Бизнес-омбудсман: тадбиркорларнинг ҳуқуқлари тикланди

АОКАда Бизнес-омбудсман девони томонидан 2024 йилда тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида олиб борилган ишлар сарҳисобига бағишланган брифинг бўлиб ўтди.

Унда Бизнес-омбудсман ахборот хизмати раҳбари Гулжамол Шукурова маълумот берди. 

Қайд этилганидек, ўтган йил давомида тадбиркорлардан 9 минг 127 та мурожаат келиб тушган бўлиб, мурожаатларнинг 51 фоизи бўйича тадбиркорнинг ҳуқуқлари тикланди, қолганлари бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилган. 

Келиб тушган мурожаатлар хусусиятлари бўйича таҳлил этилганда асосан солиқ, ер, кадастр ва архитектура, банк, кредит, текширувлар, суд қарори ижроси ва бошқа масалаларга оид мурожаатлар ҳисобланади. 

Бундан ташқари, йил давомида “Тадбиркор виртуал офиси” ахборот портали орқали тадбиркорлик субъектларининг мурожаатлари кечаю кундуз қабул қилиниб, ҳал этиш чоралари кўрилди. 

Мурожаатлар асосида тадбиркорларга 34,5 миллиард сўмдан ортиқ кредит ажратилишида, 17 миллиард сўм пул маблағини ундиришда ва 15,5 миллиард сўм миқдорида асоссиз тўланган солиқ маблағи қайтарилишида ёрдам кўрсатилди. Кўриб чиқилган мурожаатларнинг 13 фоизи муддати бузилган. 

Аниқланган қонунбузилиши ҳолатлари бўйича 16 та тақдимнома киритилди, 144 нафар мансабдор шахсга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилди. 85 нафар масъул ходимга интизомий жазо чоралари қўлланилди. 

Тадбиркорлик соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича Бизнес-омбудсман девони томонидан 10 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси, шу жумладан, 4 та қонун, 4 та Президент фармони ва 2 та Вазирлар Маҳкамаси қарори ишлаб чиқилди. 

832 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиб, улар бўйича 784 та таклиф ва эътирозлар юборилган. 

Йил давомида тадбиркорлик фаолиятига оид қонунчилик ижроси бўйича 7 та назорат органида ўрганиш ўтказилган. 

Ўрганишда аниқланган қонунбузилиши ҳолатлари бўйича 7 та тақдимнома киритилган, масъул шахсларнинг 551 нафарига маъмурий баённома расмийлаштирилган, 37 нафарига интизомий жазо қўлланилган. 

Ўтган йил давомида Бизнес-омбудсманга тадбиркорлар фаолиятида текширув ўтказишни келишиш учун 5 минг 125 та буюртма киритилган бўлиб, шундан 2 196 таси келишилган ва 2 минг 929 таси қонуний асослар мавжуд бўлмагани сабабли рад этилган. 

Текширувлар қонунийлиги юзасидан ўтказилган мониторинг доирасида аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари бўйича 929 нафар мансабдор шахсга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилган. 

Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида 2024 йил давомида жами 2 минг 580 та таъсир чораси, шундан 58 та даъво аризаси (шикоят), 74 та тақдимнома, 147 та хулоса, 35 та огоҳнома киритилган ва 2 минг 266 та маъмурий жазо қўлланилган. 

Натижада, ҳисобот даврида судлар томонидан 16,6 миллиард сўмлик даъво тадбиркорлар фойдасига ҳал этилган, 118 та қарор бекор қилинган ва 100 нафардан ортиқ масъулга интизомий жазо чоралари қўлланилган. 

Гулноза Бобоева, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech