Халқаро онлайн-конференция: Пандемия даврида ОАВга доир қонунчилик

21 декабрь куни "Пандемия даврида ОАВга доир қонунчилик" мавзуида халқаро онлайн-конференция бўлиб ўтди.

“Иқтисодиёт олий мактаби” Миллий тадқиқот университетининг "Муаллифлик ҳуқуқи, туташган, маданий ва ахборот ҳуқуқлари бўйича UNESCO кафедраси" халқаро илмий-маърифий маркази томонидан ташкил этилган ушбу анъанавий илмий-амалий анжуман Россия Федерациясининг 1991 йил 27 декабрда "Оммавий ахборот воситалари тўғрисида"ги қонуни қабул қилинган санага бағишланди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов иштирок этди ва маъруза қилди.

Академик А.Саидов таъкидлаганидек, биз яшаётган XXI аср – бу том маънода глобал ахборот жамияти шиддат билан шаклланиб бораётган ахборот асридир. Бугун ахборот жамият тараққиётининг бош омили сифатида намоён бўлмоқда. Ахборот ва билим энг муҳим миллий ва дунёвий бойликка, уларни яратиш ва тарқатишни таъминлайдиган тизимлар эса, барқарор ривожланишнинг стратегик омилларига айланмоқда.

Фикр ва сўз эркинлиги ҳар қандай демократиянинг жон томиридир. Фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳамда уни ифодалаш инсоннинг энг муҳим ҳуқуқларидан бири ҳисобланади. Аммо, демократия ва сўз эркинлиги – бу исталган нарсани қонунга хилоф равишда, ҳеч қандай масъулиятни ҳис қилмасдан айтавериш дегани эмас. Бу, аввало, катта масъулиятдир.

Айниқса, COVID-19 ҳақидаги нотўғри ва чалғитувчи маълумотлар коронавирусдан ҳам хавфлидир. Шуни эътиборга олган ҳолда, илғор халқаро тажриба ва хорижий амалиётга таяниб, Ўзбекистонда, бир томондан, сохта ахборотларга раддиялар учун мўлжалланган бир қатор янги Интернет сайтлари ташкил этилган бўлса, иккинчи томондан, оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги қонунчилик янада такомиллаштирилмоқда.

Онлайн-конференция ишида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг ОАВ бўйича экспертлари, Хитой, АҚШ, Франция, Италия, Финляндия ҳамда Ирландия мамлакатларининг атоқли олимлари, Россия Федерациясининг "Оммавий ахборот воситалари тўғрисида"ги қонуни муаллифлари ва таниқли ҳуқуқшунослар, ҳуқуқ амалиётчилари, оммавий коммуникациялар бўйича мутахассислар, Россия Федерацияси Федерал Мажлисининг иқтисослашган қўмита ва комиссиялари аъзолари, ижро ҳокимиятининг федерал органлари намояндалари қатнашди.

Шунингдек, тадбирда Россия Федерацияси Президенти ҳузуридаги Фуқаролик жамиятини ривожлантириш ва инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш, Россия Федерацияси Жамоат палатаси, Адвокатлар федерал палатаси, Россия Муаллифлар жамияти ва Журналистлар уюшмаси вакиллари, олий ўқув юртлари талабалари, аспирантлари ва тадқиқотчилари, шунингдек ОАВ ходимлари иштирок этди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech