Жорий йилнинг 9 август куни Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси мажлиси бўлиб ўтди.
Унда “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида маҳаллий давлат ҳокимиятининг конституциявий асослари такомиллаштирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун муҳокама қилинди.
Мажлисда Қўмита аъзолари, экспертлар гуруҳи аъзолари, Бош прокуратура, Адлия вазирлиги, Омбудсман, Адвокатлар палатаси вакиллари, Ёшлар парламенти аъзолари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашининг тегишли доимий комиссиялари раислари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Янги таҳрирдаги Конституцияда маҳаллий Кенгашларнинг давлат ҳокимияти вакиллик органлари сифатидаги ролини кучайтириш муҳимлигига, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг янада самарали моделини яратиш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилган.
Шу нуқтаи назардан, муҳокамада этилган Қонун билан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолияти янги Конституция тамойилларига мувофиқлаштирилмоқда.
Жумладан, ҳоким ва маҳаллий Кенгаш раиси лавозимлари бир-биридан ажратилиб, эндиликда ҳоким маҳаллий Кенгаш раиси бўла олмаслиги белгиланмоқда.
Қонун билан вилоят, туман, шаҳар ҳокими ваколатлари ва вазифаларига айрим ўзгартиришлар киритилмоқда, унга кўра ҳоким ўз номзодини кўриб чиқишда маҳаллий Кенгашга ҳудудни ривожлантириш дастурини тақдим этиши қайд этилмоқда.
Шу билан бирга, Қонунда маҳаллий Кенгаш раиси ваколатлари ҳам кенгайтирилиши назарда тутилган. “Кенгаш сўрови” ва “Кенгаш текшируви” институтлари жорий этилиши белгиланмоқда.
Муҳокама давомида сенаторлар томонидан ушбу Қонун маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг янада самарали ва демократик тизимини яратишга хизмат қилиши таъкидланди.
Шунингдек, Қонун маҳаллий Кенгашларнинг давлат ҳокимияти вакиллик органи сифатидаги ролини кучайтириши, ҳокимлар ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг аҳоли олдидаги масъулиятини ошириши, ҳудудий муаммоларни янада самарали ҳал этишни таъминлаши қайд этилди.
Қизғин муҳокамалардан сўнг Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати
- Қўшилди: 09.08.2024
- Кўришлар: 1205
- Чоп этиш