11 сентябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг еттинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади, деб хабар бермоқда senat.uz сайти.
– Мана, 2020 йилнинг ҳам ярмидан кўпи ортда қолди, бу йил оғир йил бўлганини ҳар сафар таъкидламоқдамиз, – деди Сенат Раиси Т.Нарбаева. – Йил бошидан бери бутун дунёда бўлгани каби Ўзбекистон учун ҳам кўп синовлар бўляпти. Шунга қарамай, давлат ҳам, жамият ҳам бутун кучларини коронавирус пандемияси ва глобал инқироз оқибатларини бартараф этишга сафарбар қилди ва дадил айтишимиз мумкин бу вазифани мувафаққиятли амалга оширмоқда.
Сенатнинг еттинчи ялпи мажлис кун тартибидаги биринчи масала – “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни сенаторлар томонидан муҳокама қилинди.
“Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши ҳозирда амалда бўлган қонун ҳужжатларига солиштирганда бу тоифа ҳамюртларимизга қатор янги имтиёзлардан фойдаланиш имконини яратмоқда.
Қонун кучга кириши билан тиббий текширув комиссиялари фаолияти такомиллашади, мурожаат қилувчи 10 календарь кунида хулосани олади. Тиббий текширувлар бепул амалга оширилади. Ногиронлиги бўлган шахслар амбулатор ва стационар режимида имтиёзли даволанади. Протез-ортопедия анжомларига бўлган эҳтиёжлари қондирилади.
Ногиронлиги бўлган шахслар учун биноларга кириб-чиқиш учун махсус йўлакчалар, пандуслар, жамоат транспортида махсус ўриндиқлар, тушиб-чиқиш учун бекатларда уларга шароитлар яратилади. Улар учун таълим олишнинг барча босқичларида қулайликлар кўзда тутилади. Касб-ҳунарга ўргатиш, коллеж ва техникумларда таълим олишлари давлат ҳисобидан таъминланади. Олий таълимда жами контингентнинг 2 фоизи миқдорида давлат грантлари ажратилади.
Маҳаллий ҳокимликлар ногиронлиги бўлган шахслар уй-жой шароитини яхшилашга масъул бўлади. Никоҳ тузиш ва оила қуриш, болаларни фарзандликка олиш, болаларни тарбиялашга доир мажбуриятларни бажариши чоғида ёрдам олиш, шу жумладан уйида ва яшаш жойида хизматлар кўрсатилиши ҳуқуқи таъминланади.
Давлат ногиронлиги бўлган болаларни парваришлаётган оилаларга моддий, маслаҳатга оид ва бошқача тарзда ёрдам беради ҳамда уларни қўллаб-қувватлайди.
Ушбу Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди. Парламент юқори палатаси Раиси мазкур йўналишда амалга оширилиши зарур бўлган жиҳатларга урғу берди.
– “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги Қонун ҳақиқатдан ҳам ўта муҳимдир, – деди Сенат Раиси Т.Нарбаева. – Мазкур йўналишда йиллар давомида талайгина муаммолар тўпланиб қолганини ҳаммамиз яхши биламиз. Шу жумладан, ногиронлиги кундек равшан бўлган инсонларни ҳар сафар қайта-қайта кўрикдан ўтказиш, текшириш амалиёти ҳам йўқ эмас. Қонунда бундай ҳолатларга йўл қўймаслик, ногиронликни белгилаш жараёнини соддалаштириш бўйича аниқ нормалар белгиланганини ҳам эътироф этишимиз керак.
Яна бир муҳим масала, ногиронлиги бўлган шахслар билан ишлашда статистикани тартибга солиш керак. Ногиронлик масаласини таҳлил қилиш, ногиронлиги бор шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни ижтимоий ҳаётга тўлиқ интеграция қилиш учун бундай шахслар, уларнинг сони, истиқомат қилаётган ҳудудлар, ногиронлик даражаси ҳамда шу каби муҳим жиҳатлар тўғрисида аниқ маълумотга ва тасаввурга эга бўлишимиз шарт. Акс ҳолда, амалга ошириладиган ишлар тўлиқ бўлмайди, қайсидир қатлам, қайсидир инсонлар эътибордан четда қолиб кетаверади.
Бундан ташқари, халқаро мезонлардан келиб чиқиб, мамлакатда ногиронлиги бор шахслар учун “тўсиқсиз муҳит”ни шакллантиришимиз лозим.
Бу борада муаммоларимиз етарлича. Кундалик ҳаётимизда – транспорт, овқатланиш шоҳобчалари, хизмат кўрсатиш объектлари, маданий-кўнгилочар масканларда ногиронлиги бор шахслар учун зарур шароитлар яратилмаганига кўп дуч келамиз. Табиийки, бу уларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.
Қолаверса, ногиронлиги бор шахсларни ижтимоий ҳаётга интеграция қилишга устувор аҳамият қаратиш керак. Улар жамиятнинг тўлақонли аъзоси эканликларини доимо ҳис қилишлари лозим. Аввало, бу масалага жамият қарашини, муносабатини ўзгартириш керак. Бу эса, ишни ўрта ва узоқ муддатли, аниқ стратегия ва йўналишларга асосланган ҳолда ташкил қилишни талаб этади. Бунда нафақат ташкилий-ҳуқуқий, балки ахлоқий мезонларга ҳам аҳамият қаратиш мақсадга мувофиқ.
Маълумот учун: ҳозирги кунда Ўзбекистонда 700 мингдан ортиқ ногиронлиги бўлган шахслар, шу жумладан 100 мингдан ортиқ 16 ёшгача ногиронлиги бўлган болалар истиқомат қилмоқда.
БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясининг халқаро стандартлари ва талабларини, шунингдек, “ногирон” сўзи ўрнига “ногиронлиги бўлган шахс” атамасидан фойдаланишни назарда тутувчи “Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари тўғрисида”ги Қонун мамлакатимизнинг юқоридаги тоифага мансуб вакилларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ифодалашга хизмат қилади.
Ушбу қонунни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш вазифаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 22 июндаги Фармони билан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясида кўзда тутилган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 11.09.2020
- Кўришлар: 3869
- Чоп этиш