Бугун Ўзбекистондаги ўқувчи ва талабалар илм даргоҳида янги ўқув йилини бошлар экан, БМТнинг болалар жамғармаси (ЮНИСEФ) Ўзбекистон ҳукуматини изчил, дадил ва шижоатли инклюзив таълим дастурини олқишлайди.
Шу билан бирга, кенг жамоатчиликни, ота-оналар ва ўқитувчиларни мактабларни барча болалар учун инклюзив ва хавфсиз қилишга чақиради. Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан тасдиқланган 2020-2025 йилларда халқ таълими тизимида инклюзив таълимни ривожлантириш концепциясига мувофиқ, бугунги кунда мамлакат бўйлаб 530 дан ортиқ мактабда 1195 нафар ногиронлиги бўлган болалар учун эшиклар очилди.
– Ҳукумат намунали, дадил ва қатъиятли саъй-ҳаракатларни намойиш этиб, мамлакат бўйлаб хавфсиз ва инклюзив таълим учун пойдевор яратмоқда, – деди ЮНИСEФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Реҳина Кастижио. – Бироқ эҳтиёжлар кун сайин ортиб бормоқда. Ўсиб бораётган талабни қондириш учун барчамиз тезкор ва қатъиятли бўлишимиз керак. 2024-2025 ўқув йилида 6,5 миллион нафардан зиёд ўқувчи ва 525 минг нафар ўқитувчи ёзги таътилдан сўнг мамлакат бўйлаб 1018 та мактабга қайтади. Жумладан, 670 минг нафар бола биринчи синфга келади. Бу уларнинг мактабга тайёрлигини ва ўқув муҳитига мослашувини таъминлаш учун алоҳида эътибор ва қўллаб-қувватлашни талаб қиладиган муҳим воқеадир.
Фактлар ва амалиёт шуни кўрсатадики, инклюзив таълимни жорий этиш таълимнинг умумий сифатини оширишнинг асосий омили ҳисобланади. Инклюзив таълим ўқув дастурига эмас, болаларга йўналтирилган бўлиб, у ҳар бир боланинг, хусусан, ногиронлиги бўлган болаларнинг эҳтиёжларини қондирадиган педагогикага асосланган. Бу уларнинг яхши натижаларга эришиш имконини кенгайтиради.
Масалан, қўшимча таълим эҳтиёжларига эга бўлган болаларнинг 98 фоизи оддий мактабларда ўқиши сабабли Португалия дунёдаги ўттизта энг яхши таълим тизимига эга мамлакатлар қаторига киради.
Далиллар шуни кўрсатадики, таълимнинг универсал дизайни ва шахсийлаштириш, рақамли технологиялар ва ёрдамчи қурилмалар орқали ўрганишдаги тўсиқларни бартараф этиш ҳар бир боланинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлайди.
Бундан ташқари, инклюзив ва хавфсиз мактаблар мансублик ва ҳурмат туйғусини тарғиб қилиб, хилма-хиллик, ҳамкорлик ва жамоавий ишга рағбатлантиради ҳамда ўқувчилар ўртасида ҳамкорлик ва тушунишни ривожлантиради. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, ногиронлиги бўлган болаларда ўқиш ва математика кўникмалари кучли ривожланади. Уларнинг давомат кўрсаткичлари юқори бўлиб, хулқ-атвори билан боғлиқ муаммолар кам ва ўрта мактабни битириш эҳтимоли кўпроқ бўлади.
ЮНИСEФ Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги билан ҳамкорликда «Инклюзив таълим йўл харитаси»ни ишлаб чиқмоқда. Уни амалга ошириш жорий ўқув йилидан бошланади. Ушбу йўл харитаси ногиронлиги бўлган болалар учун таълим олиш имкониятини кенгайтириш ва мамлакат бўйлаб юқори сифатли инклюзив мактаблар моделларини яратиш бўйича аниқ саъй-ҳаракатларни белгилаб беради.
– Ҳозирда болалар мактабга қайтар эканлар, хавфсиз ва инклюзив мактабларга эътибор қаратилаётганидан мамнунмиз, – деди Кастижио хоним. – Бироқ мактабларни хавфсиз ва инклюзив қилиш ишига барча ўз ҳиссасини қўшиши керак. Оилалар ўз фарзандларини инклюзив мактабларга олиб келишлари, ўқитувчилар ва мактаблар болаларни ўқитиш, қабул қилиш ва ўз ичига олишга тайёр бўлиши, маҳалла фаоллари эса ҳамжамиятда ногиронлиги бўлган болаларга нисбатан стигма ва камситиш ҳолатларига барҳам беришга ундашлари зарур.
Б.Худойбердиев, ЎзА
- Қўшилди: 05.09.2024
- Кўришлар: 881
- Чоп этиш