Нельсон Манделанинг “Таълим ‒ дунёни ўзгартириш учун ишлатиш мумкин бўлган жуда кучли қурол” ибораси даврлар ўтса-да, аҳамиятини йўқотмайди.
Билим оширишнинг муҳим омилларидан бири фикр алмашишдир.
Маълумки, Ўзбекистон – Қатар муносабатларида илмий ҳамкорлик муҳим йўналишлар ҳисобланади. Умуман, мамлакатимиз Қатарни Яқин Шарқдаги истиқболли иқтисодий ҳамкор сифатида эътироф этади. Энг асосийси, ҳар икки давлат ўзаро алоқаларнинг фойдаланилмаган улкан салоҳиятига эга.
Яқиндагина Ўзбекистон Президенти ёрдамчиси Саида Мирзиёева “Таълимни тажовуздан ҳимоя қилиш халқаро куни” муносабати билан ушбу араб мамлакатида уюштирилган давра суҳбатида иштирок этди. Анжуман иштирокчилари мамлакатимизда таълим сифатини ошириш, айниқса қизлар ва аёллар чуқур билим эгаллаши учун барча шароитларни яратиб бериш мақсадида олиб борилаётган ишлар, намоён бўлаётган ижобий ўзгаришларни эътироф қилишди.
Дарҳақиқат, илм-фан ва таълимнинг давлат, жамият ривожидаги беқиёс ўрнини тўғри баҳолаган давлатимиз раҳбари президентлик лавозимига киришиши билан бу борадаги ишларни кескин жонлантиргани ҳеч кимга сир эмас. Соҳадаги кенг кўламли ислоҳотлар “Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан, таълим-тарбия тизимидан бошланади” ғояси асосида амалга оширилмоқда.
2018 йил Президентимиз ташаббуси билан Термиз шаҳрида касб-ҳунар таълими маркази очилди. Ҳозирга қадар бу ерда 700 нафарга яқин Афғонистон фуқароси таҳсил олди, улардан 200 нафари хотин-қизлар. Марказ Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги тизимидаги давлат муассасасида олий, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими дастурлари бўйича кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш йўлга қўйилган. Ушбу масканда Афғонистон томони эҳтиёжидан келиб чиқиб, 17 олий, 16 ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими йўналиши ўқув режаларининг модуллаштирилган шакли ишлаб чиқилган. Қўшни давлатнинг илмга чанқоқ ёшлари ўзлари танлаган касб сирларини чуқур ўрганишлари учун мамлакатимиз олий таълим даргоҳларидан малакали профессор-ўқитувчилар жалб этилган.
Айни жараённинг мантиқий давоми сифатида Доҳа шаҳрида мамлакатимиз Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Қатарнинг “Таълим ҳар нарсадан устун” – “Education above All” жамғармаси ўртасида афғон аёлларини Ўзбекистонда тиббиёт соҳасида ўқитишни ташкил этишни назарда тутувчи меморандум имзоланди. Мазкур келишув доирасида 160 нафар афғон аёлининг юртимиз олий таълим муассасаларида тиббиёт йўналиши бўйича таҳсил олиши режалаштирилган. Дарслар тажрибали тиббиёт мутахассислари томонидан ўтилади.
Мазкур меморандум давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиб, халқаро таълим ва тиббиёт соҳасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлайди. Мазкур ташаббус республикамизнинг Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни таъминлашдаги муҳим ўрнини яна бир бор намоён этади. Бинобарин, Ўзбекистон ҳукумати дўстона сиёсати билан қўшни мамлакатларга кўмак бериш, хусусан иқтидорли мутахассислар тайёрлаш орқали минтақада таълим тизимини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшмоқда.
Усмонжон Бўтаев,
ЎзМУ профессори, сиёсий фанлар доктори
ЎзА
- Қўшилди: 12.09.2024
- Кўришлар: 714
- Чоп этиш