Сайлов - 2024
Хабарингиз бор, Марказий сайлов комиссияси томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари Кенгашлари депутатларининг ваколат муддати 2024 йил тугашини инобатга олиб, жорий йил 27 октябрда сайлов ўтказилиши ва сайлов кампанияси 26 июлдан бошланиши ҳақида қарор қабул қилинган.
Таъкидлаш жоиз, мазкур сайлов Қомусимизда белгилаб берилган мутлақо янги ижтимоий-сиёсий муҳитда ўтказиляпти.
Умуман, сўнгги йилларда Янги Ўзбекистон шароитида ҳар бир соҳа, хусусан сайловни ташкил этиш ва ўтказиш жараёнида ҳам улкан ўзгариш, янгиланиш юз беряпти.
Янги таҳрирдаги Конституцияда,“Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент фармонида, “Ўзбекистон-2030” стратегиясида, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгариш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги конституциявий қонун ва бошқа муҳим ҳужжатларда сайлов тизими билан боғлиқ зарур қоидалар мустаҳкамланди, айни йўналишда тегишли мақсад ва вазифалар белгилаб берилди.
Конституцияинг 128-моддасида фуқаролар давлат ҳокимияти вакиллик идораларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эгалиги, ҳар бир сайловчи бир овозга эгалиги ҳамда овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш-иродасини билдириш тенглиги ва эркинлиги қонун билан кафолатланиши аниқ, тиниқ мустаҳкамлаб қўйилди.
2019 йил Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайловда фуқароларимиз сайловчи сифатида иштирок этиб, янги тартиб-қоидалар асосида овоз берди.
Биринчидан, сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати мамлакат миқёсида қўлланди. Мазкур рўйхатга сайлов ҳуқуқига эга 20,5 миллиондан зиёд фуқарога оид маълумот киритилди. Иккинчидан, Ўзбекистон Республикаси МСК расмий веб-сайти орқали сайловчига тегишли маълумот билан танишиш имкони яратилди. Учинчидан, ижтимоий хавфи юқори бўлмаган ва енгилроқ жиноят содир этган 4 308 нафар шахс сайловчилар рўйхатига киритилди ва овоз бериш жараёнида қатнашди. Тўртинчидан, Қонунчилик палатасининг 150 нафар депутатидан иборат таркиби тўлақонли умумхалқ сайловида тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан сайланди. Илгари Қонунчилик палатасининг 15 депутати Ўзбекистон Экологик ҳаракати юқори органида ўз вакиллари орасидан сайланар эди.
Ривожланган давлатларда сиёсий партиялар позицияси, ғоя ва мақсадларига қараб овоз бериш тенденцияси йил сайин кучайиб бориши кузатилмоқда. Шу маънода давлатимиз раҳбари томонидан парламент сайловида мажоритар тизимдан аралаш – мажоритар-пропорционал тизимига ўтиш масаласи таклиф этилгани бежиз эмас.
Таъкидлаш лозим, 2023 йил 18 декабрда киритилган ўзгариш ва қўшимчалардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 70-моддасида сиёсий партиялар учун депутатликка номзод кўрсатиш тартиби белгилаб қўйилган. Яъни, бир мандатли сайлов округи бўйича депутатликка 75 нафар – ҳар бир сайлов округидан бир номзод, партия рўйхати бўйича 75 нафардан кам бўлмаган, юз нафардан кўп бўлмаган депутатликка номзод кўрсатиш ваколати берилган.
Умуман, халқаро тажрибада сайлов тизимининг мажоритар, пропорционал ва аралаш турлари мавжуд.
Мажоритар сайлов тизимида сайловчи тегишли округ бўйича номзоди кўрсатилган аниқ бир шахсга овоз беради, кўпчилик овоз олган номзод сайланган ҳисобланади.
Пропорционал сайлов тизимида сайловчи муайян шахсга эмас, балки номзодлар рўйхати олдиндан шакллантириладиган партияга овоз беради. Яъни мазкур тизимда сайловчи сиёсий партия учун овоз беради.
Аралаш сайлов тизими эса мажоритар ва пропорционал тизим йиғиндиси ҳисобланади. Бунда мандатларнинг бир қисми пропорционал, бошқа қисми мажоритар тизим орқали тақсимланади.
Эндиликда Қонунчилик палатасининг 150 нафар депутатидан 75 нафари бир мандатли ҳудудий округлар бўйича сайланса, қолган ярми сиёсий партиялар рўйхати асосида сайланадиган бўлди. Мазкур ўзгариш сиёсий партиялар ўртасида соғлом рақобатни кучайтириш асносида фуқароларнинг сиёсий жараёндаги иштироки кенгайишига хизмат қилади. Сиёсий партияларнинг ўз сайловчилари олдидаги масъулияти ва ҳисобдорлигини кучайтиради.
Сайловнинг ўзига хос жиҳатларидан яна бири сиёсий партиялар роли ортгани ва фуқаролар учун ўз хоҳиш-иродасини изҳор этиш имкони яратилганидир. Ўз навбатида, депутатлик мандатига кимлар номзодини таклиф этиши, депутатни сайлашда сайловчиларнинг қай миқдордаги овози зарурлиги, номзод таклиф этган сиёсий партиялар орасида депутатлик мандати қандай тақсимланиши, сайловни ташкил қилиш тартиби ва натижани аниқлашнинг қонунийлиги кафолати таъминланади.
Ўзбекистондаги сайлов жараёнида мажоритар сайлов тизими ҳам муҳим аҳамият касб этади. Кўпчилик овоз олган номзод сайланган ҳисобланадиган мазкур тизимда бир неча овоз бериш усули бор.
Мутлақ ёки нисбий кўпчилик овоз бериш усули нима?
Жаҳон тажрибасида мажоритар сайлов тизимининг уч тури мавжуд: мутлақ, нисбий ва малакали кўпчилик.
Биринчи ҳолатда мутлақ кўпчилик овоз тўплаган номзод сайланади – 50+1 фоиз овоз мутлақн ҳисобланади. Иккинчи ҳолатда рақибларига нисбатан кўп, яъни нисбий кўпчилик овоз олган номзод ғолиб, деб топилади. Учинчи ҳолатда ғолиб олдиндан белгиланган – малакали кўпчилик овозни тўплаши керак, ярмидан кўп овоз – 2/3, 3/4 ва ҳоказо.
Мутлақ кўпчилик овозига асосланган тизимда яққол устунликка эга бўлган, яъни 50 фоиздан кўп овоз олган номзод эътироф этилади. Номзодларнинг ҳеч бирида мутлақ кўпчилик овоз бўлмаса, иккинчи тур ташкил этилади. Бу босқичга одатда энг кўп овоз олган икки номзод чиқади. Иккинчи турда мутлақ кўпчилик овоз олган даъвогар ғолиб ҳисобланади. Бу тизим, хусусан, Францияда барча даражадаги депутатлар сайловида, шунингдек Миср, Эрон, Туркманистон, Қирғизистон давлатларда қўлланади.
Масалан, Франция парламенти ҳам сайланадиган орган ҳисобланади. Миллий Ассамблеяга аралаш мажоритар тизимдан фойдаланган ҳолда тўғридан-тўғри умумий сайлов ҳуқуқи йўли билан 5 йил муддатга сайланади. Демак, биринчи турда сайланиш учун берилган овозларнинг мутлақ кўпчилигини олиш керак. Округдан бир депутат сайланади.
Ҳеч ким кўпчилик овозга эга бўлмаса, бир ҳафтадан кейин ўтказиладиган иккинчи турда биринчи турда рўйхатга киритилган сайловчилар сонининг камида 12,5 фоизи овозини олган номзодлар иштирок этиши мумкин.
Иккинчи турда ютиш учун нисбий кўпчилик овоз олиш кифоя.
Ушбу тизим амалда бўлган мамлакатларда, одатда, тасдиқлаш учун асос бўладиган сайловда сайловчилар иштирокининг қуйи фоизи белгиланади. Агар қонун ёки бошқа норматив хужжатларда белгиланган миқдорда овоз берувчи қатнашмаса, сайлов ўтмаган ҳисобланади. Бизнинг қонунчиликда бу талаб 33 фоиз.
Мутлақ кўпчилик овозга асосланган мажоритар тизимда мутлақ кўпчилик овоз олган номзод сайланган ҳисобланади, қолган номзодларга берилган овоз эса йўқолиб кетади ва натижада қолган номзодларга овоз берган сайловчилар ўз вакилларини парламентга ўтказа олмайдилар.
Мажоритар тизимнинг бу турида белгиланган мандатга эга бўлишда кичик партиялар имконияти йўқ. Умуман, сайловда мутлақ кўпчилик овоз олиш имкони камлиги сайловни натижасиз тугашига ва қайта овоз бериш билан боғлиқ харажат кўпайиб кетишига сабаб бўлади. Баъзи давлатларда бу муаммони ҳал қилиш учун иккинчи босқич ўтказилиб, сайлов натижасини нисбатан кўпчилик овоз билан аниқлаш тартиби белгиланган.
