Ўзбекистонда диний эркинлик соҳасидаги ўзгаришлар — Парламент эшитувида

20 май куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати Кенгашларининг 2018 йил 4 майдаги Қўшма қарори билан тасдиқланган дин ва эътиқод эркинлигини таъминлаш, соҳадаги таклиф ва тавсияларни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” ижроси юзасидан парламент эшитуви ўтказилди, деб хабар берди parliament.gov.uz сайти.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида видеоконференция тарзида бўлиб ўтган парламент эшитувида депутатлар, сенаторлар, вазирликлар ва идоралар раҳбарлари, таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари, фуқаролик институтлари, Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган дипломатик ваколатхоналар ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Янада эътиборлиси шундаки, онлайн-муҳокамаларда БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг Дин ва эътиқод эркинлиги масаласи бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳид, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси ва мазкур Бошқарманинг Марказий Осиё бўйича ваколатхонаси, ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, АҚШ Давлат департаменти ва ушбу Департаментнинг Халқаро диний эркинликлар бўйича комиссияси, “Глобал иштирок институти” халқаро нодавлат ташкилоти ҳамда Бригам Янг университети вакиллари қатнашдилар.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари – Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов дастлаб БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг Дин ва эътиқод эркинлиги масаласи бўйича махсус маърузачиси А.Шаҳид 15 йил давомида Ўзбекистонга 2017 йилнинг октябрь ойида илк бор ташриф буюрганига эътибор қаратди. Мазкур ташриф якунларида билдирилган 12 та тавсия эътиборга олинган ҳолда, мамлакат парламенти томонидан эътиқод эркинлигини таъминлаш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди.

Бугунги кунда коронавирус пандемияси дунёнинг кўплаб мамлакатларида диний муросасизликларга туртки берди. Оқибатда нафрат уйғотувчи ҳисларни авж олдириш, вирус тарқалишида бошқа дин ва эътиқод вакилларини айблаш каби ҳолатлар ўткир тус олгани кузатилди.

Кейинги даврда Ўзбекистонда эътиқод эркинлиги борасида юз бераётган туб ўзгаришлар Президент Шавкат Мирзиёев сиёсий-ҳуқуқий ислоҳотларининг таркибий қисми саналади. Бу ислоҳотлар Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлашга бўйича устувор вазифалар ижроси доирасида амалга оширилмоқда.

Бу ҳақда сўз борганда, Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан 2018 йил 12 декабрда БМТ Бош Ассамблеясининг “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган Резолюцияси қабул қилингани тарихий воқеа бўлганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Парламент эшитуви давомида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири ўринбосари А.Тошқулов, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Д.Эшнаев ва Халқаро ислом академияси проректори И.Усмоновнинг ахборотлари эшитилди.

Адлия вазири ўринбосари А.Тошқулов диний ташкилотларни ҳуқуқий тартибга солишда катта ўзгаришлар рўй бергани тўғрисида тўхталди. Хусусан, ҳозирги кунда рўйхатдан ўтказганлик учун давлат божи беш бараваргача камайган бўлса, тақдим этиладиган ҳужжатлар сони ҳам сезиларли даражада қисқартирилган.

Диний ташкилотларнинг рўйхатдан ўтказувчи органга ҳар чоракда ҳисобот бериши бекор қилиниб, бир йилда бир маротаба электрон тарзда қисқартирилган ҳажмда маълумот тақдим этиш йўлга қўйилган. Адлия органларининг диний ташкилотни тугатиш тўғрисида қарор қабул қилиш ваколати, диний ташкилот қонун ёки устав талабларига риоя этмаганлиги учун унга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баравари миқдорида жарима қўллаш тартибига барҳам берилган.

Шунингдек, янги таҳрирдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун лойиҳасига киритилаётган қўшимчалар ва ўзгартиришлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Қонун лойиҳасини тайёрлаш жараёнида давлат ва дин ўртасидаги муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишда миллий, хорижий ва халқаро тажриба эътиборга олинганлиги таъкидланди.

Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Д.Эшнаев “Йўл харитаси”га мувофиқ амалга оширилган ишлар натижалари бўйича маълумот берди. Бугунги кунда Ўзбекистонда 16 та конфессияга мансуб 2 минг 277 та диний ташкилот мавжуд.

Шундан 2 минг 94 тасини исломий диний ташкилотлар, жумладан, 2 минг 67 тасини масжидлар ташкил этади. Шу билан бирга, 166 та христиан диний ташкилоти, 8 та яҳудий ва 6 та баҳоий жамоалари, биттадан кришначилар жамияти ва буддавийлар ибодатхонаси ҳамда конфессиялараро Ўзбекистон Библия жамияти фаолият юритмоқда.

Дин ишлари бўйича қўмита ҳузуридаги Конфессиялар ишлари кенгаши ўз  йиғилишларини йилига икки марта ўтказиб келмоқда. Диний таълимда ҳам туб ўзгаришлар юз берди, илмий-тадқиқот фаолияти изчиллик билан олиб борилмоқда.

“Йўл харитаси”да белгиланган халқаро учрашув ва тадбирлар мунтазам равишда ташкил қилинмоқда. Мисол тариқасида 2019 йил ноябрь ойида Тошкент ва Самарқандда АҚШнинг Глобал жалб қилиш институти ҳамкорлигида "Дин ва қонун устуворлиги” мавзусида ўтказилган Ўзбекистон — Америка илмий-амалий семинарини келтириш ўринлидир.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси проректори профессор И.Усмонов бугунги кунда мамлакатда Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Тошкент ислом институти, “Мир Араб” олий мадрасаси, 9 та мадраса, жумладан, 2 та ихтисослаштирилган хотин-қизлар билим юрти, Тошкент православ диний семинарияси, Тошкент протестант семинарияси каби ўқув муассасалари фаолият юритётганини хусусида тўхталди.

Бундан ташқари, кейинги йилларда Ўзбекистон ислом цивилизацияси маркази ва Имом Бухорий ҳамда Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари ташкил этилган. Вилоятларда калом, ҳадис, фикҳ, ақида ва тасаввуф илми мактаблари очилган. Шунингдек, Ўзбекистон тўлиқ Инжил христианлари маркази, Ўзбекистон Инжил христиан-баптистлар черковлари иттифоқи фаолият юритмоқда.

Ўзбекистон халқаро ислом академиясида “Диншунослик”, “Фикҳ”, “Қуръон”, “Ҳадис” каби янги диний мутахассисликлар бўйича ўқув режаси жорий этилди. Академияда диний таълим соҳасида малакали кадрлар тайёрлаш мақсадида “Қуръоншунослик ва ҳадисшунослик”, “Ислом тарихи ва манбашунослик”, “Ақида” каби кафедралар очилди. Ушбу диний мутахассисликлар бўйича 100 нафар талаба ўқишга қабул қилинган.

Парламент эшитувида БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг Дин ва эътиқод эркинлиги масаласи бўйича махсус маърузачиси А.Шаҳид нутқ сўзлади. У Ўзбекистонда эътиқод эркинлигини таъминлаш соҳасида сезиларли ўсишга эришилганини эътироф этди.

Парламент эшитувининг бошқа иштирокчилари ҳам Ўзбекистонда давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларида муҳим ислоҳотлар рўй бераётганини таъкидладилар. Диний конфессиялар вакиллари таъкидлаганларидек, қонунчилик ва амалиётдаги ўзгаришлар давлат диний соҳадаги сиёсатни амалга ошириш йўлида реал ва жиддий қарорлар қабул қилганининг яққол тасдиғидир.

Шу билан бирга, мамлакатимизда COVID-19 пандемияси шароитида инфекция тарқалиб кетишининг олдини олишда турли диний ташкилотлар вакиллари ҳам катта ҳисса қўшаётгани алоҳида қайд этилди. Турли конфессиялар етакчи намояндаларининг коронавирус инфекцияси юқишининг олдини олиш бўйича аҳоли орасида олиб бораётган фаол тарғиботи ва кенг маърифий фаолияти юртимиздаги санитария-эпидемиологик вазиятга ижобий таъсир кўрсатди.

Парламент эшитуви якунида билдирилган таклиф ва тавсияларни инобатга олган ҳолда, “Йўл харитаси”да назарда тутилган тадбирларни самарали бажаришга доир қарор қабул қилинди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech