Ёшлар ҳуқуқлари бўйича ягона халқаро конвенция қабул қилиниши бугун ҳар қачонгидан ҳам муҳим

"Ёшлар ҳуқуқлари бўйича ягона халқаро конвенция қабул қилиниши бугун ҳар қачонгидан ҳам зарур ва муҳим аҳамият касб этмоқда". Бу эътироф "Ёшлар 2020: глобал ҳамжиҳатлик, барқарор тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари” мавзусида бўлиб ўтаётган Самарқанд веб-форумида янгради.

Инсон ҳуқуқлари бўйича икки кунлик (жорий йил 12-13 август) форумда навқирон инсонларнинг демократик жараёнларда фаол иштирок этиши зарурлиги ҳақида атрофлича фикрлар билдирилмоқда. Бошқа бир қатор ҳуқуқлар каби ушбу қоида ҳам форум давомида нуфузли экспертлар ҳамжамияти муҳокама қилаётган Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциянинг лойиҳаси матнида мустаҳкамланган.

"Катта авлод вакиллари ёшларни жамият ҳаётининг барча соҳаларига, умуман, жамиятга кенг жалб этишлари керак", деб ҳисоблайди Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Парламент Ассамблеяси президенти Георгий Церетели.

У Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд веб-форумининг 12 августда бўлиб ўтган очилиш маросимидаги чиқишида таъкидлаганидек, "Аксарият миллий парламентларда ёшлар етарлича вакилларига эга эмас ва бу ҳолатнинг оқибати ЕХҲТ Парламент Ассамблеяси таркибида ҳам ўз аксини топган".

"Буни тан олган ҳолда, бизнинг Ассамблея ёшлар сиёсий мулоқотини ривожлантириш мақсадида мавжуд салоҳиятларни ошириш ва илғор тажриба алмашиш йўли билан халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга эътиборни кучайтирмоқда. Жорий йилнинг бошида биз ЕХҲТ Парламент Ассамблеясининг барча восита ва ресурсларини тақдим этиш билан шуғулланадиган ёш парламент аъзолари тармоғини туздик ва мақсадимиз ана шу навқирон етакчиларга ўз салоҳиятини тўла намоён этишларига кўмаклашишдир", деди Г.Церетели.

Шунингдек, у ёшлар ҳуқуқларига бағишланган Самарқанд форуми ташкилотчилари ушбу лойиҳани пандемия даврида ҳаётга татбиқ эта олганлари жуда муҳим эканини алоҳида эътироф этди.

Самарқанд форумини "COVID-19 пандемияси оқибатида бутун дунёдаги шаҳарлар ва инсонларнинг соғлиғи ва иқтисодиёти жиддий хатарга дучор бўлиб турган шундай мураккаб даврда" ташкил этиш ва ўтказишга муваффақ бўлинганини Осиё Парламент Ассамблеяси Бош котиби Муҳаммад Ризо Мажидий ҳам ўз мурожаатида юқори баҳолади.

"Бугунги анжуманимиз кун тартибидаги асосий масала инсон ҳуқуқлари, хусусан, ёшлар ҳуқуқларига алоҳида бағишланган", деди Осиё Парламент Ассамблеяси Бош котиби. Унинг фикрича,  бунда "15 ёшдан - 25 ёшгача бўлган навқирон инсонлар ер юзи аҳолисининг қарийб 50 фоизини ташкил қилиши" атта аҳамият касб этади.

"Ёшлар - ҳар қандай демократиянинг келажагидир. Бугунги ёшлар - эртанги куннинг етакчилари ва шу муҳим омилнинг ўзи ҳам умумбашарий муаммоларни ҳал этиш йўлида янги ғоялар туғилиши учун асос бўлиши мумкин", деб ҳисоблайди Муҳаммад Ризо Мажидий. Шу муносабат билан у БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида "Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш"га доир ташаббусни илгари сургани учун Ўзбекистон Президентига миннатдорчилик билдирди.

Осиё Парламент Ассамблеяси раҳбарининг фикрича, "ҳеч шубҳасиз, бу узоқ кутилган ташаббус бўлиб, Ёшлар ҳуқуқлари бўйича ягона халқаро конвенция қабул қилиниши бугун ҳар қачонгидан ҳам зарур ва муҳим аҳамият касб этмоқда".

"Конвенция муқаддимасида қайд этилганидек, барча мамлакатларда ёшлар ривожланиш мақсадлари учун зарур бўлган асосий одам ресурсларидан бири эканлиги ва ижтимоий ўзгаришлар, иқтисодий ривожланиш ҳамда техника тараққиётининг асосий иштирокчилари ҳисобланиши тан олинган. Ҳақиқатан ҳам, том маънодаги инклюзив жамият ёшларнинг ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий тараққиёт жараёнларида иштирок этишлари учун зарур шароитларни яратиши лозим. Акс ҳолда, рақамлаштириш даврининг салбий таъсири юзага чиқади, хусусан, замонавий технологияларнинг жадал ривожланиши туфайли ҳаёт тарзи, иш ўринлари, таълим, истак ва имкониятлар тезкор ўзгаришларга юз тутади, шу билан бирга, ёшлар орасида глобал ишсизлик ортиб боради", дейди Осиё Парламент Ассамблеяси раҳбари.

Унинг қайд этишича, "ёшларнинг шиддат-шижоатини муайян фаолиятга йўналтириш ғоятда муҳим бўлиб, бу сезиларли фойда келтириши ва 2030 йилгача бўлган даврга мўлжалланган Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш ва бошқа стратегияларни амалга оширишда қўл келиши мумкин. Келгуси муваффақиятлар навқирон авлоднинг миллий, минтақавий ва глобал даражаларда қанчалик жалб этилишига боғлиқдир".

Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасида нақадар фаол иш олиб бораётганига Самарқанд форуми яққол мисол бўла олади, деб таъкидлади МДҲ Ижроия қўмитаси раиси – Ижрочи котиби Сергей Лебедев.

"Барчамиз яхши биламизки, ёшлар - бизнинг келажагимиз. Аммо, улар фақат келажагимизгина эмас. Биз навқирон инсонларнинг тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, иқтисодий ва ижтимоий ривожланиш, инсонпарварлик фаолияти соҳаларидаги муҳим ҳамда ижобий ҳиссаларини муносиб даражада эътироф этамиз", деб қайд этди С.Лебедев.

Қизғин мунозаралар руҳида ўтаётган Самарқанд форумининг асосий миллий ташкилотчиси Ўзбекистон Ҳукумати ҳисобланади. Халқаро анжуманни ўтказиш масъулияти Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига юкланган.

Форум БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси ҳамда ушбу Бошқарманинг Марказий Осиё бўйича минтақавий бўлими, БМТ Тараққиёт дастури, Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократия ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси, Фридрих Эберт фонди каби бир қатор халқаро шериклар билан ҳамкорликда ўтказилмоқда.

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech