Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) томонидан 2024 йилнинг биринчи ярим йиллигида қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва олдини олиш юзасидан амалга оширилган ишлар ҳақида Омбудсман ахборот хизмати раҳбари Фотима Мадраҳимова маълумот берди:
– Омбудсман ва Жамоатчилик гуруҳлари томонидан ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга 452 маротаба мониторинг ташрифлари амалга оширилди. 2023 йилнинг 6 ойида ушбу кўрсаткич 348 тани ташкил этган эди.
Мониторинг ташрифларнинг 56 таси жазони ижро этиш колонияси, 71 таси тергов ҳибсхонаси, 93 таси вақтинча сақлаш ҳибсхоналари, 28 таси Махсус қабулхона, 17 таси реабилитация қилиш марказлари, 23 таси наркология илмий-амалий тиббиёт марказининг филиаллари, 28 таси руҳий-асаб касалликлари шифохоналари, 36 таси “Саховат” ва “Мурувват” уйлари, 61 таси мастлик ҳолатидагиларга тиббий ёрдам кўрсатиш пунктлари ва 8 таси туман (шаҳар) ички ишлар бўлимларида ўтказилди.
Мониторинг ташрифлари давомида 3 мингга яқин маҳкум ва маҳбуслар билан жамоавий ҳамда 1 минг 585 минг нафар шахс билан якка тартибда суҳбат ўтказилди.
Ташрифларда ушбу муассасаларда сақланаётган шахсларнинг яшаш, овқатланиш, меҳнат қилиш шароитлари ҳамда тиббий ёрдам кўрсатиш ҳолати ва сифати, сақланаётган шахслар учун олиб борилаётган маънавий-маърифий ишлар ҳамда санитария-гигиена талабларига риоя этилаётгани каби ҳолатлар ўрганилди.
Омбудсман ва унинг ҳузуридаги Жамоатчилик гуруҳлари томонидан ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга амалга оширилган мониторинг ташрифлари давомида ҳанузгача бир қатор салбий ҳолатлар ва тизимли камчиликлар сақланиб қолаётгани аниқланди. Ушбу камчиликлар юзасидан 6 ойда Омбудсман мутасадди ва тегишли вазирлик ва идораларга 5 талабнома, 5 тақдимнома, 8 хулоса ва 2 таҳлилий ахборот киритди.
Олий Мажлис палаталарига 4 таҳлилий маълумот тақдим этилди. Киритилган таъсир чораларини кўриб чиқиш натижасига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси Тахиатош туманидаги эскирган, беморларни сақлаш ва даволашда антисанитар ҳолатга келган Наркология диспансери Нукус туманида жойлашган бўш бинога кўчирилди ва беморларга қулай шароитлар яратилди.
Мониторинг ташрифларида аниқланган камчиликларни бўйича ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган ёпиқ муассасаларда ишловчи 50 нафар ходимга ҳайфсан берилди, 2 нафар ходим маъмурий жавобгарликка тортилди, 3 нафар ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинди.
Омбудсман тавсиясига кўра, Жиззах шаҳар ҳамда Дўстлик туманидаги, Тошкент вилояти Чиноз туманидаги вақтинча сақлаш ҳибсхоналари капитал, Самарқанд вилоятидаги жорий таъмирланди.
Нурафшон шаҳар ва Тошкент туманидаги вақтинча сақлаш ҳисбхоналаридаги таъмирталаб ҳолатга келган камера ва сайр қилиш майдони тўлиқ таъмирланди.
Навоийдаги 36-сон манзил-колониясидаги маҳкумларнинг умумий сони учун кичиклик қиладиган ошхона ўрнига 300 ўринга мўлжалланган барча қулайликларга эга бўлган ошхона қурилиб, фойдаланишга топширилди. Бухородаги 4-сон тергов ҳибсхонасида хўжалик ишларига жалб қилинган маҳкумлар учун яқин қариндошлари билан учрашув хоналари қурилмоқда.
