Жорий йилнинг 31 майидан 4 июнга қадар Туркия кўзи ожизлар федерацияси аъзоларидан ташкил топган делегация мамлакатимизга ташриф буюрди.
Ташрифдан мақсад бутунжаҳон кўзи ожизлар жамиятлари ўртасида ижтимоий алоқаларни шакллантириш, ногиронлиги бўлган шахслар учун яратилган шароитларни атрофлича ўрганиш ва бу соҳада амалга оширилаётган ижобий тажрибалар билан ўртоқлашишдан иборат бўлди.
Меҳмонлар дастлаб Самарқанд вилоятига ташриф буюриб, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Самарқанд шаҳридаги “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази фаолияти билан танишди.
Сўнг Самарқанд шаҳридаги 59-сонли “Нурли маскан” кўзи ожиз болалар мактаб-интернатига бориб, у ердаги ўқитувчи ва ўқувчиларга яратилган шарт-шароит, имкониятлар ҳамда давлатимиз томонидан кўрсатилаётган ғамхўрлик ҳамда эътибор хусусида фикр алмашди.
Сафар чоғида Самарқанд вилоятидаги “Ўқув-ишлаб чиқариш корхонаси” МЧЖ ишчи-хизматчилари билан ҳам суҳбатлар ўтказилиб, корхоналарда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар билан таништирилди.
Туркия делегацияси Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти Марказий бошқаруви раиси Эргаш Норпўлатов билан учрашди. Учрашувдан сўнг меҳмонларни Тошкент шаҳрида фаолият юритаётган ўқув-ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти билан таништириш мақсадида “Дизайн-Принт” ва “Чўтка” корхоналарига таклиф этилди.
Шунингдек, меҳмонлар Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек тумани “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази фаолияти билан ҳам танишиб, Тошкент шаҳридаги тарихий ва замонавий обидаларга саёҳат қилди.
Ташриф давомида бир қатор муҳим масалалар кўриб чиқилди ва икки томонлама меморандум имзоланди.
Туркия Республикаси Кўзи ожизлар федерацияси делегацияси ва Ўзбекистон Кўзи ожизлар жамияти Марказий бошқаруви аппарати ходимлари, ҳудудий бўлим раҳбарлари билан ҳамкорликда ўтказилган расмий учрашувлар ва музокаралар якунлари бўйича оммавий ахборот воситалари ходимлари учун матбуот анжумани ташкил этилди.
Н.Раҳмонова,
ЎзА
- Қўшилди: 06.06.2024
- Кўришлар: 1380
- Чоп этиш