Бутунхитой халқ вакиллари конгресси шу ҳафта мамлакатда пенсия ёшини кўтариш бўйича расмий режасини баён қилди. Маълум бўлишича, ушбу давлатдаги айни чегара дунёдаги энг паст кўрсаткичлардан бири экан.
Ушбу лойиҳа ўнлаб йиллар давом этган меҳнат қонунчилигини ўзгартириш ва ишчи кучи қисқариши натижасида юзага келган иқтисодий босимни юмшатиш йўлидаги муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.
“AзерТAЖ” хабарига кўра, ҳукмрон Коммунистик партия июль ойида пенсия ёши босқичма-босқич оширилишини маълум қилган эди. Чин диёрида ҳозир пенсия чиқиш вақти эркаклар учун 60 ёш. Бу кўпгина иқтисодиёти ривожланган юртларга нисбатан олти йил паст. Давлат ташкилотида ишлайдиган аёллар учун 55, фабрикада меҳнат қилаётган хотин-қизлар учун 50 ёш этиб белгиланган.
Фуқаролар узоқ ишлаши пенсия бюджетидаги босимни енгиллаштиради. Хитойнинг кўплаб провинцияларида аллақачон сезиларли дефицит мавжуд. Айни вазият пенсия кечикиши, кекса ходимлар ишида узоқроқ қолишини талаб қилади. Бу ҳаммага ёқмаслиги мумкин.
Ислоҳот зарурлиги аён, чунки 2050 йилга бориб ўртача умр кўриш 80 ёшдан ошади. Шу билан бирга кексаларни қўллаб-қувватлаш учун зарур бўлган мавжуд меҳнатга лаёқатли аҳоли сони қисқармоқда.
Маълумотга кўра, миллий соғлиқни сақлаш идоралари 2035 йилга бориб 60 ёшдан ошганлар сони 280 миллиондан 400 миллионга кўпайиши кутиляпти. Ҳозир ҳар бир хитойлик нафақахўр ўн йил аввалги кўрсаткичнинг ярми, яъни беш нафар ишчининг бадали ҳисобига қўллаб-қувватланади. Мазкур нисбат 2030 йил 4х1, 2050 йилга бориб 2х1 кўриниш олади.
"Синьхуа" нашрининг “Weibo” ижтимоий тармоғида 100 мингдан кўп одам айни муаммо бўйича фикр-мулоҳаза қолдирган. Изоҳларда ёшлар ўртасида ишсизлик билан боғлиқ вазият ёмонлашаётгани, пенсия тўлови кечикиши туфайли кексалар узоқ ишлаётганидан хавотир билдирилган.
Г.Сатторова,
ЎзА
- Қўшилди: 12.09.2024
- Кўришлар: 779
- Чоп этиш