Бугун, 2024 йил 31 октябрь куни Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда 27 октябрь куни бўлиб ўтган сайловда янги сайланган депутатларни рўйхатга олиш ва бошқа масалалар кўриб чиқилди.
Мажлисда МСК Раиси З.Низомхўжаев Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар, туман ва шаҳар Кенгашларига сайловларда жами 15 миллион 27 минг 529 нафар сайловчи овоз берганини, бу сайловчилар умумий сонининг 74,72 фоизини ташкил этишини қайд этди. Шунингдек, фуқароларимизнинг сайловлар жараёнига қизиқиши сезиларли даражада ошгани, бу сайловларга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишда яққол сезилганини таъкидлади.
Мажлисда Сайлов кодексига мувофиқ, парламент қуйи палатасига сайлов якунлари кўриб чиқилар экан, бир мандатли сайлов округларидан сайланган 75 нафар ҳамда ягона сайлов округидан партия рўйхати асосида сайланган 75 нафар, жами 150 нафар депутатлар рўйхатга олинди.
Қайд этилганидек, ягона сайлов округи бўйича Олий Мажлис Қонунчилик палатасига депутатлар сайлови натижалари бўйича Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси – 26 та, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси – 14 та, Ўзбекистон Экологик партияси – 10 та, Ўзбекистон Халқ демократик партияси – 13 та, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси – 12 та депутатлик ўрнига эга бўлди.
Бир мандатли сайлов округлари бўйича эса ЎзЛиДеПдан – 38 нафар, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан – 15 нафар, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан – 9 нафар, Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан – 7 нафар, Ўзбекистон Экологик партияси – 6 нафар номзод депутат этиб сайланди.
Депутатликка номзодларга ва партияларга берилган овозлар бўйича Қонунчилик палатасига сайланган жами 150 нафар депутатлар таркибининг партиявий мансублиги қуйидагича:
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан – 64 та ўрин ёки 42,7 фоиз,
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан – 29 та ўрин ёки 19,3 фоиз,
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан – 21 та ўрин ёки
14 фоиз,
Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан – 20 та ўрин ёки 13,3 фоиз
Ўзбекистон Экологик партиясидан – 16 та ёки 10,7 фоиз ўрин эгаллади.
Мажлисда қайд этилганидек, Қонунчилик палатасига сайлов натижаларига кўра, парламент қуйи палатаси таркиби қарийб 60 фоизга янгиланди. Сайланган депутатларнинг 38 фоизини хотин-қизлар ташкил этиб, бу Ўзбекистон тарихида энг юқори кўрсаткич ҳисобланади. Депутатларнинг барчаси олий маълумотли бўлиб, уларнинг 15 фоизи хорижий давлатларда таҳсил олган, 35 фоизи илмий даражага эга.
Илк бор 3 нафар ногиронлиги бор шахслар депутат этиб сайланди.
Ҳудудий, туман ва шаҳар сайлов комиссиялари томонидан ҳам маҳаллий Кенгашлар сайловларининг якунлари чиқарилди. Таъкидланганидек, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, Тошкент шаҳар ва туман (шаҳар)лар Кенгашларига сайлов натижаларига кўра, маҳаллий Кенгашлар таркиби 59,2 фоизга янгиланди. Янги сайланган депутатларнинг 32,6 фоизи хотин-қизларни ташкил қилди.
Депутатларнинг 4 фоизи – 30 ёшгача, 39,5 фоизи – 30 ёшдан 45 ёшгача, 40,8 фоизи – 45 ёшдан 60 ёшгача, 15,7 фоизи – 60 ёшдан катталарни ташкил этади.
Мамлакатимизда яшаётган бошқа миллат вакиллари сайланган номзодларнинг 11,2 фоизини ташкил қилади. Шу жумладан, улардан 175 нафари тожик, 111 нафари қозоқ, 33 нафари туркман, 29 нафари рус, 21 нафари қирғиз ва бошқа миллатга мансуб.
Депутатларнинг 93,3 фоизи олий маълумотли бўлиб, уларнинг 36,2 фоизи – педагоглар, 18,2 фоизи – иқтисодчилар, 13 фоизи –муҳандислар, 7,6 фоизи – шифокорлар, 5 фоизи – ҳуқуқшунослар, 20 фоизини – маданият соҳаси вакиллари, тадбиркор ва фермерлар ташкил этади. 138 нафар ногиронлиги бор шахслар маҳаллий Кенгашлар депутати этиб сайланди.
Шунингдек, мажлисда Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг, Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг гувоҳномаси ва кўкрак нишони тўғрисидаги низомни тасдиқлашга оид масалалар кўриб чиқилиб, тегишли қарор қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, Аслиддин Алижонов (сурат), Ёқуб Мелибоев (видео), ЎзА мухбирлари
- Қўшилди: 31.10.2024
- Кўришлар: 632
- Чоп этиш