Қийноққа солишнинг олдини олишга қаратилган қонун лойиҳаси масъул қўмитага қайтарилди

Мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини янада кучайтириш, жумладан, қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларига мутлақо йўл қўймаслик мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Эндиликда жиноят ишини юритиш чоғида шахсни қийноққа солиш ҳолатларининг олдини олишга қаратилган қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида иккинчи ўқишда кўриб чиқилган мазкур қонун лойиҳаси билан “Жиноят ишини юритиш чоғида қамоқда сақлаш тўғрисида”ги қонунга тегишли қўшимчалар киритиш орқали шахсни тергов ҳибсхонасига жойлаштиришдан олдин уни тергов ҳибсхонасининг ўзида мажбурий тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби белгиланмоқда. Тиббий кўрик давомида шахснинг танасида жароҳат ва шикастланишлар аниқланган тақдирда зудлик билан прокурорга хабар берилиши тартиби ўрнатилмоқда.

Муҳокамаларда қонун лойиҳаси бўйича бир қатор савол ва эътирозлар билдирилди, ташаббускорларнинг жавоблари эшитилди. Қизғин муҳокамалардан сўнг айрим атамаларга аниқлик киритиш мақсадида қонун лойиҳаси масъул қўмитага қайтарилди.  

М.Комилова, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech