Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан жорий йил 7 март куни Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган тантанали йиғилишда мамлакатимизда аёллар тадбиркорлигини янги босқичга кўтариш ва уларнинг бандлигига кўмаклашиш борасида қатор вазифалар белгилаб берилди ҳамда “Хотин-қизларнинг тадбиркорлигини йўлга қўйиш ва ривожлантиришни қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ПҚ-122-сонли қарори қабул қилинди.
Жорий йилнинг 7 август куни Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси томонидан хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш учун грант маблағларини (100 млн доллар) жалб этиш масаласига бағишланган йиғилиш ўтказилди. Унда Сенат аъзолари, масъул вазирлик ва идоралар вакиллари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, сиёсий партиялар вакиллари иштирок этди.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда кичик бизнес, хусусий ва оилавий тадбиркорликни ривожлантириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Йил бошидан 3,5 млрд долларлик 3 мингта лойиҳа ишга туширилиб, 76 мингта юқори даромадли доимий иш ўрни яратилди. Тадбиркорлик учун 82 трлн сўмлик кредит ва 15,5 трлн сўмлик субсидия берилиб, 600 минг аҳоли бизнесга жалб қилинди.
Хотин-қизларнинг тадбиркорлик лойиҳаларини кенг қўллаб-қувватлаш мақсадида грантлар, техник кўмак ва бошқа ташқи беғараз кўмак маблағларини фаол жалб этиш, хорижий давлатлар, халқаро ташкилотлар ва жамғармалар билан алоқаларни ривожлантириш бўйича долзарб вазифалар ҳам муҳокама қилинди.
Тадбирда вазирлик ва идоралар, нодавлат ташкилотлар вакилларига грант олиш юзасидан таклифлар тайёрлаш ва тақдим қилиш тартиби ҳақида тушунчалар берилди.
Ташқи ишлар вазирлигига, Инвестициялар саноат ва савдо вазирлигига хориждаги ваколатхоналар билан биргаликда халқаро донор ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш ва тайёрланган таклифларни уларга етказиш бўйича кўрсатмалар берилди. Бунда Саудия Арабистони, Қатар, Япония, Жанубий Корея ва Германия каби давлатларга алоҳида эътибор қаратиш кераклиги айтиб ўтилди.
Шунингдек, масъул вазирлик ва идоралар билан биргаликда 14 йўналишда хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантиришга халқаро молия ташкилотларининг грант маблағларини жалб этиш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқилди.
Манфаатдор вазирлик ва идоралар томонидан тайёрланган жами 140,5 млн доллар миқдорида ўзбек тилидаги 59 та грант лойиҳаси концепциялари бўйича фикр ва таклифлар билдирилди.
Йиғилишда келгусидаги режалар ҳам белгилаб олинди.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати
- Қўшилди: 07.08.2024
- Кўришлар: 1426
- Чоп этиш