Тошкент 4-5 сентябрь кунлари яна бир нуфузли тадбир – Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Минтақавий аксилтеррор тузилмаси (МАТТ) X халқаро илмий-амалий конференцияси ва Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бўйича иккинчи конференция иштирокчиларини қабул қилмоқда.
Бирлашган халқаро конференциялар ишида МДҲ ва ШҲТга аъзо 20 та мамлакат (жумладан, ШҲТга аъзо давлатлар ва мулоқот бўйича ҳамкор давлатлар) ваколатли органлари, 9 та Ҳамдўстлик органларининг ишчи тузилмалари, ШҲТ органларининг 2 та ишчи тузилмаси, 22 та илмий-тадқиқот ва таълим ташкилотлари ҳамда Интерпол, Жиноий даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича Евроосиё гуруҳи, ОҲИЧК каби 6 та халқаро ташкилотнинг 10 та ваколатли органларининг 250 га яқин вакиллари (жами 47 та делегация) иштирок этмоқда.
Конференциянинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби Виктор Маҳмудов Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг анжуман иштирокчиларига мурожаатини ўқиб эшиттирди.
Давлатимиз раҳбари қайд этганидек, мазкур муҳим халқаро форумнинг ШҲТ ва МДҲ каби нуфузли минтақавий тузилмалар билан биргаликда ташкил этилиши кенг минтақамизда тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш борасида якдиллик ва ўзаро амалий ҳамкорликни ривожлантиришга бўлган интилишни яна бир бор тасдиқлайди.
Қайд этилишича, геосиёсий кескинлик ва низоларнинг кучайиши, глобал хавфсизлик институтлари ролининг пасайиши терроризм ва экстремизм таҳдидларига қарши курашда очиқ ва самарали халқаро ҳамкорликнинг ривожланишига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Мамлакатимиз раҳбари қонунчилик базасини янада такомиллаштириш ҳамда ШҲТ МАТТ ва МДҲнинг Аксилтеррор маркази фаолияти доирасида бундай хавф-хатар ва таҳдидларни бартараф этиш ва уларга тезкорлик билан жавоб қайтариш бўйича халқаро ҳамкорлик самарадорлигини оширишга қаратилган қўшма амалий тадбирларни ўтказиш энг муҳим вазифалар ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати раиси, генерал-лейтенант Абдусалом Азизов ўз чиқишида ШҲТ ва МДҲ маконида кечаётган мураккаб ва қарама-қарши ҳарбий-сиёсий жараёнлар мамлакатларимиздан халқаро терроризм, экстремизм ва радикализмга қарши курашда саъй-ҳаракатларимиз ва мувофиқлаштирилган чора-тадбирларни бирлаштиришни талаб этади, дея таъкидлади.
ШҲТ ва МДҲга аъзо мамлакатлар хавфсизлигига таҳдид солувчи омиллар санаб ўтилди. Вазият халқаро террорчилик ташкилотлари бошлиқларининг давлатларимизга қарши ўзларининг бузғунчи режаларидан воз кечмаганликлари билан янада мураккаблашмоқда.
– Афғонистон ҳукумати ўз имкониятлари ва ресурсларидан келиб чиқиб, халқаро терроризмга қарши курашмоқда, афғон махсус хизмати ИДХВга қарши курашда етакчилик қилиб, муайян натижаларга эришмоқда. Шу боис, душманга қарши биргаликда курашишимиз зарур, – деди А.Азизов.
Шунингдек, “Хуросон вилояти”га қарши курашда Афғонистонга ёрдам кўрсатиш муҳим, чунки қарши чораларни заифлаштириш ушбу гуруҳнинг кучайишига сабаб бўлади, бу эса ўз навбатида, минтақа хавфсизлигига хавф солади. Шу билан бирга, ўзаро ишонч, халқаро терроризм, экстремизм ва кибертаҳдидларга қарши курашиш соҳасида мунтазам ахборот ва тажриба алмашишга асосланган изчил ва мувофиқлашган фаолиятда бирга ҳаракат қилиш ёрдамидагина давлатларимизда барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашда самарали натижаларга эришиш мумкинлигига ишонч билдирилди.
ШҲТ Бош котиби ўринбосари Нуран Ниязалиев ўз нутқида ҳозирги мураккаб геосиёсий шароитда терроризм, экстремизм ва у билан боғлиқ жиноятларга қарши курашиш ниҳоятда муҳим масала эканини қайд этди. ШҲТ МАТТ форумининг МДҲнинг терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бўйича иккинчи конференцияси билан бирга ўтказилишини олқишлаб, бундай ёндашув минтақавий тинчлик ва барқарорликни таъминлаш масаласида фикр алмашиш ва бу йўналишда ўзаро ҳамкорлик қилиш учун келишилган таклифлар ишлаб чиқиш имконини беришини таъкидлади.
Тадбирда, шунингдек, ШҲТ МАТТ Ижроия қўмитаси директори Р.Мирзаев сўзга чиқди.
– Ҳозирги геосиёсий жараёнлар давлатлар, энг аввало ШҲТ ва МДҲ мамлакатлари хавфсизлиги ва суверенитети учун янги чақириқларни шакллантирмоқда, бу айниқса, ИШИД, Ал-Қоида ва бошқа гуруҳлар томонидан террорчилик таҳдидлари юқори даражада бўлган шароитда муҳим аҳамиятга эга, – деди маърузачи.
