Ташқи сиёсатнинг тенглик, ўзаро манфаатли ва амалий ҳамкорлик принципларига риоя этиб

Ҳозирги вақтда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича 80 дан ортиқ халқаро ҳужжатларга, жумладан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 6 та асосий шартномаcи ва 4 та факультатив протоколига қўшилган. Ушбу халқаро ҳужжатларнинг амалга оширилиши юзасидан БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ва шартномавий қўмиталарига мунтазам равишда миллий маърузалар тақдим этиб келинмоқда.

БМТ Ирқий камситишнинг барча шаклларини тугатиш тўғрисидаги халқаро конвенцияси Ўзбекистон қўшилган халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлардан биридир. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази масъул ходимлари Ойбек Аҳмадов ва Ярослав Квитковнинг "Правда Востока" газетасининг 2020 йил 3 июль сонида эълон қилинган "Ташқи сиёсатнинг тенглик, ўзаро манфаатли ва амалий ҳамкорлик принципларига риоя этиб" ("Сохраняя принципы равенства, взаимовыгодной и конструктивной внешней полтики") номли мақоласида ушбу Конвенциянинг моҳияти ва аҳамияти ҳақида сўз боради.

Муаллифлар қайд этганидек, 2019 йил 3 декабрь куни Женева шаҳрида бўлиб ўтган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Ирқий камситишларга барҳам бериш бўйича қўмитасининг 100-сессиясида БМТ Ирқий камситишнинг барча шаклларини тугатиш тўғрисидаги халқаро конвенцияси қоидалари бажарилиши юзасидан Ўзбекистоннинг Ўнинчи – Ўн иккинчи қўшма даврий маърузалари кўриб чиқилган.

Ўшанда Ўзбекистон ирқий камситиш ва камситишнинг бошқа барча шаклларига йўл қўймаслик, турли этник, маданий ва диний гуруҳларнинг аҳил ҳамда ҳамжиҳат яшашини таъминлаш борасида дунёнинг кўплаб давлатлари учун ўрнак бўлишга муносиб экани эътироф этилган.

Мамлакатимизда инсон ҳуқуқларига риоя этиш ва уни ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор хусусиятларидан ҳисобланади. Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлари БМТ Барқарор ривожланиш мақсадлари билан уйғун ва ҳамоҳанг.

Маълумот учун: Ирқий камситишларга барҳам бериш бўйича қўмита БМТнинг шартномавий органидир. У Ирқий камситишнинг барча шаклларини тугатиш тўғрисидаги халқаро конвенция қоидалари бажарилишини мониторинг қилиш билан шуғулланади. Бугунги кунда 18 нафар мустақил эксперт мазкур Қўмитанинг аъзолари ҳисобланади.

Иштирокчи давлатларнинг барчаси тегишли Конвенцияда мустаҳкамланган ҳуқуқларнинг амалга оширилиши ҳақида Қўмитага мунтазам маърузалар тақдим этиб боради. Дастлабки маъруза давлат ушбу Конвенцияга қўшилганидан сўнг орадан бир йил ўтиб тақдим этилади. Қўмита ҳар бир маърузани ўрганиб чиқиб, иштирокчи давлатга “якуний тавсиялар” мазмунидаги ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдиради.

Ўзбекистон Ирқий камситишнинг барча шаклларини тугатиш тўғрисидаги халқаро конвенцияга 1995 йил 28 сентябрда қўшилган. Мамлакатимиз Конвенция ижроси бўйича шу вақтга қадар 12 та маъруза  тақдим этган.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech