан, Парламент ҳузурида Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ва унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилиб, ижтимоий лойиҳаларнинг манзиллилиги таъминланади, бюрократияга чек қўйилади.
Фуқаролик жамияти институтларига давлат субсидиялари, грантлари ва ижтимоий буюртмаларини ажратиш билан боғлиқ барча жараёнларнинг шаффофлигини таъминлашга қаратилган ягона электрон платформа ишга туширилади.
Фармонга кўра, ижтимоий шерикликни ривожлантиришга қаратилган қуйидаги механизмлар жорий этилмоқда:
- ҳар йили давлат органлари ижтимоий буюртма танловлари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари вакиллари билан очиқ мулоқот ўтказади;
- давлат органларига фуқаролик жамияти институтларининг ташаббусли ижтимоий шериклик лойиҳаларини БҲМнинг 1 000 бараваригача танловларсиз молиялаштириш ҳуқуқи берилади;
- ҳар йили Ҳукумат ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ижросига фуқаролик жамияти институтларини ижтимоий шериклик асосида жалб қилиш бўйича дастур қабул қилади.
Ижтимоий аҳамиятга молик фаолиятни оммалаштириш мақсадида фуқаролик жамияти институтларига қуйидаги имтиёзлар берилмоқда:
- давлат грантлари ва ижтимоий буюртма лойиҳалари доирасида даромад солиғи ва ижтимоий солиқ ставкалари 3 йил муддатга 50 фоизга камайтирилмоқда;
- 2025 йил 1 январдан бошлаб ногиронлар, фахрийлар, хотин-қизлар ва болалар ташкилотларини рўйхатдан ўтказиш учун ундириладиган давлат божи 2 бараварга камайтирилмоқда;
- ҳомийлик ташкилотларининг ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларга хайрия пулининг солиқ солинмайдиган миқдори амалдаги 15 млн сўмдан 34 млн сўмгача (БҲМнинг 100 баравари) оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот котибининг расмий канали
- Қўшилди: 27.08.2024
- Кўришлар: 895
- Чоп этиш