Урсула фон дер Ляйен: Марказий Осиё Европа Иттифоқи учун муҳим ҳамкор

Жорий йил 3-4 апрель кунлари Самарқанд шаҳрида “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” биринчи саммити бўлиб ўтади.

ЎзА мухбирининг Европа комиссияси Президенти Урсула фон дер Ляйен билан суҳбати ушбу саммитнинг аҳамияти ва анжумандан кутилаётган натижалар хусусида.

– Муҳтарама Президент фон дер Ляйен, Самарқанд шаҳрида ўтадиган Европа Иттифоқи – Марказий Осиё биринчи саммити томонлар учун нечоғли аҳамиятга эга ва келгусида ҳамкорлик қай тарзда ривожланади? ЕИ ушбу муносабатларни мустаҳкамлаш учун қандай стратегик йўналишларни белгилаган?

– Ушбу саммит Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё муносабатларида янги саҳифа очади. Анжуман Наврўз байрамидан кейин ўтказилишида ҳам рамзий маъно бор: янгиланиш, бошланиш тимсоли. Шу боис Президент Кошта билан бирга Самарқандга келиб, ноёб ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, янги босқичга олиб чиқишга тайёрмиз.

Кўп асрлик тарихий алоқаларимиз бор, Ипак йўли асрлар давомида Европани Марказий Осиё билан боғлаган. Нафақат савдо, балки ғоя, маданият ва инновация алмашинуви ҳам бўлган. Энди ушбу бой меросга таянган ҳолда, қадимий анъаналарни замонавий ва узоқ муддатли ҳамкорликка айлантирмоқдамиз. Зеро, бугунги беқарор дунёда Европа ҳар доимгидек очиқлик ва ҳамкорлик тарафдори бўлиб қолади.

Европа Иттифоқи учун Марказий Осиё муҳим ҳамкор. Саммитда умумий йўналиш ва устуворликларни белгилаймиз. Бу савдо ва инвестиция алоқаларини мустаҳкамлаш, тоза энергия, ўта муҳим хом ашё ресурслари ва бошқа соҳаларни қамраб олади.

Ҳозирнинг ўзида аниқ қадамлар қўйилмоқда. Биз иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаб, янги стратегик шерикликни ишга туширяпмиз. Бу ташаббус эртага саммит доирасида расман эълон қилинади.

– Саммит натижасида қандай аниқ лойиҳа, келишув ва ташаббуслар амалга оширилади?

– Европа Иттифоқининг инвестиция стратегияси – “Global Gateway” муҳокама марказида бўлади, чунки ҳамкорликдан барчамиз манфаатдормиз.

Саммитда мен Марказий Осиё учун “Team Europe” ташаббуси доирасидаги инвестиция пакетини эълон қиламан. Ушбу муҳим ҳужжат тўрт асосий йўналишга қаратилган. Транспорт, ўта муҳим хом ашё ресурслари, рақамли тармоқ, сув ва энергия транспорти боғлиқлигини ривожлантириш борасида биз аллақачон яхши натижаларга эришяпмиз.

2024 йил ўтказилган Инвесторлар форумида ЕИ ва халқаро ҳамкорлар Каспий денгизи орқали ўтадиган транспорт йўлаги учун 10 миллиард евро ажратишга ваъда берди. Бу йил Европа Иттифоқи – Марказий Осиё иқтисодий форуми билан бир вақтда иккинчи Инвесторлар форумини ўтказиб, эришилган ютуқларни сарҳисоб қиламиз.

Шунингдек, ўта муҳим хом ашё ресурслари бўйича ҳамкорликни кенгайтириш ва аниқ инвестицияларни жалб қилиш режалаштирилган. Айни йўналишда Марказий Осиёда маҳаллий саноатни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ва минтақада иқтисодий тараққиётни рағбатлантиришни мақсад қилганмиз.

– Ҳамкорликнинг асосий йўналишлари қайсилар, қандай янги ташаббуслар мавжуд алоқаларни мустаҳкамлайди?

– Биз кенг қамровли ва фаол ҳамкорликка эгамиз: савдо, транспорт боғлиқлиги, энергия, сув хавфсизлиги, иқлимга мослашиш, рақамлаштириш ва таълим соҳаларида.

Фахр билан айтишим мумкинки, охирги 10 йил ичида “Erasmus+” дастури доирасида 10 000 талаба ва мутахассис Европа ва Марказий Осиё ўртасидаги алмашинувда қатнашди. Энди “яшил” ва рақамли ўзгаришлар ҳамкорлигимиз марказида турибди.

Марказий Осиё тоза технологиялар учун энг зарур хом ашё ресурсларига, улкан салоҳиятга эга. Европа фақат хом ашёни олиб кетиш эмас, балки тўлиқ қиймат занжирини яратиш, яъни қазиб олишдан қайта ишлаш ва қайта тиклашгача бўлган жараённи шакллантиришни мақсад қилади. Бу эса маҳаллий иш ўринлари яратиш, юқори экологик ва ижтимоий стандартни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Хавфсизлик ҳам устувор масалалардан бири. Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё терроризмга қарши курашда ҳамкорликни чуқурлаштиради, хавфсизлик бўйича махсус мулоқотни йўлга қўяди.

– Европа Иттифоқи иқлим масаласига катта эътибор қаратади. Марказий Осиёда экологик ҳамкорлик ва “яшил” иқтисодиётни ривожлантириш бўйича қандай дастурлар амалга оширилади?

– Иқлим форуми очилишида иштирок этиш ва Ўзбекистонни бу муҳим ташаббус билан табриклаш мен учун катта шараф. Марказий Осиё тоза энергия марказига айланиши мумкин. Бу нафақат импортга боғлиқликни камайтиради, балки улкан қайта тикланувчи энергия манбаларидан самарали фойдаланиш имконини беради.

2030 йилгача қайта тикланувчи энергия самарадорлигини ошириш бўйича Глобал ташаббусга қўшилгани Ўзбекистоннинг стратегик йўналишга содиқлигини кўрсатади. ЕИ айни жараённи “Global Gateway” инвестиция стратегияси орқали қўллаб-қувватлайди. Янги инвестиция пакети доирасида мен “Team Europe” ташаббуси бўйича сув, энергия ва иқлим ўзгаришига оид йирик қўшимча маблағлар ажратилиши ҳамда “яшил” лойиҳаларга янада кўпроқ сармоя йўналтирилишини эълон қиламан.

– Европа Иттифоқининг миграция сиёсатидаги ислоҳотлари Марказий Осиё фуқароларига қандай таъсир қилади?

– Биз янги “Миграция ва бошпана бўйича пакт” доирасида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратаяпмиз. Миграция муаммосини ҳал қилиш мақсадида биргаликда барча турдаги ноқонуний фаолият, жумладан муҳожирларнинг ноқонуний олиб ўтилишига қарши курашмоқдамиз. Бу ноқонуний миграциянинг асосий омили бўлиб, ҳар йили минглаб инсонлар ҳаётига зомин бўлмоқда. Шу билан бирга ЕИга малакали мутахассислар учун қонуний йўллар очишни рағбатлантиряпмиз.

Миграция – глобал муаммо. Европа ва Марказий Осиё ҳамкорлари ўхшаш қийинчиликларга дуч келмоқда. Шунинг учун ҳам бу йўналишдаги саъй-ҳаракатлар ўзаро манфаатли.

– Самарқанд Ўзбекистоннинг энг қадимий шаҳарларидан бири. Агар сизга тарихий обидалар билан батафсил танишиш имконияти яратилса, бундан қандай фойдаланмоқчисиз?

– Албатта, Президент Кошта билан бирга Ўзбекистон маданий меросининг абадий рамзлари ҳисобланган Улуғбек расадхонаси, Амир Темур мақбараси ва Регистон майдонини зиёрат қиламиз. Бу қадимий шаҳар асрлар давомида цивилизациялар чорраҳаси бўлиб келгани сабабли, Европа Иттифоқи – Марказий Осиё биринчи саммити учун муносиб маскан. Гўзал Самарқандни кашф этишни интиқлик билан кутяпман.

ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева суҳбатлашди.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech