Веб-сайт эгалари фаолиятининг аниқ шартлари белгиланади

Бугун интернет ва ижтимоий тармоқлар ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб улгурди. Ушбу медиа олами инсонларнинг ахборотга бўлган эҳтиёжини тезкор қондириш, воқеа-ҳодисалардан хабардор бўлиш, жамиятдаги долзарб муаммоларни муҳокама қилишда муҳим восита бўлмоқда. Ана шундай шароитда онлайн-платформалар фойдаланувчиларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини қонун асосида аниқ мустаҳкамлаб қўйиш, фуқароларни ёлғон ахборотлардан ҳимоя қилиш долзарб аҳамиятга эга.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги вакиллари томонидан қатор давлат ва жамоат ташкилотлари, медиа-соҳаси экспертлари иштирокида соҳани тартибга солувчи тўғридан-тўғри амал қиладиган яхлит қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Лойиҳанинг мақсади – фуқароларнинг онлайн-платформалар ва веб-сайтлардан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқларини қонун даражасида белгилаш, уларни ёлғон ахборот, нафрат уйғотувчи, зўравонлик ва шафқатсизликни тарғиб қилувчи ноқонуний контентлардан ҳимоя қилишдан иборат. Унда онлайн-платформалар соҳасидаги амалдаги қонунчилик сезиларли либераллаштирилиб, тартибга солишдаги мавжуд бўшлиқларни бартараф этишга қаратилган қатор нормалар назарда тутилган. Шунингдек, қонун лойиҳасида инфлюенсер ва блогерлар масъулияти ажратилиб, блогерлар мажбуриятлари сезиларли енгиллаштирилмоқда.

Ҳужжат лойиҳасидаги нормалар онлайн-платформалар фойдаланувчилари ҳуқуқларини қонун даражасида мустаҳкамлаш, Интернет тармоғида ахборот тарқатиш тартиблари борасида ҳуқуқий аниқлик ва изчилликни таъминлаш, онлайн-платформалар ва веб-сайт эгалари учун Ўзбекистонда фаолият юритишнинг аниқ шартларини белгилаш, уларнинг бизнес моделлари учун шарт-шароитларни аниқ прогнозлаш имкониятини яратишга хизмат қилади. Шунингдек, ахборот соҳаси иштирокчилари, жумладан, онлайн-платформалар, блогерлар, инфлюенсерлар ҳамда соҳани тартибга солувчи давлат органлари ўртасида ўзаро мулоқот ва конструктив ҳамкорлик учун ҳуқуқий асосларни такомиллаштиради. Интернетдан фойдаланиш хавфсизлиги даражасини ошириш, болалар соғлигига хавф солувчи ахборотлардан ҳимоя қилиш бўйича аниқ механизмларни яратади.  

Мазкур қонун лойиҳаси парламент қуйи палатасининг Инновацион ривожланиш ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси томонидан Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ва медиа соҳаси экспертлари иштирокида муҳокама қилиниб, уни жамоатчилик муҳокамасига қўйиш бўйича хулоса қилинди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech