Тарихдан маълумки, ҳамма замон ва маконларда ҳам инсоният бошига турли хавф-хатар ва синовлар тушган. 2019 йил охиридан буён жаҳон жамоатчилигини ташвишга солиб келаётган COVID-19 вируси ҳам одамзод учун шундай таҳдидлардан биридир.
"Коронавирус пандемияси яна бир кулфатни - ёлғон хабарлар пандемиясини вужудга келтирди. Бунда ҳамма нарса: зиёнкор "тиббий" маслаҳатлардан тортиб телбавор фитна назарияларигача ишга солинмоқда. Аммо, оммавий ахборот воситаларида ушбу балога қарши муносиб чора бор, бу ҳам бўлса ҳаққоний, илмий, далилий маълумотлар ва таҳлилий материаллардир".
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш 3 май - Жаҳон матбуот куни муносабати билан йўллаган мурожаатида шундай баёнот берди. Ўз навбатида, ЮНЕСКО Бош директори Одрэ Азуле БМТ Бош котибининг даъватини қўллаб-қувватлади ва дунёни ташвишу ноаниқликларга дучор этган COVID-19 пандемияси даврида ахборотнинг эркин тарқатилиши ниҳоятда катта аҳамиятга эгалигини таъкидлади.
Ишончли ахборот, Одрэ Азуле таъбири билан айтганда, ҳозирда юз бераётган воқеликларни англаб етиш ва зарур хулосалар чиқариш, пировардида инқирозни енгиб ўтиш учун жуда қўл келади. "Инқироз даврида бехавотир ва танқидий фикрлаш ишончли ва ҳаққоний маълумотларни излаб топишнинг калити ҳисобланади. Бошқалар билан баҳам кўраётган маълумотларингизга эътиборли бўлинг. Сохта янгиликлар пандемияни тўхтатишга эмас, балки ваҳимани оширишга хизмат қилади", деб қайд этди ЮНЕСКО Бош директори.
Ҳақиқатан ҳам, ҳозирги глобал дунёда тинчлик ва соғлиқни асраш жуда мураккаб вазифа бўлиб турибди. Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланган кунданоқ давлат ва ҳукумат бу хатарни тезроқ бартараф этиш учун барча зарур чораларни кўрди.
Тиббиёт муассасалари фавқулодда иш режимига ўтказилди. Сиҳатгоҳ ва оромгоҳлар карантин муассасалари сифатида мослаштирилди. Тиббиёт масканлари дори-дармон, ҳимоя ва диагностика воситалари билан етарли даражада таъминланди.
Дунёнинг барча давлатлари билан мунтазам авиақатновлар тўхтатилиб, хорижий давлатлар фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни, шунингдек, йўловчи ташувчи транспорт воситаларининг мамлакат ҳудудига барча чегара ўтказиш пунктлари орқали кириб келиши тўхтатилди. Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келаётган шахсларни 14 кун давомида махсус ажратилган тиббиёт муассасаси ёки карантин тадбирларини ташкил этишга мослаштирилган базалар ёхуд уй шароитида карантинга олиш талаби белгиланди.
Давлат томонидан коронавирусга қарши кураш олиб бориш, унинг кенг тарқалишининг олдини олиш, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш ҳамда беморлар саломатлигини тиклаш соҳасида тезкор қарорлар қабул қилинди. Дастлабки 2 ой ичида миллий қонунчиликда ўттизга яқин меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилингани буни яққол тасдиқлайди.
Бундай муҳим чора-тадбирларга қарамасдан, коронавирус инфекцияси билан касалланган шахслар карантин талабларини қўпол равишда бузиш орқали, шу жумладан, карантин ўташ жойларини тарк этган ҳолда инфекциянинг аҳоли орасида кенг тарқалиш хавфини вужудга келтирди. Шунингдек, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар ҳақида ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни Интернет бутунжаҳон тармоғи орқали тарқатиш ҳолатлари учрай бошлади.
Шу ўринда ҳақиқатга тўғри келмайдиган ахборот тарқатиш "Оммавий ахборот воситалари тўғрисида"ги қонуннинг 6-моддаси, "Ахборотлаштириш тўғрисида"ги қонуннинг 12-(1)-моддаси ва Жиноят кодексини бузиш ҳисобланишини таъкидлаш лозим. Бу эса жиноий жавобгарликка олиб келади.
Жумладан, Жиноят кодексининг 244-1, 2-қисмига кўра, диний экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган, қирғин солишга ёки фуқароларни зўрлик билан кўчириб юборишга даъват этадиган ёхуд аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган маълумотлар ва материалларни ҳар қандай шаклда тарқатиш, худди шунингдек фуқаролар тотувлигини бузиш, туҳматона, вазиятни беқарорлаштирувчи уйдирмалар тарқатиш ҳамда жамиятда қарор топган хулқ-атвор қоидаларига ва жамоат хавфсизлигига қарши қаратилган бошқа қилмишларни содир этиш мақсадида диндан фойдаланиш, шунингдек диний-экстремистик, террорчилик ташкилотларининг атрибутларини ёки рамзий белгиларини тарқатиш ёхуд намойиш этиш базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ушбу модданинг биринчи ёки иккинчи қисмида кўрсатилган ҳаракатлар:
а) олдиндан тил бириктириб ёки бир гуруҳ шахслар томонидан;
б) хизмат мавқеидан фойдаланиб;
в) диний ташкилотлардан, шунингдек чет эл давлатлари, ташкилотлари ва фуқароларидан олинган молиявий ёки бошқа моддий ёрдамдан фойдаланиб;
г) оммавий ахборот воситаларидан ёхуд телекоммуникация тармоқларидан, шунингдек Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиб содир этилган бўлса, беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Президент Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, "Ҳозирги вазиятда айрим масъулиятсиз, ҳақиқий ҳолатдан бехабар ва ўзини «пиар қилиш»ни яхши кўрадиган одамлар турли миш-миш ва уйдирмаларни тарқатишга уринади. Шу муносабат билан жамоатчилигимиздан илтимос қиламан: саросима ёки ваҳима кайфиятига берилмаслик керак. Матбуот ва ижтимоий тармоқларда нотўғри, асосланмаган маълумотларни тарқатишга йўл қўймаслигимиз зарур".
Бу, ўз навбатида, миллий қонучиликка бир қатор қўшимча ва ўзгартиришлар киритишни тақозо этди. Давлатимиз раҳбари томонидан 2020 йил 26 мартда “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун имзоланиб, 27 март куни матбуотда эълон қилинди.
Қонунга мувофиқ, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши ҳақида аҳоли орасида асоссиз ваҳима тарқалишининг олдини олиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда мутасадди идораларнинг нормал фаолият юритиши учун шароит яратиш мақсадида Жиноят кодекси 244-(5)-модда билан тўлдирилди.
Унда карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликларнинг пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши ҳақида ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатиш:
- базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 бараваригача (44 миллион 600 минг сўм) миқдорда жарима;
- 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари;
- 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Мазкур маълумотларни нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган матнда ёки ОАВ, шунингдек, Интернет орқали тарқатиш:
- БҲМнинг 200 бараваридан (44 миллион 600 минг сўмдан) 400 бараваригача (89 миллион 200 минг сўм) миқдорда жарима;
- 300 соатдан 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари;
- 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари;
- 3 йилгача озодликни чеклаш;
- 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгиланган.
Агар дунё мамлакатлари билан солиштириладиган бўлса, ушбу турдаги ҳуқуқбузарлик учун бундан кўра кучлироқ жазо чоралари қўлланилиши кўзда тутилгани аён бўлади. Мисол учун, "The Washington Post" хабарига қараганда, яқинда Венгрияда ёлғон ахборот тарқатгани учун беш йил қамоқ жазоси, шунингдек, карантинга риоя қилмаганлар учун ҳам қамоқ жазоси муддатларини назарда тутувчи фавқулодда қонун қабул қилинган.
Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва ЮНЕСКО каби ҳукуматлараро ташкилотлар томонидан очилган бир қатор веб-сайтларда пандемия ҳақидаги ишончли ахборотлар жойлаштирилди. Шунга қарамай, коронавирус ҳақида ёлғон ахборотлар тарқалиши билан боғлиқ ташвишли ҳолат жаҳон миқёсида ниҳоятда кенг тус олди. Шунинг учун халқаро ҳамжамият COVID-19 ҳақидаги ёлғон маълумот вируснинг ўзидан ҳам кўра хавфли эканига қайта-қайта эътибор қаратиб, барчага расмий манбалардан фойдаланишни тавсия этди.
БМТ Бош котиби Антонио Гутерриш таъкидлаганидек, бутун дунё нафақат коронавирусга қарши, балки COVID-19 ҳақида нотўғри ахборот кўпайишига қарши ҳам курашмоқда. Бош котибнинг фикрича, мамлакатлар мунтазам расмий маълумотларни эълон қилиб боришлари зарур. Чунки ҳозирги вақтда пандемияга қарши энг яхши қурол - бу ишончли ахборотдир.
Ўзбекистонда дастлабки даврда коронавирус инфекциясига чалинган кишиларнинг шахсий маълумотларига доир ахборотлар ҳам ижтимоий тармоқларда тарқалгани кузатилди. Ваҳоланки, «Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги қонуннинг 24-моддасига мувофиқ, бемор «тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилганлиги, соғлиғининг ҳолати, қўйилган ташхис тўғрисидаги маълумотлар ҳамда уни текшириш ва даволаш чоғида олинган бошқа маълумотлар сир сақланиши» ҳуқуқига эга.
“Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги қонунга асосан, шахсга доир маълумотлар давлат томонидан ҳимоя қилинадиган маълумотлар сирасига киради. Шахсга доир маълумотлардан тегишли органлар, хизматлар фойдаланганда унинг махфийлигига риоя этилиши шарт.
Шахсга доир маълумотлардан фойдаланишга рухсат олган бошқа шахслар субъектнинг розилигисиз шахсга доир маълумотларни учинчи шахсларга ошкор этмаслиги ва тарқатмаслиги шарт. Ҳамма фойдаланиши мумкин бўлган шахсга доир маълумотлар тарқатилишига фақат шу шахснинг розилиги олинган ҳолда йўл қўйилиши мумкин.
Шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 46-2-моддасига кўра, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса – беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Жиноят кодекси 141-2-моддасига биноан, шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Ўша ҳаракатлар:
- бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса;
- такроран ёки хавфли рецидивист томонидан содир этилган бўлса;
- ғаразли ёки бошқача паст ниятларда содир этилган бўлса;
- хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда содир этилган бўлса;
- оғир оқибатларга сабаб бўлса – базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Карантин даврида оммавий ахборот воситаларининг асосий эътибори коронавирус кенг тарқалишининг олдин олиш, унга қарши вакцина, даво ва эҳтиёт чораларининг моҳияти ҳамда аҳамиятини кенг тушунтириш ва тарғиб этишга қаратилди.
Бироқ айрим шахслар томонидан ушбу хасталикни мардонавор енгиб, яна ўз оиласи даврасига қайтган ёки касалликдан тузалган фуқароларни маънавий қўллаб-қувватлаш ўрнига уларга нисбатан ҳурматсизлик қилиш, камситиш, шаъни ва обрўсига путур етказиш ёки уларни касалликни бошқаларга ҳам юқтиришида айблаш ҳолатлари кузатилди.
Шу ўринда алоҳида қайд этиш керакки, миллий қонунчиликда короновирусдан тузалган ёки карантинда бўлган шахсни ҳақорат қилганлик, шаъни ва қадр-қимматига путр етказганлик, камситганлик, унинг шахсий ҳаёти тўғрисидаги маълумотларни тарқатганлик учун 9 млн. сўмгача маъмурий жарима белгиланган.
Агар, маъмурий жазо қўлланилганидан сўнг ушбу қилмиш такроран содир этилса, айбдорга 22,3 млн. сўмгача жарима ёки 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёҳуд 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари каби жиноий жазо қўлланилади.
Ҳаммамиз ҳам инсонмиз – элатдош ва миллатдош, ватандош ва замондошмиз. Бирлашган ва бир-биримизни тушунган ҳолда бу вирусга қарши курашиш орқалигина уни енгиб чиқишимиз мумкин. Бинобарин, COVID-19 вируси – жамиятимизнинг жипслигини синайдиган ўзига хос имтиҳондир. Ҳар биримиз коронавируснинг тарқалишига қарши биргаликда аҳиллик билан курашиш асносида ушбу синовдан муваффақиятли ўтишни ўрганамиз ва зарур кўникмалар ҳосил қиламиз.
Шу муносабат билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг қуйидаги чақириқларига кенг жамоатчилик эътиборини қаратди:
- COVID-19 вируси тарқалишига доир вазият ва ундан ҳимояланиш чоралари бўйича маълумотлардан фойдаланишда ишончли ахборот манбаларига таяниш;
- ўзаро ғамхўрлик кўрсатиш ва бирдамликни намойиш этиш, яқинлар ва қариндош-уруғлар билан доимий мулоқотда бўлиш;
- пандемияга қарши курашнинг бошида турган тиббиёт ходимларининг шу кунлардаги фидойи хизматларини ёдда тутиш;
- инфекцияга чалинганларга нисбатан, масалан, «коронавирус қурбонлари» каби ҳар хил «атамалар»ни қўллашдан тийилиш;
- инсонийликни намоён этиш: бинобарин, коронавирус қандайдир миллат ёки ирққа мансуб касаллик эмас; ушбу инфекцияга чалинганлар сизга ҳеч қандай ёмонликни раво кўрмайди – улар мададимиз ва ҳамдардлигимизга лойиқдирлар.
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш 14 апрель куни халқаро жамоатчиликни COVID-19 билан боғлиқ дезинформация, яъни ёлғон хабарлар тўлқинига тўсиқ қўйишга чақирди. БМТ Бош котиби бу борада янги ташаббусни илгари сурди: Интернетдаги миш-мишу уйдирмаларга қарши илмий ва асосли далилларни тақдим этиш керак.
Антониу Гутерриш ўз видеомурожаатида ҳозирги кунда дунё аҳли Иккинчи жаҳон урушидан кейинги давр мобайнида кузатилмаган ўта жиддий инқирозни келтириб чиқарган COVID-19 пандемиясига қарши курашиш учун жипслашганини қайд этди. «Аммо бугун биз яна бир хавфли эпидемия – уйдирма ахборотлар эпидемиясига дуч келиб турибмиз», - деб таъкидлади у.
БМТ Бош котиби таъбири билан айтганда, бугун ҳамма жойда турли маслаҳатгўйлару эмчилар кўпайиб кетди. Бундайлар томонидан тавсия этилаётган ҳар хил "дори-малҳамлар" пировардида инсон соғлигига тузалмас зиён-заҳмат етказиши мумкин.
Ҳаво тўлқинларида ҳам очиқдан-очиқ ёлғон маълумотлар тарқатилмоқда. Интернет тармоқлари касалга қарши қайтариқ қилиш, афсун ўқиш ва шу каби сафсаталарга тўлиб-тошган. Фитна, нафрат, алоҳида инсонлар ва бутун бошли гуруҳларни ноҳақ айблаш ва қоралаш ҳолатлари тобора авж олмоқда.
«Бутун дунё мана шу хасталикка қарши курашиш йўлида ҳам бирлашиши даркор. Бу касалликнинг энг мақбул давоси – ишончдир», - деди БМТ Бош котиби. Илм-фанга, масъул институтларга, инсонлар ўртасида ўзаро ишонч жуда муҳимдир.
Антониу Гутерриш ижтимоий тармоқлардаги жамоатчиликни янглиштирадиган уюм-уюм мақола ва муносабатлар орасидан аниқ далилларни уйдирмалардан ажратиб, алоҳида саралаб тақдим этаётган журналистларнинг хизматини эътироф этди. Шу билан бирга, унинг фикрича, ижтимоий тармоқларга эгалик қилувчи компаниялар COVID-19 пандемияси билан боғлиқ адоватли ва зарарли баёнотларга янада қатъиятлироқ қарши туришлари зарур.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, мустақил, профессионал журналистика инқироз ҳақида аниқ, ҳаққоний далилларга асосланган ахборотларни тарқатиш орқали ҳар хил ёлғон-яшиқларни фош этишда етакчи роль ўйнаши мумкин. Матбуот эркинлиги қадрли неъмат эканига ҳеч қандай шубҳа бўлиши мумкин эмас ва ҳар қачон – айниқса, ҳозирги қалтис даврда ушбу неъматни топтамаслик, аксинча, имкон қадар асраб-авайлаш тақозо этилади.
Давлат ташкилотлари эса фуқароларнинг ишончини қозониши учун, биринчидан, ўз фаолиятига ўта масъулият билан ёндашиши, иккинчидан, ишончли ахборотга таяниши тақозо этилади. Бош котибнинг таъкидлашича, ҳозирги инқирозни енгиб ўтишда ўзаро ҳурмат ва инсон ҳуқуқларига амал қилиш мезонлари барчамиз учун йўлчи юлдуз вазифасини ўташи лозим.
Антониу Гутерриш БМТнинг янги ташаббусини эълон қилар экан, бундан буён "Интернетни аниқ далиллар ва илмий асосланган маълумотларга тўлдириб ташлаш"га чақирди. Шундагина «дезинформация тўлқини»га бас келса бўлади.
БМТ Бош котиби уйдирма ва ёлғон ахборотга нисбатан «оғу» таърифини қўллади. Дарҳақиқат, оғу билан ёлғон хабарнинг салбий таъсири ўхшашдир. Иккаласи ҳам инсоннинг соғлигига путур етказиши, ҳатто ҳаётига зомин бўлиши мумкин.
Мамлакатимизда, 15 апрель ҳолатига кўра, карантин қоидаларига амал қилмаслик бўйича 42 минг 782 та ҳуқуқбузарлик аниқланган бўлса, ушбу ҳуқуқбузарликларнинг атиги 10 таси ижтимоий тармоқларда ваҳима чиқарувчи ёки асоссиз маълумотлар тарқатиш билан боғлиқдир. Аммо, COVID-19 ҳақидаги нотўғри ва чалғитувчи маълумотлар коронавирусдан ҳам хавфли экани эътиборга олинса, бундай ҳуқуқбузарликнинг асоратлари қанчалик жиддийлигини англаш қийин эмас.
Албатта, асосан айрим телеграм гуруҳларда тарқалган бу каби ёлғон маълумотлар одамлар ўртасида беҳуда ваҳима келиб чиқишига сабаб бўлади. Шу боис ҳам бундай ҳолатларга нисбатан қатъий чоралар кўрилмоқда.
Кейинги йилларда дунёда чалғитувчи, ёлғон хабарларнинг ҳар қачонгидан ҳам жадаллик билан тарқалишига имкон берадиган платформаларнинг ривожланиши, ўз навбатида, далилларни текшириш бўйича сайтлар яратилишини тақозо этди. Бугунги кунда бутун жаҳонда 100 дан ортиқ шундай сайт мавжуд бўлиб, улар барча минтақаларда ишлаб турибди.
Оммавий ахборот воситалари орасида AFP, The Washington Post, BBC, India Today, O Globo ва бошқа бир қатор нашрлар далилларни текшириш юзасидан фойдали ташаббуслар билан чиқди. Шу билан бирга, дунёдаги кўплаб ноҳукумат ташкилотлар, масалан, Comprova (Бразилия) Politifact ва AfricaCheck (АҚШ) ахборотнинг тўғрилигини текширадиган платформаларни ишга туширди.
Европа иттифоқининг Ёлғон ахборотларга қарши курашиш бўйича ҳаракат режаси доирасида янги дезинформация кампанияси пайдо бўлганидан хабардор қилиш механизми ишлаб чиқилди. Европа иттифоқи, шунингдек далилларнинг тўғрилигини текшириш бўйича яхлит бир тармоқ ташкил этган. У 400 нафардан зиёд журналист, эксперт ва ноҳукмат ташкилотлар вакилларини ўзида қамрайди.
Дунё бемисл пандемия балосига тўқнаш келган, у билан боғлиқ кўп нарсалар ҳали номаълум бўлган, вазият деярли кундан-кун ўзгариб турган ҳозирги даврда, албатта, одамлар ҳамма жойдан ахборот изламоқда. Бундай пайтда, афсуски, кўпчилик турли уйдирмаларнинг жабрини чекмоқда. Шу боис Facebook, Google ва Twitter ёлғон ахборотни блоклаш ва коронавирус ҳақида аниқ маълумотни тарғиб қилувчи хизматни йўлга қўйди.
Facebook тармоғи томонидан биргина март ойида коронавирус тўғрисида ёлғон маълумот берилган 40 миллионта пост аниқланган. Компаниянинг таъкидлашича, Facebook мутахассислари «инсонлар саломатлигига путур етказувчи коронавирус ҳақидаги юз минглаб дезинформация маълумотлари»ни ўчиришган. Бундай уйдирмалар орасида "коронавирусга қарши кирларни оқартирувчи моддаларни ичиш фойдали" экани, "одамлар орасида хавфсиз масофага риоя қилиш эса самарасизлиги" тўғрисидаги асоссиз таъкидлар ҳам бор.
Ўзбекистонда ҳам бир қатор янги Интернет сайтлари, жумладан, сохта ахборотларга раддиялар учун «Antifake.uz» деб номланган Telegram канали ташкил этилди. Каналда дастлабки бир неча кундаёқ Интернетда тарқатилган қуйидаги хабарлар ёлғон эканлиги аниқланиб, уларга раддия берилди:
- «5 апрелдан Ўзбекистон бўйлаб барча аэропортлар ўз иш фаолиятини тиклайди»;
- «Тадбиркор Фаттоҳ Шодиев Ўзбекистонда коронавирус инфекциясига қарши кураш учун 200 миллион доллар миқдорида молиявий ёрдам берди»;
- «24 мартдан бошлаб 2 ой мобил алоқа, Интернетлар мутлақо бепул»;
- «Занжабил (имбир) истеъмол қилиб юрадиган кишиларга коронавирус юқмайди»;
- «uzсупермаркетлар тармоғида ишловчи ходим коронавирусга чалинди»;
- «Коронавируснинг давоси топилди»;
- «Салқин ичимликлар ишлаб чиқарувчилар томонидан коронавирус инфекцияси атайлаб тарқатиляпти».
«Antifake.uz» каналида асосан ижтимоий тармоқларда тарқалаётган коронавирус билан боғлиқ "фейк" хабарлар ҳақида доимий равишда маълумот бериб борилмоқда. Бундай ташаббуслар Интернетда тарқатиладиган ҳар хил миш-мишларни фош этиш, шунингдек ёлғон ва нохолис ахборотларга қарши курашиш учун жуда муҳимдир.
Бундан ташқари, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳузурида турли вазирлик, ташкилот ва муассасалар мутасаддилари иштирокида матбуот анжуманлари ва брифинглар мунтазам ўтказилмоқда. Бу, ўз навбатида, оммавий ахборот воситаларига коронавирусга қарши курашиш доирасидаги энг муҳим янгиликларни бирламчи манабалардан олиш имконини бермоқда.
Шу билан бирга, Koronavirus Info (@koronavirusinfouz) канали фаолияти йўлга қўйилди. Янги канал тарқатган хабарга қараганда, АҚШнинг нуфузли нашрларидан бири — «The Diplomat» Марказий Осиёда коронавирусга қарши қандай курашилаётгани ҳақида мақола эълон қилган.
Ушбу таҳлилий материалда коронавирусга қарши Ўзбекистон танлаган йўл муваффақиятли экани алоҳида таъкидланган. Ҳукумат барча маълумотларни очиқ ва ошкора эълон қилаётгани ҳамда аҳоли ахборот олиши учун бепул Интернетни йўлга қўйгани қайд этилган. Мақола муаллифи Koronavirus Info (@koronavirusinfouz) канали фаолиятига ҳам тўхталган. У Ўзбекистонда янги ташкил этилган ушбу каналда 1,2 миллиондан зиёд обуначи кунлик маълумотларга эга бўлаётганини таъкидлаб, ушбу муваффақиятлар бошқа мамлакатлар учун ҳам ўрнак бўлиши кераклигини айтган.
Юртимизда COVID-19 вируси тарқалишининг олдини олиш ишларига ҳисса қўшаётган, жонини хатарга қуйиб бўлса-да фаолият олиб бораётган турли соҳа ва тармоқ ишчи-хизматчилари орасида оммавий ахборот воситалари ходимлари – журналистларнинг борлиги табиийдир. Негаки, “кўринмас ёв” ваҳимаси бутун дунёга ёйилган пайтда одамларнинг тезкор, холис ва ишончли информацияга бўлган эҳтиёжи ҳар доимгидан ҳам юқори, уни қондириш эса ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Ҳозирги кунда мамлакатимиз аҳолисининг кўп қисми асосий информацияни қўлидаги мобиль телефони орқали олаётгани сир эмас. Шунинг учун юртдошларимизнинг Интернетдан – “Facebook”, “Telegram”, “Instagram” каби ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш даражаси ўсиб бораяпти.
Айни чоғда, дунёнинг бошқа мамлакатлари қатори Ўзбекистонда ҳам COVID-19 пандемияси натижасида кўплаб соҳалар каби оммавий ахборот воситалари ҳам молиявий муаммоларга дуч келганидан кўз юмиб бўлмайди. Соҳа экспертларининг фикрича, вақт ўтиши билан бу муаммолар катталашса катталашадики, лекин ижобий томонга ўзгариши даргумон.
Бундай мураккаб шароитда оммавий ахборот воситалари давлат ва жамият томонидан фаол қўллаб-қувватланмаса, сўз эркинлигининг таянчи бўлган бир қанча оммавий ахборот воситалари ёпилиб кетиши мумкин. Шунга кўра, оммавий ахборот воситалари ҳамда блогерларга муайян енгилликлар, хусусан солиқ имтиёзлари бериш каби турли таклифлар илгари сурилмоқда.
Яна бир муҳим масала: коронавирус эпидемияси – жамиятда рақамли технологиялар зудлик билан ривожланиши учун янги чақириқ бўлди, деб баҳоламоқда миллий экспертлар. Коронавирус эпидемиясининг Ўзбекистонга кириб келиши туфайли аҳоли онлайн хизматлардан тобора кенг фойдаланмоқда.
Бундай жараёнларда замонавий IT-ечимларни кенг жорий этиш билан бир қаторда ахборот хавфсизлигига ҳам алоҳида эътибор қаратиш муҳим. Бутун дунёда карантин чоралари тобора кучайиши билан онлайн мессенжерлар ва ижтимоий тармоқларга бўлган эҳтиёж ҳам кескин даражада ортди. Натижада илгари оммабоп бўлмаган, лекин ҳозирда инсонлар учун қулай алоқа воситаси бўлган платформалар кўпайиб кетди.
Масалан, бир вақтнинг ўзида 100 нафаргача фойдаланувчиларни видеоконференцалоқа қилишига имкон берувчи «Zoom» мобиль иловаси қисқа вақт ичида оммалашиб, ҳозирда ундан биргина «Android» платформасидаги фойдаланувчилар сони 100 миллиондан ортиб кетди. Лекин жорий йилнинг 4 апрель куни АҚШнинг «The Washington Post» журнали «Zoom» мобиль иловасининг минглаб шахсий видео-суҳбатлари очиқ маълумотлар базасига тушганини маълум қилди. Бунда «Zoom» мобиль иловасида рўйхатдан ўтган «Facebook» фойдаланувчиларининг маълумотлари ҳамда «YouTube» ва «Vimeo» платформаларида фойдаланувчиларнинг видео-суҳбатлари тарқаб кетган.
Мазкур ҳолатлар, ахборот инқилоби даврида унинг хавфсизлигини таъминлаш миллий манфаатлар нуқтаи назаридан ҳам зарурлигини яна бир бор исботлайди. Бугунги воқелик аввало аҳолини электрон платформалардан тўғри фойдаланишга ўргатиш, дастурий маҳсулотлар, мессенжерлар, булутли технологиялар асосида фаолият юритувчи платформаларни («Zoom», Big Data ва бошқалар) маҳаллийлаштириш, вазирлик ва идоралар фаолиятини рақамлаштириш каби чора-тадбирларни амалга оширишни тақозо этмоқда.
Ғулом Мирзо
- Қўшилди: 03.05.2020
- Кўришлар: 4376
- Чоп этиш