20 ноябрь – Жаҳон болалар куни. Бу йил мазкур санада Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси қабул қилинганлигининг 31 йиллиги ҳамда Бола ҳуқуқлари декларациясининг 61 йиллиги ҳам нишонланмоқда.
Шу муносабат билан ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан мамлакатимиз давлат ва нодавлат ташкилотлари ҳамкорлигида халқаро анжуман ўтказилди. Тадбирда Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси, вазирлик ва идоралар, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича миллий институтлар, илмий-академик муассасалар ва оммавий ахборот воситалари, шунингдек халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Халқаро анжуманда онлайн тарзда қатнашган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов, авваламбор, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кунннинг эртасигаёқ мустақил навқирон мамлакатимиз БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини ратификация қилганига эътиборни қаратди. Зеро, Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияда болаларнинг барча ҳуқуқ ва эркинликлари халқаро миқёсда кафотланган.
Бу муҳим далил юртимизда болаларга бўлган юксак эътиборнинг яна бир ўзига хос намунасидир. Ўтган йили Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ташаббуси билан Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциянинг 30 йиллиги мамлакатимизда кенг миқёсда байрам қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, «Биз учун жамиятда бегона бола йўқ ва бўлмаслиги керак. Ҳаммаси ўзимизнинг, Ўзбекистонимизнинг болалари. Вақтида меҳр кўрсатсак, ишга, илмга, касбу ҳунарга, эзгу фазилатларга ўргатсак, уларнинг йўлини очиб берсак, эртага фойдаси ўзимизга, жамиятимизга тегади».
Янги Ўзбекистонда оналик ва болаликни қўллаб-қувватлаш, болаларнинг маънавий ва жисмоний ривожланиши учун шарт-шароитлар яратиш масалалари алоҳида ва доимий эътиборда турибди. Айниқса, БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси талабларини бажариш борасида катта кўламдаги ишлар амалга оширилмоқда.
Пандемия шароитида ҳам болаларнинг барча ҳуқуқларини изчил рўёбга чиқаришга интилмоқдамиз. Жумладан, мамлакатимизда ҳар бир боланинг билим олишга оид ҳуқуқини таъминлашга жидий аҳамият берилмоқда.
Бу ҳақда сўз борганда, 2020 йил 23 сентябрь куни "Таълим тўғрисида"ги Қонуннинг халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган янги таҳрири қабул қилинганини таъкидлаш лозим. Янги Қонун Ўзбекистонда таълим соҳасини тубдан ислоҳ қилиш, болаларнинг таълим олиш ҳуқуқларини мустаҳкамлаш ҳамда халқаро стандартлар асосида таълим хизматларини ташкил этиш мақсадларига хизмат қилади.
Кейинги йилларда таълим ва тарбия соҳасида кенг кўламли туб ўзгаришлар юз бермоқда. Хусусан, 2025 йилга бориб 3-7 ёшдаги болаларнинг 74,5 фоизини мактабгача таълим билан қамраб олишни назарда тутувчи Мактабгача таълим тизимини ривожлантириш концепцияси ҳаётга жорий этилмоқда. Юртимизда 11 йиллик мактаб таълими тизими қайта тикланди.
2020 йил сентябрь ойидан бошлаб, ўқувчиларнинг хоҳиш- истакларидан келиб чиққан ҳолда, мактабгача таълим ташкилотлари, умумтаълим ва касб-ҳунар мактабларида таълим жараёни онлайн ва анъанавий тарзда амалга оширилмоқда.
БМТ Бош котиби Антониу Гуттеришнинг “Ҳар бир боланинг барча ҳуқуқларига амал қилиниши керак” деган даъватига асосан мамлакатимизда сўнги 2 йилда муайян ижобий тажриба тўпланди.
2019 йил 22 апрелда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинган “Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларимизни янги босқичга олиб чиқди. Жумладан, Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозими жорий этилди.
Оилада боланинг манфаатларига тааллуқли ҳар қандай масала ҳал қилинаётганда, шунингдек ҳар қандай суд муҳокамаси ёки маъмурий муҳокама даврида боланинг фикри инобатга олиниши белгилаб берилди.
Янги парламентнинг қонун ижодкорлиги йўналишида ҳам бу борада муҳим натижаларга эришилди. Аввало, 2020 йил 10 мартда “Бола ҳуқуқларининг қўшимча кафолатлари белгиланиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Қонун қабул қилинди.
Шу билан бирга, Олий Мажлис палаталари ва Ҳукуматнинг қўшма қарори билан Болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларга қулай шарт-шароит яратишга оид миллий ҳаракатлар дастури тасдиқланди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси доирасида ҳам болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Айни чоғда, мактабгача таълим ва умумтаълим муассасаларида, академик лицей ва коллежларда "Инсон ҳуқуқлари", "Бола ҳуқуқлари" ўқув курсларини жорий этиш вазифаси белгиланган. Ҳозирги вақтда Марказ томонидан шу соҳага тааллуқли ўқув курси дастури ва “Бола ҳуқуқлари” дарслиги тайёрланмоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ҳузуридаги Ёшлар парламенти Жаҳон болалар куни муносабати билан онлайн кўрик-танлов ўтказди. Танловда 7 ёшдан 18 ёшгача бўлган ўқувчи-ёшлар ўзларининг энг яхши ижро этган қўшқлари, бола ҳуқуқларига доир ижод этган видеоролик ва расмлари билан иштирок этди.
Танлов ғолиблари бугун @YoshlarParlamenti_Senat телеграм каналида эълон қилинди. Ғолибларга ҳамкор ташкилотлар томонидан диплом ва эсдалик совғалари топширилади.
Халқаро анжуман доирасида халқаро ва миллий экспертлар, болалар ташкилотлари вакиллари, бола ҳуқуқлари ҳимоячилари сўзга чиқди.
Иштирокчилар эътиборига, шунингдек Жаҳон болалар куни ва Ўзбекистон болалари ҳаётига бағишланган видеолавҳалар намойиш этилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 20.11.2020
- Кўришлар: 4361
- Чоп этиш