Ҳар тунинг қадр ўлубон, ҳар кунинг ўлсин Наврўз, – Мир Алишер Навоий бобомиз таъбири билан айтилган ушбу жумлалар неча асрлар ўтса-да, давр танламай, инсоният умрининг энг улуғ тунлари ва энг гўзал кунлари ҳақида экани билан диллардан-дилларга тарбия ва ҳикмат бўлиб ўтиб келмоқда.
Дарҳақиқат, янги кун саналмиш Наврўз моҳияти, унинг қалб ва руҳиятга таъсирини меҳнаткаш халқимиз ҳамиша эҳтиром ила англайди ва ҳикмат санайди.
Шу боис ҳар йили ушбу кунни мазмунан шукуҳли ўтказиш, жойларда аҳоли ўртасида янги кун кайфиятига муносиб тадбирлар, Наврўз сайилларини ташкил этиш бўйича вазифаларни ўзида жамлаган муҳим ҳужжат имзоланади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 21 февралда қабул қилинган “2025 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида“ги қарорида ҳам халқимиз анъана ва урф-одатларига чин маънодаги эҳтиром сифатида муҳим вазифалар белгиланди.

Наврўз умумхалқ байрамига бағишланган барча тадбирларини миллий қадрият ва анъаналаримизга мос ҳолда, юксак даражада ташкил этиш, уларда юртдошларимизнинг фаол иштирокини таъминлаш мақсадида қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратилади:
байрам тадбирларини борлиқнинг уйғониши, инсон ва табиат ўртасидаги уйғунлик, она заминга меҳр ва эътиборни ифода этадиган, юртдошларимизни бугунги тинч ва осуда ҳаётимизни қадрлаб, шукроналик туйғуси билан яшашга ундайдиган таъсирчан мазмун ва шакл билан ўтказиш;
мамлакатимизда амалга оширилаётган туб демократик ислоҳотлар, халқимизнинг кундалик ҳаёти, онги ва дунёқарашида юз бераётган ижобий ўзгаришлар Наврўзнинг инсонпарварлик ва инклюзивлик моҳиятига, азалий қадрият ва анъаналарига ҳамоҳанг эканини акс эттириш каби мақсадлар шулар жумласидандир.
– Президентимизнинг “2025 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида“ги қарори, энг аввало, халқ вакили сифатида бизда фаровон кунларнинг қадрини англашга ундаса, иккинчи жиҳатдан элимизнинг байрамни муносиб кутиб олишида барчамизга масъулият ҳам юклайди, – дейди Навоий инновациялар университети ёшлар масалалари ва маънавий маърифий ишлар бўйича биринчи проректори Алижон Эргашев. – Бу йилги Наврўз умумхалқ байрами мамлакатимизда “Қадриятларинг боқий бўлсин, Наврўз!” деган бош ғоя асосида умумхалқ сайиллари шаклида юқори савияда кенг нишонланиши белгиланди. Бир қанча вақт Навоий шаҳридаги Тараққиёт маҳалласи раиси сифатида фаолият юритган давримда эслайманки, ҳудудимиз аҳолиси Наврўз айёми яқинлашиши билан, аввало, атроф-муҳитни ободонлаштириш масаласида ташаббусларини билдира бошлар, шукуҳли байрамга муносиб шароитлар яратишга иштиёқини намойиш этар эди. Айниқса, бундай кунларда кексалар ва эҳтиёжмандлар ҳолидан хабар олиш каби эзгу ишлар қаршисида “лаббай“, деб тараддудланар эди.
Президентимиз қарорида назарда тутилган миллий қадриятларга мос тарзда янги кун айёмини кутиб олишга киришиш қонимизга сингиб кетган эзгу амаллардандир. Бугунги кунда Навоий инновациялар университетидаги вазифам жиҳатидан эса айни Наврўз айёми арафасида ёшларимизнинг қалбига улуғ қадриятлар моҳиятини сингдириш, аждодларимизга хос маънавий тарбиянинг аҳамиятини тушунтириб бориш, маърифий тадбирларда Ватанга садоқат тушунчаларни сингдиришни мақсад қилганмиз.
– Президентимизнинг қарорида бу йилги Наврўз байрами муқаддас Рамазон ойида нишонланиши инобатга олиниб, кекса авлод вакиллари, хусусан, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фронти фахрийларини ҳар томонлама эъзозлаш, “Меҳрибонлик”, “Саховат” ва “Мурувват” уйларида яшаётган шахслар, ижтимоий ҳимоя дафтарларига киритилган ва кўмакка муҳтож инсонларнинг ҳолидан хабар олиш, улар учун байрам дастурхони ёзиш, турли хайрия тадбирларини ўтказиш назарда тутилгани юртимизда инсон қадрининг аҳамиятини янада намоён этмоқда, – дейди Тошкент шаҳри Янгиҳаёт тумани Чароғон маҳалласи фаоли Анвар бобо Ҳусниддинов. – Меҳрга муҳтож қария ва ногиронларнинг кўнглини кўтариш масаласи аслида ҳар куни юртимизнинг турли ҳудудларида давом этаётган эзгу ишлардан бири бўлиб келмоқда. Рамазон ойида, Наврўз айёми арафасида уларнинг алоҳида ёдга олиниши эса ҳаммасидан аҳамиятлидир.
Инсоннинг моддий эҳтиёжини таъминлаш бир савоб бўлса, унинг кўнглини шод этиш минг савобга дахлдор. Қарорда шунингдек, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасида белгиланган тадбирларни амалга ошириш, байрам арафасида барча ҳудудлар, кўча, маҳалла, туман ва шаҳарларда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш акцияларини, умумхалқ ҳашарларини ўтказиш, жамиятимизда ҳукм сураётган миллатлараро дўстлик ва тотувлик муҳитини мустаҳкамлаш мақсадида юртимизда яшаётган турли миллат ва элатлар вакилларининг миллий урф-одатлари, анъана ва қадриятларини кенг намойиш қилиш, байрам тадбирлари давомида ҳунармандчилик кўргазмалари, миллий спорт турлари бўйича мусобақалар ўтказиш каби вазифалар ҳам белгиланганига кўзим тушди. Бундан қувондим, чунки маҳалламизнинг бугунги қиёфаси байрамона касб этиб, ободонлашди. Аҳолиси орасида ўзига хос ҳунармандлар, илмсевар инсонлар кўплиги боис, ибратли маҳаллалардаги бирига айландик. Энди биз каби маҳалла нуронийларининг гарданига шу юртга, фаровонликка шукроналар айтиш, дуолар қилиб ёш авлодларимизни садоқатга ундаш каби эзгу амаллар турганидан мамнунмиз.
Абдулазиз РУСТАМОВ, ЎзА
- Қўшилди: 24.02.2025
- Кўришлар: 1724
- Чоп этиш