27 октябрь куни юртимизда бўлиб ўтадиган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайлови кампанияси тобора қизғин паллага кирмоқда.
Марказий сайлов комиссиясининг қарори билан депутатликка номзодларнинг ва сиёсий партияларнинг сайловолди ташвиқоти 22 сентябрдан бошланиши белгиланди.
Бугун, 21 сентябрь куни Марказий сайлов комиссияси билан ҳамкорликда сиёсий партиялар томонидан ишлаб чиқилган сайловолди ташвиқотига оид одоб-ахлоқ қоидаларини имзолаш маросими бўлиб ўтди.
Бундай битимлар сиёсий партиялар ёки номзодлар ўртасида сайлов жараёнида инсофсиз рақобатнинг олдини олиш, адолатли курашни таъминлаш, сайловолди ташвиқоти давомида номзодларнинг бир-бирига нисбатан ҳурмат сақлаш ва ҳуқуқий чекловлардан ташқари ахлоқий меъёрларга риоя қилиш мақсадида тузилади.
Жумладан, жорий йилда Европарламент сайловларида ҳамда бошқа бир қатор ривожланган давлатларда бўлиб ўтган сайловларда сиёсий партиялар томонидан шу каби битимлар имзоланган.
Ушбу одоб-ахлоқ қоидалари сайловолди ташвиқоти даврида ёлғон ахборот тарқатишнинг олдини олиш, сайловларнинг асосий принципларига риоя этилишини таъминлаш ҳамда сайловчиларга ўз танловини эркин амалга ошириш имконини яратиш мақсадида ишлаб чиқилган.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, сўнгги йилларда сунъий интеллект имкониятлари ортиб бораётганлиги инсоният учун фойдали бўлиши билан бир қаторда, салбий оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган ёлғон ёки уйдирмадан иборат ахборот материалларининг тарқатилишига ҳам хизмат қилаётганлиги кузатилмоқда.
Одоб-ахлоқ қоидаларининг муҳим қоидаларидан бири ҳам айнан оммавий ахборот воситалари ва интернет орқали сайловолди ташвиқотини олиб боришда сунъий интеллектдан фойдаланиш тартибига қатъий амал қилиш ҳисобланади.
Марказий сайлов комиссиясининг 2024 йил 2 июлдаги қарори билан сайловолди ташвиқотини олиб бориш бўйича низомга мувофиқ, депутатликка номзодларнинг ва сиёсий партияларнинг илк маротаба сайловолди ташвиқоти даврида сунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда сайловолди ташвиқоти материалларини тайёрлаш ва тарқатишга оид қоидалар билан тўлдирилди.
Одоб-ахлоқ қоидалари билан сиёсий партиялар вакиллари сайловолди ташвиқоти жараёнларида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Сайлов кодекси ва бошқа қонунчилик ҳужжатлари талабларига қатъий риоя қилиш, сиёсий партия вакилларининг шахсий ҳаёт дахлсизлиги, шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини ҳурмат қилиш, шунингдек ижтимоий ахлоққа зид ҳар қандай ахборотни тарқатмаслик, сайловчиларга нисбатан товламачилик, қўрқитиш ёки мажбурлаш, ўзгача ноўрин таъсир чораларини қўлламаслик ва ҳақ эвазига ўзига оғдириб олмаслик каби мажбуриятларни ўз зиммасига оладилар.
Сиёсий партиялар раҳбарлари ўртасида Одоб-ахлоқ қоидаларининг имзоланганлиги мамлакатимизда сайлов маданиятининг ривожланаётганидан далолат беради ҳамда сайловларни миллий қонунчилигимизга биноан очиқ, ошкора ва шаффоф ўтказишга хизмат қилади.
Абдулазиз РУСТАМОВ, ЎзА
- Қўшилди: 23.09.2024
- Кўришлар: 783
- Чоп этиш