(“Адолат ҳимоясида” медиалойиҳаси: 4-мақола)
Ҳар бир оила учун турар жой – барқарорлик ва хавфсизлик асосидир. Бу одамларнинг ижтимоий, маиший ва баъзан иқтисодий турмуш кечириши маркази ҳисобланади. Афсуски, кўп ҳолларда турар жой шунчаки товар, кўчмас мулк деб ўйланади. Бироқ турар жой бу - биринчи навбатда инсон ҳуқуқлари эканлигини ёдда тутиш керак.
Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ҳар бир шахснинг мулкка эгалик қилиш ҳуқуқини эълон қилади ва мулкидан ғайри ихтиёрий жудо қилиниш ман этилади. Шахсий ва оилавий ҳаётга ғайри ихтиёрий ёки ноқонуний аралашишдан ҳоли бўлиш, турар жой дахлсизлигига ғайри ихтиёрий ёки ноқонуний тажовуз қилинишидан ҳимояланиш ҳуқуқи Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактда мустаҳкамлаб қўйилган.
Ушбу масала бўйича Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Махсус маърузачиси давлатлар инсоннинг турар жой ҳуқуқига тўсқинлик қиладиган бирор чора кўрмасликлари зарурлигини таъкидлаган. Ҳар қандай қурилиш амалга оширилиши тасдиқланишидан олдин унинг инсон ҳуқуқларига таъсири баҳоланиши керак. Бундай баҳоланиш давлат ташкилотлари томонидан уй-жой эгалари билан очиқ муҳокама этилиши талаб қилинади. Ўз турар жойидан мажбурий кўчирилган жабрдийдалар етказилган ҳар қандай – ҳам маънавий, ҳам моддий зарар учун адолатли ва мутаносиб компенсация олишлари шарт.
2019 йил 19 апрель куни Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ директори Акмал Саидов шикоят билан мурожаат қилган тадбиркор-инвестор Муҳаммадбобур Хўжаевни қабул қилди. У Тошкент шаҳридаги Миробод тумани Риштон кўчасидаги 106-уй бузилаётганлиги, бу 600 нафарга яқин фуқаронинг ишсиз қолиши, 1 миллион 350 минг АҚШ доллари мақдорида зарар келтириши мумкинлигини тушунтирди. У ушбу муаммони қонун асосида ҳал этиш учун шахсан Тошкент шаҳар ҳокими билан учрашиш бўйича мурожаатлари инобатга олинмаётганлигидан шикоят қилди.
Марказ раҳбари Муҳаммадбобур Хўжаевнинг муаммоси ҳуқуқни ҳимоя қилиш халқаро ташкилотлари, айрим чет эл оммавий ахборот воситалари эътиборини ҳам жалб этганлигидан хабардор эди. Хусусан, “Хьюман Райтс Вотч” халқаро ташкилотининг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Стив Свердлов иштирокида 15 апрель куни бўлиб ўтган тадбирда тадбиркорлар ва фуқаролардан шахсий кўчмас мулк ва уй-жойлар бузилиши бўйича жуда кўп шикоятлар тушаётганлиги, бундай ҳуқуқбузарликка мисол сифатида Муҳаммадбобур Хўжаевнинг ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича пойтахтнинг Мирзо Улуғбек тумани раҳбарлари билан учрашувлари самарасиз қолаётганлиги, Тошкент шаҳар ҳокими билан учрашиш имконияти берилмагани келтирилган эди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги қонуннинг 25-моддасига мувофиқ Муҳаммадбобур Хўжаевни шахсан қабул қилиш ва муаммони қонуний ҳал этиш шаҳар ҳокимининг бевосита ваколатига кириши юзасидан расмий мурожаат қилди ва бу масалани ўз назорати остига олди. Пойтахт ҳокимлигида даставвал ушбу расмий мурожаат муайян таажжубланиш билан қабул қилинган бўлса ҳам тадбиркор-инвесторнинг муаммосини ҳал этиш чоралари кўрилди.
Шундан кўп вақт ўтмасдан жойларда тадбиркорлик субъектларига тегишли бўлган бино ва иншоотлар жойлашган ер участкалари олиб қўйилиши, мулкдорларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари бузилаётгани, уларга етказилган зарарларни қоплашда жиддий камчиликларга йўл қўйилаётгани ошкор бўлди.
Маҳаллий ҳокимият органлари томонидан доимий тарзда йўл қўйилган камчиликлар қаторида қуйидагилар кўрсатилди:
-бир ҳокимнинг рухсати билан қурилган иншоотларнинг бошқа бир ҳокимнинг қарори билан бузилиши;
-уй-жойларнинг бузилиши ҳақида қонун билан белгиланган муддатда огоҳлантириш берилмаслиги;
-фуқароларнинг розилигисиз бошқа турар жойларга мажбурий кўчирилиши;
-бузилаётган уйлар учун компенсация пулларининг вақтида берилмаслиги ёки унинг миқдорлари сезиларли даражада камлиги;
-мутассадиларнинг уй-жой эгалари билан қўпол муносабатда бўлиши ва бошқалар.
Адлия органлари томонидан 2016-2018 йилларда давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкалари олиб қўйилишида қонун ҳужжатларига риоя этилиши аҳволи ўрганилганда бу ўз тасдиғини топди. Жумладан, мол-мулки бузилишга тушган мулкдорлар бузилиш бошланишидан олти ой кечикмай ёзма хабардор қилиниши шарт бўлса-да, бузилган турар жой эгалари 688 та ҳолатда умуман хабардор қилинмаган, 985 та ҳолатда хабардор қилиш муддатига риоя қилинмаган. 391 та ҳолатда турар жойлар бузилгандан кейин баҳоланган.
Қонунчиликка кўра, давлат ва жамоат манфаатлари учун олинган ер участкаларида жойлашган кўчмас мулклар учун компенсация тўлови бузилишидан олдин тўланиши шартлиги белгиланган. Шунга қарамай, республика бўйича турар жойлари бузилган 37 нафар мулкдорга – 3 миллиард 252 миллион сўм умуман тўланмаган, 215 нафарига эса – 15 миллиард 67 миллион сўм тўлиқ тўлаб берилмаган. Андижон шаҳрида 2016 йил май ойида бузилган 42 та турар жойни баҳолаш 2018 йил 23 апрелда, яъни орадан 2 йил ўтиб амалга оширилган. Тўрақўрғон тумани Пастнайманча ва Хўжанд маҳаллалари ҳудудида 2017 йил май-июнь ойларида бузилган 14 та турар жой учун ҳисобланган 1 миллиард сўм компенсация пули умуман тўланмаган.
Бундан ташқари, деярли барча ҳудудларда турар жойлар бузилиши муносабати билан мулкдорларни (уларнинг оила аъзоларини) вақтинчалик турар жой билан таъминлаш ёки уларга ижара ҳақи ва кўчиб ўтиш харажатларини қоплаб бериш амалиёти йўлга қўйилмаган.
Мулкдорларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашда йўл қўйилган ана шу ва бошқа камчиликларни бартараф қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 августдаги "Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг мулк ҳуқуқи кафолатланишини сўзсиз таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармойиши қабул қилинди. Ушбу Фармойишга мувофиқ, давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларини олиб қўйиш тўғрисида қарор қабул қилишга фақат ер участкаси олиб қўйилиши режалаштирилаётган манфаатдор шахслар билан очиқ муҳокама ўтказилганидан, шунингдек, фойда ва харажатлар баҳоланганидан кейин йўл қўйилиши белгиланди.
Эндиликда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ер участкаларини олиб қўйиш ҳамда кўчмас мулк объектларини бузиш ишлари қуйидаги уч босқичда амалга оширилади:
-ҳокимлар томонидан бузилиши режалаштирилган ҳудуд бўйича материаллар тўплами Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритилади;
-Вазирлар Маҳкамасида шаҳарсозлик талаблари бўйича ва молиявий ҳисоб-китоблар бўйича хулосалар тайёрланади;
-хулоса Бош вазирга кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш учун киритилади.
Ер участкалари олиб қўйилиши муносабати билан фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига етказилган зарар миқдорини хатловдан ўтказиш бўйича республика мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳи ва ҳудудий ишчи гуруҳлари тузилди.
Ҳокимлар томонидан ер участкаларини олиб қўйиш ҳақида қарор қабул қилиш учун ушбу ҳудудда жойлашган турар ва нотурар кўчмас мулк объектлари мулкдорларининг розилигини олиш ҳамда ер участкаси олиб қўйилиши оқибатида етказилган зарарни қоплаш бўйича ёзма келишувга эришилади.
Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодексининг 27-моддасига кўра, бузилаётган уй-жойлар мулкдорларига, уларнинг оила аъзоларига, шунингдек ушбу уйларда (квартираларда) доимий яшаётган фуқароларга (уларнинг танлови бўйича ва тарафлар келишувига кўра) икки турдаги компенсация назарда тутилади:
1-вариант – уй-жой майдонининг ижтимоий нормасидан кам бўлмаган саҳндаги, барча қулайликлари бўлган, аввалгисига тенг қимматли бошқа турар жой мулк қилиб берилади ҳамда дов-дарахтларнинг бозор қиймати тўланади;
2-вариант – бузилаётган уй (квартира), бошқа иморатлар, иншоотлар ва дов-дарахтларнинг бозор қиймати, шунингдек ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қиймати тўлиқ ҳажмда тўланади.
Эркин Эрназаров,
“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали
бош муҳаррирининг ўринбосари
- Қўшилди: 30.12.2019
- Кўришлар: 5026
- Чоп этиш