Пойтахтимизда Халқаро ҳамкорлик ташаббуслари ҳафталиги давом этмоқда. Жаҳон ҳамжамияти диққат-эътиборини тортган мазкур нуфузли анжуманда 300 дан зиёд давлат ва сиёсат арбоблари, йирик бизнес вакиллари, экспертлар ҳамда қатор халқаро ташкилот, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирок этмоқда.
Ҳафталик доирасида “Сайловлар демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва янгиланган Конституцияни амалда татбиқ этишнинг янги босқичи сифатида” мавзусида ташкил этилган экспертлар муҳокамасидан сўнг, ЎзА мухбири Латвиянинг Туриба университети профессори Раймундас Колесникас билан суҳбатлашди:
– Аввало, Ўзбекистонга хуш келибсиз! Пойтахтимизда ташкил этилган халқаро ҳамкорлик ташаббуслари ҳафталиги, унда кўрилаётган масалалар ва мамлакатимиз ҳаёти учун муҳим бўлган сайлов тизими хусусида қандай фикрдасиз?
– Халқаро экспертлар ва маърузачиларни мазкур ҳафталикда иштирок этиш учун Ўзбекистонга таклиф қилган ташкилотчиларга миннатдорлик билдираман. “Сайловлар демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва янгиланган Конституцияни амалда татбиқ этишнинг янги босқичи сифатида” мавзусидаги илк сессияда қизғин муҳокама олиб борилди. Бизга, энг аввало сайлов тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар хусусида атрофлича ахборот берилди.
Мамлакатда демократик асосни мустаҳкамлаш йўлида қилинадиган ишлар, жумладан, сайловлар жараёнлари осон кечмайди, чунки ҳар бир мамлакатда ислоҳот қилишда тўсиқлар, муаммолар бўлиши табиий. Бироқ, Ўзбекистон бугун турли қийинчиликларни енгиб ўтишга муваффақ бўлаётганини кўриб турибмиз.
Ислоҳотнинг асосий муваффақияти сиёсий иродадир. Кузатувчи мутахассис сифатида қайд этишим мумкинки, республика президенти ислоҳотлар қилишда жуда катта сиёсий ирода кўрсатяпти. Ушбу юқори даражадаги ҳамкорликларни нафақат сиёсий партиялар ва сиёсатчиларга, балки хорижлик мутахассислар ва жаҳон ҳамжамиятига етказиш жуда муҳимдир.
Ўзининг ислоҳотлари билан дунёга очилаётган Ўзбекистон савдо-саноат, иқтисодиёт каби энг муҳим йўналишларда ривожланиб боряпти. Ўйлайманки, жамият ислоҳот нима учун кераклигини тушунмоқда.
– Инсон ҳуқуқлари бўйича эришилаётган ютуқларни профессор, халқаро эксперт сифатида қандай баҳолайсиз?
– Инсон ҳуқуқлари бугунги кунда глобал дунёда жуда муҳим масаладир. Бутун ислоҳот жараёни инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқлигини кўряпмиз. Шу боис, гендер масалаларида инсон ҳуқуқларини тарғиб қилиш, аёлларнинг сайлов жараёнида иштирок этиши, айниқса қувонарли ва биз ҳар вақт ушбу қадамларни қўллаб-қувватлаймиз.
Аниқроқ айтадиган бўлсак, мамлакатдаги ижобий ислоҳотлар, рақам-кўрсаткичлар жуда юқори эканига гувоҳ бўлдим. Масалан, аёлларнинг сайлов жараёнида иштирок этишини тарғиб қилишда яхши ютуқларга эришилаётгани ҳам кўрсаткичлардан биридир.
Жумладан, инсон ҳуқуқларини амалга ошириш учун қонун устуворлиги каби платформа ва ҳуқуқий механизмлар мавжуддир, хусусан, ёшлар, болалар ва сайловчилар ҳуқуқлари шулар жумласидан. Ҳар бир сайловчи парламент сайлов тизимида ва бошқа сайловларда иштирок этиш имкониятига эга.
Беҳруз Худойбердиев суҳбатлашди.
Аслиддин Алижонов (видео), ЎзА
- Қўшилди: 21.10.2024
- Кўришлар: 560
- Чоп этиш