Бу йил Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 80 йиллиги нишонланади.
Маълумки, кўп миллатли Ўзбекистон халқи бутун тараққийпарвар инсоният қатори ўша қонли урушда фаол иштирок этиб, тинчликни қарор топтиришга муносиб ҳисса қўшган.

2025 йил 20 февралда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 80 йиллиги ҳамда Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни муносиб нишонлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Шу муносабат билан жойларда “Ватан равнақи, тинчлиги ва ҳимояси йўлидаги қаҳрамонликлар унутилмайди” шиори остида маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилмоқда.
Жумладан Тошкент, Санкт-Петербург ва Минск шаҳарларида турли тадбирлар доирасида давра суҳбати ва конференциялар, урушда жанг қилган юртдошларимиз, қамалда қолган шаҳарлардан Ўзбекистонга эвакуация қилинган аҳоли ҳақидаги архив фото, видео ва ҳужжатли материаллар кўргазмалари, шунингдек ўзбек режиссёрларининг кино асарлари намойиш этиляпти.

Ушбу анъананинг давоми сифатида Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Халқ дипломатияси маркази томонидан “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси билан ҳамкорликда уруш қаҳрамони Ғулом Ёқубовга бағишланган “Жасоратинг мангу” халқаро хотира дарси ўтказилди.
Андижон вилояти Асака тумани Мирзаобод қишлоғида туғилиб ўсган Ғулом Ёқубов уруш бошланганда биринчилардан бўлиб ўз ихтиёри билан фронтга отланди. У 1-Белоруссия фронти 3-армиясининг 169-ўқчи дивизияси 556-ўқчи полки автоматчилар ротасига сардорлик қилган.

Мард жангчи шарафига Минск шаҳри ва Андижон вилояти Асака шаҳридаги кўчалар номланган, Асака ва Андижон шаҳарларида бюст ўрнатилган. 2022 йил август ойида эса Беларусь пойтахтидаги бир мактабга қаҳрамоннинг номи берилди.
Хотира дарсини ўтказишдан кўзланган мақсад халқимизнинг буюк жасорати хотирасига мурожаат қилиш орқали ўқувчилар қалбида фуқаролик ва ватанпарварлик туйғусини кучайтиришдан иборат эди.

Минск шаҳридаги Ғулом Ёқубов номли 36-сонли ўрта мактаб, Могилёв вилояти Бихов туманидаги “Лудчици ўрта мактаби”, Андижон вилояти Асака туманидаги 26-сонли, Тошкент шаҳридаги 210-сонли ва 145-сонли умумтаълим мактаблари ўқувчи, ўқитувчилари иштирок этган тадбирни Беларусь Республикасининг Тошкентдаги элчихонаси ва “Свитанак” Беларусь маданият маркази вакиллари фахрий меҳмон сифатида кузатишди.
Марказ директори Қобилжон Собиров юртдошларимиз жасорати ҳақидаги тарихий маълумотларни келажак авлодларга етказиш зарурлигига тўхталди. Уруш даврида Ўзбекистон юксак инсонпарварлик намунасини кўрсатгани, халқимиз эса республикага эвакуация қилинган турли миллат вакилларига нисбатан беғараз саховат, самимий ғамхўрлик намоён этганини таъкидлади.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси директори Ш.Юсупов Президентимиз бошчилигида мамлакатимиз ҳукумати томонидан Иккинчи жаҳон уруши йилларида юртдошларимизнинг фронт ва фронт ортидаги жасоратини ёш авлодга кенг тушунтириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида сўзлади.

Мамлакатимизнинг Беларусдаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Раҳматилла Назаров мазкур тадбир икки халқ ўртасидаги муносабатда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. Шунингдек, уруш йиллари Беларусь заминини ҳимоя қилган ўзбекистонликлар ҳақида сўзлаб берди. Элчи хотира дарси иштирокчиларига Беларусда нашр этилган “Ҳамма учун бирдек Ғалаба” асарини тақдим этди. Ушбу китобда мингдан ортиқ аскар ватандошимиз исми-шарифи киритилган “Унутилмас номлар” хотира рўйхати эълон қилинган.

Хотира дарси давомида Ғ.Ёқубовнинг жасорати ҳақида ҳикоя қилинди, жангчи дафн этилган жойда олинган суратлар, Беларусь ва Ўзбекистон ҳудудида қаҳрамон хотирасини абадийлаштириш мақсадида амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берилди. Яқин қариндошлари хотиралари акс этган, қадрдон қишлоғида тасвирга олинган видео лавҳалар намойиш этилди. Ёшларнинг бадиий чиқишлари тадбирга ўзгача шукуҳ бағишлади.


Ўзбекистонда ШҲТ Халқ дипломатияси маркази матбуот хизмати билан ҳамкорликда тайёрланди.
Ғ.Хонназаров, ЎзА
- Қўшилди: 03.03.2025
- Кўришлар: 761
- Чоп этиш