Президент Шавкат Мирзиёевнинг озод тафаккур ғояси ҳақида

Президентимиз Шавкат Мирзиёев бугун мамлакатимиз ёшлари билан учрашув ўтказди. Ушбу мулоқотни диққат билан кузатиб бордим.

Биз ҳам ёш бўлганмиз. Орзуларимиз, умидларимиз, интилишларимиз бор эди. Лекин ёшлигимизнинг энг гўзал лаҳзаларини мустабид тузумнинг ночорликлари, оғир ҳаёт тарзи, машаққатлари ўғирлаб олди. 

Ёшлигимизнинг куч-ғайрати пахта далаларида қолиб кетди. Мактаб ўқувчилиги давридан бошлаб мажбурий меҳнат қилганмиз. То декабрь ойининг охиригачапахта териш машаққатлари асосан болалар ва ёшлар гарданида эди. 

Мен инсон қадри ер билан яксон қилинган ўша кунларни алам ва изтироб, афсус-надомат билан эслайман.

Нобель мукофоти лауреати Эрнест Хемингуэйнинг “Бой берилган авлод” ибораси бундан юз йил аввал айтилган бўлса-да, ҳануз ўзи мазмун-моҳиятини йўқотмаган. Аслида бой берилган авлод эмас, бой берилган авлодлар деса тўғри бўлади

Энг даҳшатлиси, Ўзбекистонда пахта қуллиги мустақиллик даврида ҳам ҳукм сурди. Мустабид тузумнинг пахта қуллигига мажбуран бўйсундирилган бўлсак, 1991 йилдан 2016 йилгача ихтиёрий қуллик исканжасида яшадик.

Пахта қуллигининг биринчи навбатдаги қурбонлари мактаб ўқувчилари ва олий ўқув юрти талабалари бўлганини ҳисобга олсак, унинг даҳшатли оқибатларини аниқроқ тасаввур қиламиз. 

Мен миллатимни пахта қуллигидан қутилишидан умид узган эдим. Пахта қуллиги мустақил мамлакатнинг мактаб ўқувчисидан тортиб талабасигача ўз домига тортганини кўриб, тақдирга тан берганман.

Қулликнинг фожиаси нимада, деб сўралганда: “Қўлидаги кишанга меҳр қўйишда”, деб жавоб берилган экан.

 Президент Шавкат Мирзиёевнинг қатъий сиёсий иродаси билан Ўзбекистон тарихида илк бор пахта қуллигига барҳам берилди. Тўғрисини айтиш керак – ўшанда бунга ишонмаганлар бўлди. “Орқага қайтилади”, “Пахтани ким теради?”, “Иқтисод ўлади”, деган башоратчилар ҳам топилди.

Президент Шавкат Мирзиёев “Орқага қайтиш” ибораси билан  ҳеч қачон муроса қилмаган. 

Мен Президент Шавкат Мирзиёевнинг миллатимни пахта қуллигидан қутқаришини Америка Қўшма Штатларининг 16-президенти Авраам Линкольннинг инсоният олдидаги тарихий хизматларига тенглаштиргим келди. У 1862 йилда “Озодлик тўғрисидаги прокламация”ни имзолаган эди. Мазкур ҳужжат АҚШда қулликни тугатишга қаратилганлиги билан тарих саҳифаларига муҳрланган.

Авраам Линкольн шундай ёзган эди: “Вақти келиб, менинг номим тарихга ёзиладиган бўлса, фақат шу ишим учун ёзилади. Чунки мен бутун қалбимни шунга бағишлаганман.”

Бутун қалбни бағишлаш нималарда намоён бўлади?
Аввало, халқини яхши кўришда, халқига яхшилик соғинишда, халқини рози қилишда, халқ ишончини оқлашда.

Мажбурий меҳнат нима? Пахта қуллигичи? Жисмоний қуллик, тафаккур қуллиги эмасми?

2016–2025 йиллар оралиғи тарих учун жуда қисқа фурсат. Президент Шавкат Мирзиёев пахта қуллигидан қутқарган авлод тафаккурида нималар юз берди? 

Миллат ўзининг камида икки асрлик тарихида илк бор озод тафаккур билан юзма-юз келди. Озод тафаккурнинг тўлқинлари бутун дунёда акс-садо берди.

Бугун Президент Шавкат Мирзиёев озод тафаккур намояндалари – миллатимиз ёшлари билан учрашди.

Президентимизнинг мана бу фикрлари эьтиборимни ўзига тортди:

Яқин-яқингача умрини пахта даласида ўтказган оддий оила фарзандлари илмда, спортда, бошқа соҳаларда бундай юксак марраларни эгаллашини тасаввур қилиш ҳам қийин эди.

Биз ёшларимиз учун шароит яратдик, улар бундан унумли фойдаланиб, баланд чўққиларни забт этмоқда.

Биринчи ва иккинчи Ренессансни буюк аллома ва мутафаккирларимиз яратган бўлса, бугун тарих навбатни сизларга бермоқда. 

Ишончим комил, сизлар барча соҳаларда мамлакатимиз байроғини баланд кўтаришга қодирсиз. Сизлар Янги Ўзбекистон бунёдкорлари сифатида янги тарих яратадиган олтин авлодсиз!

Бугунги дунёни куч ёки қурол-аслаҳа билан қўрқитиб, енгиб бўлмайди. Жаҳонда тафаккур жанги юз бермоқда. Миллат тафаккурининг асосий тўлқини ёшлар эканлигини ҳисобга оладиган бўлсак, фикримиз янада ойдинлашади.

Демак, Президент Шавкат Мирзиёев тафаккур озодлиги нима эканлигини олдиндан кўра олган. Тафаккури тушовланган авлод фожиаларини ўз қалбидан ўтказган.

Озод тафаккурли авлод ғалабали юришларини кўп кутдиргани йўқ. Миллат бугун озод тафаккур мўъжизалари билан юзма-юз келди. Мана бу мисолларни бир идрок қилинг, инсофни ўртага қўйиб таҳлил этинг. Бу миллатга берилган озод тафаккурнинг маҳсули эмасми? 

Ўзбекистон ёшлари топ-500 талик олийгоҳларга кириш бўйича Марказий Осиёда 1-ўринни эгаллади. 

Билимли ёшларимиз илк бор топ-5 таликдаги олийгоҳларга кириб, тарихий натижа қайд этди.

Бугунги кунда 30 нафар ёшларимиз дунёнинг топ-10 талик олийгоҳида, 500 нафари топ-100 ва 1 минг 500 нафари топ-300 дан жой олган нуфузли университетларда таҳсил олмоқда.

Озод тафаккур натижасини бугунги Европа, Америка, Япония мисолида ҳам кўрамиз. Миллат қалбидаги қўрқув олиб ташланди. Фикрлаш имконияти берилди. Яшаш даражаси яхшиланди. Турмуш маданияти ошди. Озод тафаккур яшаб қолиши учун юқоридаги талаблар ҳам жуда муҳим эди.

Озод тафаккурли Ўзбекистон ёшлари нафақат спортда, балки илм-фан борасида ҳам дунёни ўйлашга, ҳисоб-китоб қилишга мажбур қиляпти.

Озод тафаккурнинг талаблари, истаклари кўп. Озод тафаккурни бериш ва қабул қилишнинг ўзи ҳам улкан жасорат.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг озод тафаккур борасидаги заҳматлари, орзулари ва интилишлари халқаро миқёсда ҳам тан олинаётгани, эътироф этилаётгани ҳар биримизга фахр ва ифтихор бағишлайди:

Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилоти “Ёшлар – 2030” стратегиясини жадал амалга ошираётган 10 та давлат қаторига кирди. 

Ёшлар тараққиёт индексида мамлакатимиз ёшлар сиёсати соҳасида энг тез суръатлар билан ривожланаётган давлат, деб топилди. 

Бухоро шаҳри Туркий дунё ёшлари пойтахти, Тошкент шаҳри Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ёшлари пойтахти мақомини олди”.

Мен бугунги Президент ва ёшлар учрашувида озод тафаккур нима эканлиги билан юзма-юз келдим. 

Озод тафаккурнинг қудратини, кучини тасаввур қилдим. 

Бу бошланиши. 

Ўзбекистоннинг озод тафаккурли ёшлари бутун дунёни лол қолдиришига ишонаман. 

Озод тафаккур бу тараққиёт, бу тинчлик, бу мустақилликдир.

Рустам ХОЛМУРОДОВ,

Самарқанд давлат университети ректори,

Ўзбекистон Республикаси фан арбоби,

Олий Мажлис Сенати аъзоси.

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech