Парижда “WomenInTech” Глобал Жаҳон технология ҳамжамиятининг халқаро саммити бўлиб ўтди. Ушбу саммитнинг энг муҳим воқеалардан бири – Ўзбекистоннинг илк иштироки бўлди.
Саммитнинг мақсади иштирокчилар учун фикр ва тажриба алмашишда муҳим платформа яратишдан иборат. Панель муҳокамалари, тақдимотлар ва тармоқ имкониятлари орқали тадбир етакчи аёлларнинг имкониятларини кенгайтириш, инклюзивликни рағбатлантириш ва технологик ландшафтда ижобий ўзгаришларни рағбатлантиришга қаратилган бўлиб, унда 50 дан ортиқ давлатдан 450 нафар делегация вакиллари ҳамда 70 нафар маърузачи иштирок этди.
Саммитда Ўзбекистон делегацияси ҳам қатнашди ва Рақамли технологиялар вазири маслаҳатчиси Камола Собирова “Beyond Glass Ceilings: Women in Tech Leadership” (Кўринмас тўсиқлар ортида технологияда аёллар етакчилиги) мавзусига бағишланган панель муҳокамаларида иштирок этди.
Ўз нутқида К.Собирова мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг турли соҳа ва тармоқларда ўз қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқариш учун шарт-шароит яратилиши давлат сиёсатига айлантирилгани ҳамда хотин-қизларни айнан СТEМ касбларига жалб қилишда вазирлик кесимида олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот бериб ўтди.
Ўзбекистон “WomenInTech” ташкилотига 2023 йилнинг март ойида аъзо бўлиши ва 2024 йилга келиб ушбу тадбирда илк бор иштирок этиши унинг глобал технология соҳасида эришган нуфузи ва аҳамиятидан дарак беради.
Тадбирнинг иккинчи кунида “Sinov” мобил VR иловасини яратган ўзбекистонлик ITчи қизлар иштирокида тайёрланган “Аёл йўли” видеоси саммит қатнашчиларига тақдим этилди. “Sinov” лойиҳасининг иштирокчиларидан бири Гулноза Абдурашидова ҳам панель муҳокамасида қатнашиб, ўз тажрибасини бўлишди.
Маълумот учун: 2018 йилда ташкил этилган “WomenInTech” ташкилоти 2030 йилга қадар 5 миллион хотин-қизларни технология оламига жалб қилишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган ва ҳозирги кунда дунё бўйлаб 179 мамлакатдан 9000 дан ортиқ элчилар ва 80 минг техник экспертлар билан тармоқни кенгайтириб бормоқда.
Ўзбекистон учун “WomenInTech” саммитида иштирок этиш катта истиқболга эга. Мамлакат ўзининг рақамли инфратузилмасини мустаҳкамлаш ва инновацияларни юксалтиришга интилаётгани сабабли бундай тадбирлар мамлакатнинг IТ салоҳиятини тарғиб қилиш орқали халқаро платформада хорижий IТ компаниялари учун Ўзбекистон IТ потенциали жозибадорлигини ошириш, билим алмашиш, тармоқ ва ҳамкорлик учун имкониятлар яратади.
Эътиборли жиҳати, тадбир якунида “Women in Tech CCA Awards” саммитини жорий йилнинг октябрь ойида Ўзбекистонда ўтказиш ғояси илгари сурилди.
ЎзА
- Қўшилди: 14.05.2024
- Кўришлар: 1550
- Чоп этиш