Мутлақ кўпчилик овозга асосланган тизимда ҳар доим ҳам биринчи тур натижа беравермайди. Бундай вазият юзага келганда кўпчилик мамлакатлар сайловни бир неча босқичда ўтказмоқда. Бу сайловчилар фаоллиги сусайиши, ортиқча сарф-харажат юзага келиши, сайлов сохталаштирилишига олиб келиши мумкин.
Шунингдек, ижобий нуқтаи назардан мутлақ кўпчилик овозга асосланган бу сайлов тизими парламентдаги кўпчилик қўллайдиган барқарор ҳукуматни ташкил этиш имконини беради.
2019 йил Қонунчилик палатасига сайловда мутлақ кўпчилик қоидаси, яъни 50 фоиз+1 овоз бериш қоидаси амлада эди. Яъни, 22декабрь куни ЎзР МСК мажлисида сайлов якуни кўриб чиқилди ва 150 сайлов округидан 125 тасида сайланган депутатлар мутлақ кўпчилик овоз орқали сайланган.
Нисбий кўпчилик овозга асосланган мажоритар тизимда ғалаба қозониш учун номзод ўз рақобатчиларига нисбатан кўпроқ овоз олиши керак ва бунда мутлақ кўпчилик, яъни яримдан кўп овоз олиши шарти ишламайди. Бу тизим ҳозир Буюк Британия, Япония, АҚШ, Россия парламенти қуйи палатасини шакллантиришда кенг қўлланади.
Ҳозир Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо 193 давлатнинг 50 дан кўпида маҳаллий ёки миллий сайловда нисбий кўпчилик овози тизими амалда.
Мапсалан, Россия Федерацияси Давлат думасини шакллантириш тажрибасида бир мандатли сайлов округи бўйича рўйхатга олинган бошқа номзодларга нисбатан энг кўп овоз олган даъвогар бир мандатли сайлов округи бўйича сайланган, дея эътироф этилади. Рўйхатга олинган номзодлар томонидан олинган овоз тенг бўлган тақдирда биринчи бўлиб рўйхатга олинган номзод ғолиб, деб топилиши белгилаб қўйилган.
2023 йил 18 декабрда қабул қилинган конституциявий қонун асосида Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексига овоз бериш тартиби бўйича тегишли ўзгариш ва қўшимча киритилди. Шундан келиб чиқиб, Сайлов кодекси 96-моддасига кўра, натижани аниқлашда бир мандатли сайлов округи бўйича овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг бошқа номзодларга нисбатан кўпроқ овозини олган номзод сайланган, деб ҳисобланади. Аввалги таҳрирда номзод сайланиши учун 50 фоиз+1 овоз олиш талаб этилган.
Нисбий кўпчилик овозга асосланган тизим бир турдаёқ ижобий натижа бериши билан самарали. Нисбий кўпчилик сайлов тизимида фақат бир ҳолат, яъни икки ёки ундан ортиқ номзод бир хил овоз тўплагандагина ғолиб аниқланмай қолиши мумкин. Табиийки, бундай ҳолат жуда кам учрайди.
Ушбу тизим жаҳоннинг кўплаб мамлакатларида қўлланади. Бу тартибда, одатда, сайлов бўлиб ўтганлиги учун асос сифатидаги сайловчилар қатнашиш меъёри белгиланмайди. Қанча сайловчи қатнашганидан қатъи назар сайлов бўлиб ўтган ҳисобланади.
Қолаверса, мазкур тартиб овоз бериш иккинчи босқичга қолмаслиги, сайловчилар фаол қатнашиши, ортиқча сарф-харажат, сайловда сохталаштириш ҳолати юзага келмаслигини таъминлайди. Нисбий кўпчилик овозга асосланган тизимда таъсир жиҳатидан ўрта ва кичик партиялар номзодлари тегишли мандатга эга бўлиши учун кам имконият яратилиши мумкин.
Хулоса қилиб айтганда, сайлов натижасини аниқлашда сайловчилар хоҳиш-иродаси, овоз бериш тартиби ва усуллари муҳим аҳамият касб этади. Жараён доимий ўзгариб, такомиллашиб бораверади. Таъкидлаш лозим, эндиликда янги тартиб бўйича бир мандатли ҳудудий сайлов округида бошқа номзодга нисбатан кўп овоз олган номзод сайланган ҳисобланади. Нисбий кўпчилик овоз беришнинг энг асосий мезони шу.
Шерзод Зулфиқоров,
Ўзбекистон Республикаси
Жамоат хавфсизлиги университети профессори,
юридик фанлар доктори
ЎзА
- Қўшилди: 29.07.2024
- Кўришлар: 1543
- Чоп этиш