МДҲга аъзо давлатлар Аксилтеррор маркази раҳбари Евгений Сисоев ўз нутқида Афғонистонда террорчилик ҳаракати сезиларли даражада пасайганини қайд этди. У минтақавий низолар ҳудудларидан халқаро террорчилик ташкилотлари жангариларининг кириб келишини камайтириш мақсадида афғон ҳокимияти вазиятни барқарорлаштириш, террорчилик гуруҳларига қарши курашиш, ташқи чегараларни мустаҳкамлаш бўйича фаол ишлар олиб бораётганини таъкидлади.
Уларнинг таркибида собиқ совет давлатлари вакилларининг кўплиги МДҲ ва ШҲТ мамлакатлари махсус хизматлари ушбу гуруҳ ва бошқа халқаро ташкилотларга қарши курашишдаги саъй-ҳаракатларини бирлаштириш масаласини кун тартибига қўймоқда.
БМТ Бош котиби ўринбосари, Террорчиликка қарши кураш бошқармаси бошлиғи Владимир Воронков ҳам иштирокчиларга видеомурожаат йўллади. У ўз нутқида радикализмга қарши курашнинг замонавий усуллари ҳақида тўхталиб, бугунги кунда жиноий гуруҳлар ўзларининг бузғунчи мақсадларига эришиш йўлида янги технологиялар – рақамли ва молиявий воситалардан фойдаланаётганини таъкидлади. Маърузачи анжуман иштирокчиларини терроризмга қарши ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга чақирди.
ШҲТ Бош котиби ўринбосари Нурлан Сейтимов конференциянинг долзарблигини қайд этиб, унинг вакиллик даражасини ошириш ва географиясини кенгайтиришга эътибор қаратди.
Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати раисининг биринчи ўринбосари, генерал-майор Б.Турсунов сўзга чиқиб, мустақил тараққиёт йилларида дунёнинг бошқа мамлакатлари каби Ўзбекистон ҳам терроризм ва экстремизмнинг турли шаклларига дуч келганини қайд этди.
– Экстремистик ғояларнинг собиқ ва салоҳиятли тарафдорлари билан ижтимоий ва психологик ишлаш, уларни ўқитиш, иш билан таъминлаш, умуман, ўз қобилиятларини рўёбга чиқариши учун шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бундай ўзгариш ва ёндашув юксак натижаларни бериб, халқаро миқёсда эътирофга сазовор бўлмоқда. Хусусан, 2019 йилдан буён 5 та “Меҳр” гуманитар акциялари доирасида Сурия, Ироқ ва Афғонистондан 531 нафар репатриант Ўзбекистонга қайтарилди. Уларга ижтимоий, тиббий ва бошқа ёрдамлар кўрсатилди. Натижада, бугунги кунда репатриантларнинг 90,2 фоизи замонавий турмуш тарзини олиб бормоқда, 9,8 фоизи анъанавий ислом динига эътиқод қилади, – деди Б.Турсунов.
Қайд этилишича, 2021-2026 йилларга мўлжалланган терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий стратегияси ва уни амалга ошириш бўйича Ҳаракатлар режасининг қабул қилиниши бу борадаги туб бурилиш бўлди. Ушбу ҳужжатларда ҳуқуқни ҳимоя қилиш тузилмалари, ҳокимият ва бошқарув органларининг фуқаролик жамияти институтлари, хорижий ҳамкорлар ва халқаро ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлигининг асосий йўналишлари белгилаб берилган.
Конференция доирасида “Терроризм ва экстремизмга қарши курашда миллий тажриба”, “Халқаро терроризмга қарши ҳамкорлик”, “Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш фаолиятини илмий-маърифий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш” каби мавзуларда панель муҳокамалари бўлиб ўтди. Унда иштирокчилар хавфсизликнинг ҳозирги чақириқлари ва таҳдидларини муҳокама қилди. Халқаро ва минтақавий даражада ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича қўшма самарали чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати, МДҲ Аксилтеррор марказининг мувофиқлаштирувчи роли билан Ҳамдўстлик мамлакатлари ваколатли органларининг “Шарқ – Аксилтеррор – 2024” қўшма аксилтеррор машғулотлари ўтказилиши режалаштирилган. Машғулотлар муҳим инфратузилма объектлари ва одамлар гавжум жойларда террорчилик ҳужумларини аниқлаш ва бартараф этиш бўйича қўшма аксилтеррор тадбирларини ўтказишда МДҲга аъзо мамлакатлар ваколатли органлари фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган.
Конференция доирасида хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар делегациялари аъзолари Мустақиллик монументи пойига гул қўйди. Мамлакатимизга ташриф чоғида юқори мартабали меҳмонлар, расмий хорижий делегацияларнинг ушбу ёдгорлик пойига гул қўйиши яхши анъанага айланган.
Алпомиш МАШРАБХОНОВ,
ЎзА мухбири
- Қўшилди: 05.09.2024
- Кўришлар: 955
- Чоп этиш