Омбудсманнинг минтақавий вакиллари томонидан ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга амалга оширилган мониторинг ташрифлари давомида жойлардаги мутасадди органлар ва ташкилотларнинг вакиллари билан ҳамкорликда тиббий кўрик, сайёр қабуллар ҳамда бошқа маърифий тадбирлар амалга оширилмоқда.
Омбудсманнинг Навоий ва Наманган вилоятларидаги минтақавий вакиллари ва вилоятлардаги “Ҳунарманд” уюшмаси билан биргаликда ушбу ҳудудлардаги жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган маҳкумлар касб-ҳунарга ўргатилмоқда. 2024 йилнинг 1-ярим йиллигида 800 нафардан ортиқ маҳкум касбга ўргатилиб, уларга сертификатлар берилди.
Ҳисобот даврида Омбудсманга ҳаракатланиш эркинлиги чекланган ёпиқ муассасаларда сақланаётган шахслар ҳамда уларнинг яқин қариндошлари ва ҳимоячилари (адвокатлари) томонидан 1 минг 271 мурожаат келиб тушди. Бу кўрсаткич 2023 йилнинг шу даврига нисбатан 16 фоизга камайган.
Мурожаатларда суд ҳукми, суриштирув ва дастлабки тергов ҳаракатларидан норозилик, суд ҳукмини енгиллаштириш, муддатидан олдин озод этиш ва (ёки) афв этиш, руҳий, психологик, жисмоний босим ўтказилгани ёки бошқача тарзда босим ўтказилгани, Омбудсман билан учрашув, бошқа муассасага ўтказиш, оила аъзоларига кўмак бериш, тиббий ёрдам кўрсатиш, суд мажлисида Омбудсман котибияти ходимининг иштироки ва бошқа масалалар кўтарилган.
Мурожаатларни кўриб чиқиш натижаларига кўра, 24 нафар жазо муддатини ўтаётган шахс махсус тиббий кўрикдан ўтказилиб, уларнинг 13 нафари даволаниш учун касалхоналарга жойлаштирилди. 7 нафар маҳкумга жазо муддатининг ўталмай қолган қисмини енгилроғига алмаштиришида ёки муддатидан илгари шартли озод этилишида, 5 нафарига амалдаги интизомий таъсир чорасини муддатидан аввал рағбатлантириш тариқасида ечилишида амалий ёрдам кўрсатилди. 2 нафар маҳкум яшаш жойига яқин бўлган жазони ижро этиш муассасаларига ўтказилган.
Манзил-колонияларда жазо муддатини ўтаётган маҳкумларнинг 6 нафар вояга етмаган фарзандларига бола нафақаси пули олишда ва 5 нафар маҳкумнинг оила аъзоларига жойлардаги маҳаллий ҳокимликлар кўмагида моддий ёрдам ажратилишига эришилди.
Омбудсман номига 2024 йил биринчи ярим йиллигида ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда сақланаётган шахсларга нисбатан руҳий, психологик, жисмоний ёки бошқача тарзда босим ўтказилгани юзасидан 95 та шикоят келиб тушди. Бу кўрсаткич 2023 йилнинг шу даврида 125 тани ташкил этган.
Шикоятларнинг 8 таси юзасидан жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ҳақида қабул қилинган қарорлар Омбудсман мурожаатига асосан юқори турувчи прокурорлар томонидан бекор қилиниб, қўшимча терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилиши белгиланган. 35 таси эса ўтказилган хизмат текширувлари ҳамда прокуратура органлари томонидан олиб борилган терговга қадар текширув якунларига кўра ўз тасдиғини топмади.
Омбудсманнинг назорат хатига кўра, бир ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилган. 52 шикоят юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом этмоқда.
Н.Абдураимова,
ЎзА
- Қўшилди: 23.07.2024
- Кўришлар: 1267
- Чоп этиш