Шу йил 22 сентябрдан бошлаб депутатликка номзодлар ва сиёсий партияларнинг сайловолди ташвиқотига старт берилди. Депутатликка номзодлар ва сиёсий партиялар ташвиқотнинг қонунчиликда белгиланган усул ва шаклларидан самарали фойдаланган ҳолда сайловчиларни ўз дастурий ғоя ва ташаббусларидан хабардор қилишга киришди. Бу жараёнда эса сиёсий партиялар ва номзодларга тенг шароитлар яратиш чоралари кўрилади.
Бу йилги сайловларда сунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда сайловолди ташвиқоти материалларини тайёрлаш ва тарқатиш мумкинлиги белгиланди. Бу сайловнинг муҳим янгиликларидан биридир.
— Сайловолди ташвиқоти сайлов кампаниясининг энг муҳим жараёнидир, — дейди Марказий сайлов комиссияси аъзоси Мухтабар Ҳусанова. — Марказий сайлов комиссияси томонидан ташвиқотни амалга оширишга оид муҳим қарорлар қабул қилинди. Сайловолди ташвиқоти даврида сиёсий партияларга сайловда иштирок этиши учун ижозат берилган навбати кетма-кетлигида оммавий ахборот воситаларида чиқишлари белгиланди. Унга кўра, биринчи – Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, иккинчи – Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси, учинчи – Ўзбекистон Экологик партияси, тўртинчи – Ўзбекистон Халқ демократик партияси, бешинчи – Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси.
Марказий сайлов комиссиясининг қарори билан давлат марказий ва ҳудудий телерадиоканаллари ҳамда газеталарида депутатликка номзодлар ва сиёсий партиялар учун сайловолди ташвиқоти даврида бепул эфир вақти ҳамда нашр майдони ҳажми ажратилди.
Шунингдек, бугунги кунда рақамли технологиялар ривожи ҳамда замонавий тенденциялар инобатга олиниб, сунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда сайловолди ташвиқоти материалларини тайёрлаш ва тарқатиш мумкинлиги белгиланди. Бунинг учун сиёсий партиялар ва депутатликка номзодлар сунъий интеллект ёрдамида тайёрланган ташвиқот материалларида сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиб тайёрлангани ҳақида маълумотлар кўрсатиши, ҳар қандай шахснинг тасвирга ва унинг овозига бўлган ҳуқуқларини, шунингдек, бошқа шахсий номулкий ҳуқуқларини бузмаслиги лозим.
Шу билан бирга, бирор-бир шахснинг тасвири ва овози, шунингдек, шахсга доир бошқа маълумотларидан фойдаланилганда ушбу шахснинг олдиндан розилигини олиш каби қоидаларга амал қилиш лозим.
М.Комилова, Д.Якубов, А.Аҳмедов (видео), ЎзА
- Қўшилди: 25.09.2024
- Кўришлар: 737
- Чоп этиш