Туркистон ўлкаси Ўзбек этник-маданият марказига китоблар топширилди

Мамлакатимизнинг Ақтау шаҳридаги Бош консулхонаси Қозоғистондаги Ўзбекистон этник-маданият марказлари билан изчил ҳамкорлик қилиб, мунтазам равишда турли тадбирлар ташкил этмоқда. Яқинда Туркистон ўлкасида уюштирилган учрашувда мамлакатимиз Ёзувчилар уюшмаси томонидан ажратилган ўзбек тилидаги 300 га яқин китоб Ўзбек этник-маданият марказига топширилди. Маҳаллий ўзбеклар маданий-маърифий муҳитини бойитишга хизмат қиладиган бу асарлар Туркистон шаҳридаги мактаблар кутубхоналарига ҳам тарқатилади.

Баҳодир Ирисметов бошчилигидаги ўлкадаги Ўзбек этник-маданият маркази жамоаси ва “Жанубий Қозоғистон” маҳаллий газетаси раҳбарияти ҳам иштирок этган мулоқот давомида ўзбек тили ва анъаналари билан боғлиқ маданий тадбирлар ташкил этиш бўйича келгуси режалар, жумладан Туркистонда ўзбек тили байрамини ўтказиш имконияти муҳокама қилинди.

Маданий-маърифий фаолият доирасида “Ватандошлар” жамоат фонди билан ҳамкорлик масаласи ҳам кўтарилди.

Бир сўз билан айтганда, мазкур учрашув Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида маданий алоқани мустаҳкамлаш, хусусан Туркистон ўлкасида истиқомат қилаётган ўзбек миллатига мансуб аҳолини қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этади.

Азиза Алимова тайёрлади.

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech