(Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги тантаналари таассуроти)
9 май куни мамлакатимизда Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги кенг нишонланди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев пойтахтимизда ўтказилган байрам тадбирларида иштирок этди.
Давлатимиз раҳбари ушбу шонли сана муносабати билан барпо этилган Ғалаба боғига ташриф буюрди ва дастлаб «Матонат мадҳияси» ёдгорлик мажмуасига гулчамбар қўйди. «Шон-шараф» музейини бориб кўрди.
Президентимиз Ғалаба боғининг фахрий меҳмонлар китобига дастхат ёзди. Боғда кўргазмага қўйилган Иккинчи жаҳон уруши давридаги композициялар инсталляцияси, жумладан, темир йўл вокзали, окоплар, ҳарбий техникалар, қурол-аслаҳаларни кўздан кечирди.
Ғалаба боғидаги амфитеатрда Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди.
Бу галги байрамнинг ўзига хос хусусиятлари
Ана шу тантанали тадбирларда бевосита иштирок этиш асносида, бу галги байрамнинг олдинги йиллардагидан фарқли ва ўзига хос жиҳатлари эътиборимни тортди. Фикримча, жорий йилдаги Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Ғалаба байрамининг қуйидаги хусусиятлари, айниқса, алоҳида аҳамиятга эга.
Биринчидан, байрам тадбирлари биринчи маротаба азим пойтахтимизнинг Хотира майдонида эмас, балки Буюк Ғалабанинг 75 йиллиги шарафига бунёд этилган янги муаззам маскан – Ғалаба боғида бўлиб ўтди. Миллат Сардори таъбири билан айтганда, "бу бетакрор мажмуа қаҳрамон халқимизга муносиб бўлиб, ҳам меъморий жиҳатдан, ҳам тарихий-маънавий жиҳатдан ғоят ноёб ва маҳобатли обида бўлиб қад ростлади".
Мамлакатимиз раҳбари бундан роппа-роса бир йил муқаддам Тошкент шаҳрида муҳташам Ғалаба боғини барпо этиш ташаббусини илгари сурганди. Қисқа муддатда 12 гектарлик улкан майдонда жуда катта ҳажмдаги қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.
Айтиш керакки, бу улкан мажмуани қисқа вақт ичида, айниқса, карантин шароитида якунлаш осон бўлгани йўқ. Лекин, барча қийинчиликларга қарамасдан, моҳир қурувчи ва меъморлар, муҳандислар, турли соҳа мутахассислари, рассом ва ҳайкалтарошлар, азамат ёшларимиз бу вазифани ўзлари учун савобли бир иш деб билиб, туну кун фидокорона меҳнат қилдилар.
Халқимизнинг бунёдкорлик салоҳияти билан ушбу бетакрор мажмуани қуришдек эзгу ташаббус замирида Ўзбекистон халқининг жанг майдонларида ва фронт ортида кўрсатган беқиёс жасорати ва матонатини тарих саҳифаларига муҳрлаш, ёш авлодимизни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш мақсади мужассам. Бундай улуғвор мақсадни рўёбга чиқариш учун айнан Президентимиз Ғалаба боғининг ташаббускори, муаллифи ва бош бунёдкори бўлиб майдонга чиққани таҳсинга сазовор.
Иккинчидан, байрам арафасида нафақат улуғвор бунёдкорлик ишлари амалга оширилди, балки Ўзбекистон халқининг Ғалабага қўшган ҳиссасини янада чуқурроқ ўрганиш борасида ҳам муҳим натижалар қўлга киритилди. Президентимизнинг топшириқлари асосида бу борада оз фурсатда катта илмий тадқиқотлар қилинди.
Илгари ёпиқ бўлган тарихий ҳужжатлар батафсил ўрганиб чиқилди. Чет эллардаги архив ташкилотлари, музейлар, олимлар билан ҳамкорлик натижасида қаҳрамон аждодларимиз ҳақида янги маълумотлар қўлга киритилди.
Биргина мисол: шу вақтга қадар Иккинчи жаҳон урушида Ўзбекистондан 1 миллион 500 мингга яқин киши иштирок этган, деб ҳисобланар эди. Янги топилган маълумотларга кўра, 1 миллион 951 мингга яқин киши урушга сафарбар этилгани аниқланди. Шунингдек, 200 мингдан зиёд аскар ва офицерларимиз жанговар давлат мукофотлари билан тақдирлангани ҳужжатлар орқали ўз тасдиғини топди.
Учинчидан, юртдошларимизнинг фронт ортида кўрсатган беқиёс жасорати ва матонати чуқур ўрганилди. Бинобарин, ўшанда юртимизда қолган аёллар, кексалар, ёш болалар ҳам чинакам қаҳрамонлик кўрсатганлар. Етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган барча одам ҳаловатдан воз кечиб, тинимсиз меҳнат қилган. Республикамиздан жанг майдонларига самолёт ва танклар, қурол-яроғ, улкан миқдорда озиқ-овқат, кийим-кечак ва бошқа маҳсулотлар етказиб турилган.
Тўртинчидан, янги аниқланган маълумотларга кўра, ўша оловли йилларда минглаб уруш қатнашчилари Ўзбекистонда ташкил этилган ҳарбий госпиталларда даволанган. Уруш ўчоғига айланган ўлкалардан юртимизга 1 миллион 500 минг киши, жумладан, 250 мингдан зиёд бола эвакуация қилинган. Халқимиз уларга ўз уйидан жой бериб, сўнгги бурда нонини ҳам баҳам кўрган.
Бешинчидан, коронавирус пандемияси билан боғлиқ эпидемиологик вазиятдан келиб чиққан ҳолда, Ғалаба боғидаги амфитеатрда 9 май – Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган байрам тадбири видеоконференцалоқа шаклида ўтказилди. Расмий маросимда онлайн тарзда иштирок этиш учун Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар марказларида уруш ва меҳнат фахрийлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ҳарбий хизматчилар жам бўлди.
Президент Шавкат Мирзиёев Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 75 йиллиги билан барча фахрийларни, бутун халқимизни қизғин табриклади. Тадбир Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказлари, ҳарбий округлардаги байрам иштирокчиларига намойиш қилинди. Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси, Андижон, Бухоро, Сирдарё вилоятлари ҳокимлари билан видеоалоқа тизими орқали мулоқот қилди.
Давлатимиз раҳбари байрам тадбирига келган уруш ва меҳнат фахрийларининг ҳар бири билан саломлашиб, ҳол-аҳвол сўради. Уларга сиҳат-саломатлик, узоқ умр тилади. Нуронийлар юртимизга тинчлик-осойишталик, элимизга фаровонлик тилаб дуолар қилди.
Карантин туфайли уруш ва меҳнат фахрийларининг аксарияти бу йилги байрамни ўз уйларида нишонлади. Улар телевидение орқали тантаналарни тўғридан-тўғри кузатиб борди.
Бошқача айтганда, коронавирус балоси халқимизнинг аҳиллиги, бирлиги ва ҳамжиҳатлигига шу борада ҳам панд бера олмади. Байрам тантаналари онлайн мақомида янада кенг кўлам ва улкан миқёс касб этди.
Ғалаба боғи – муҳташам бунёдкорлик иншоотларимиз ичра гавҳари
Жорий йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ташкил топганига 75 йил тўлиши муносабат билан БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ушбу халқаро ташкилотнинг инсоният тарихидаги роли ҳақида тўхталди. Бош котиб ўтган 75 йил давомида ер юзида учинчи жаҳон уруши бошланишига йўл қўйилмагани, яъни янги қирғинбарот урушнинг олдини ола билгани БМТнинг асосий ютуғи эканини қайд этди.
Бу бежиз эмас. Чунки Иккинчи жаҳон уруши инсоният тарихидаги энг мудҳиш, энг бешафқат тўқнашув бўлган. Жангу жадаллар Европа, Осиё ва Африка қитъаларида, ҳавою океанларда кечган. Баъзи маълумотларга кўра, бу урушда жами 85 миллионгача инсон ҳалок бўлган. Ер юзи беҳисоб вайронагарчилик ва қаҳатчиликка юз тутган.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари (ҳозирда собиқ) Зайд Раад ал-Ҳусайн Ўзбекистонга расмий ташрифи доирасида 2017 йил 12 май куни ер юзи сайқали саналмиш Самарқанд шаҳримизни зиёрат қилганида, унга ҳамроҳлик қилгандим. Ушбу нуфузли меҳмон ўшанда Иккинчи жаҳон уруши даврида фашистлар истило қилган Голландияга махсус поездда олиб келинган 101 нафар ўзбек аскарининг асирликдаги аччиқ қисмати ҳақидаги журналист тадқиқотларини ўқиб, халқимизнинг меҳрибонлиги ва улуғворлигига ихлоси чандон даражада ортганини сўзлаб берди.
Бу ўринда фашистлар Германиясининг тарғибот бўйича рейхс-министри Йозеф Геббельснинг машъум режасига кўра жанггоҳларда асир олинган ва Европадаги ўлим лагерларидан бири бўлмиш «Амерсфорт»га қамалган ўзбек ўғлонлари тарихи ҳақида сўз бормоқда. Ушбу ҳарбий асирлар Москвага бошланадиган ҳужум олдидан фашист армиясининг руҳини кўтаришга қаратилган "тарғибот фильми"да "жонли ва таъсирчан роль" ўйнаб беришлари керак бўлган. Аммо бу режа амалга ошмаган.
Гап шундаки, лагернинг чор атрофи ўралган серёмғир осмон остидаги қўрасида юртдошларимизга неча кунлаб овқат берилмай, ғайриинсоний шароитларда сақланган. Улар кундузи тоғда тош майдалаш ва ташишга мажбурланиб, кечаси ухлашга имкон берилмасдан, шафқатсиз калтакланган, тинимсиз хўрланган. Кунлардан бир куни лагерга Геббельснинг генераллари бошчилигидаги фашист амалдорлари, шунингдек кино операторлари ва режиссёрлардан иборат катта бир ижодий гуруҳ келади.
Шу муносабат билан озода ва саришта либослардаги кўркам кўринишли фашист офицерлари эзилган ва азоблардан букчайиб қолган жулдур кийимлардаги ўзбеклар қаршисида саф тортади. Чироқлар ёнади, кино камералари ишга тушади. Мошинада янги ёпилган, ҳиди ёқимли уфуриб турган иссиқ нонлар олиб келинади. Немис офицери ўзига новвой узатган булкани олиб, девордан ичкарига, ўзбек асирлари томонга улоқтиради.
Фашистларнинг фикрича, "инсон қаторида кўрилмайдиган", лагердаги "шароитлар" туфайли эса одамийлик қиёфасини ҳам йўқотаёзган оч-наҳор ва хастаҳол асирлар ўзаро нон талашиб, кинобоп томоша кўрсатишлари керак эди. Бу, ўз навбатида, Гитлернинг немислар – олий ирқ, бошқа миллатларда эса инсонийликка хос зиғирча ҳам хислат йўқ, деган манфур ғоясини тасдиқлаб берарди. Аммо, бундай бўлмайди.
Атрофга жимжитлик чўкади. Бир муддатдан кейин асирлардан бири ерда ётган нонни қўлига олиб, уч марта ўпади ва кўзига суртади. Сўнг нонни кенг даврада чордона қуриб ўтирган ўзбекларнинг ёши улуғига – муаллимга олиб боради. Муаллим нонни бўлаклаб, дастлабки ушоғини энг кичик ёшли маҳбусга узатади.
Шу тариқа нон бўлаклари ҳаммага тенг тақсимланади. Муаллим охирги бўлакни ўзига олади. Ўзбек биродарларимиз ҳовлиқмасдан, одоб билан ризқланишади. Охирида Худонинг неъмати учун шукроналик фотиҳаси ўқилгач, улар тарқалишади.
Бу сценарий фашистлар тахмин қилгандек якун топмайди. Оқибатда юртдошларимиз жазоланади. Уларнинг ҳаммасини ўрмонга олиб бориб, отиб ташлашади.
Кейинчалик бу ибратли тарихий воқеадан хабар топган голландиялик журналист, ёзувчи ва тадқиқотчи Ремко Рейдинг узоқ изланишлари натижасида айни мавзуда йирик бир китоб ёзган. Ўз навбатида, Ғалабанинг 75 йиллиги арафасида ўзбек киноижодкорлари миллатимизнинг гўзал сийратини, азалий инсонпарварлик фазилатларини теран очиб берадиган ушбу ҳаётий қисса асосида "101" номли бадиий фильмни тасвирга олдилар.
Бу қисса қаттол урушнинг 101 нафар қаҳрамони ва қурбони ҳақида эди. «Шу вақтга қадар уруш бошланган пайтда юртимиз аҳолиси 6 миллион 551 минг кишини ташкил этган ва уларнинг 1 миллион 500 мингга яқини урушда иштирок этган, деб ҳисобланарди. Янги маълумотларга кўра, Ўзбекистондан 1 миллион 951 мингга яқин киши урушга сафарбар этилган. Демак, ҳар уч нафар ўзбекистонликдан биттаси қўлига қурол олиб, фашизмга қарши жанг қилган», — деди Шавкат Мирзиёев 9 май куни ташкил этилган тантанали маросимдаги нутқида.
Аёвсиз жангларда мардона қатнашган қарийб 451 минг нафар юртдошимизнинг номлари ва тақдири шунча йиллар мобайнида эътибордан четда қолиб келганини албатта адолатдан, деб бўлмайди. Шунингдек, ўша даврда "қулоқ" сифатида бошқа ўлкаларга сургун қилинган 59 мингдан ортиқ ватандошимиз ҳам ҳаракатдаги армияга сафарбар этилгани маълум бўлди, деди давлатимиз раҳбари.
Шавкат Мирзиёевнинг қўшимча қилишича, «илгари 396 минг нафар Ўзбекистон фуқароси урушда ҳалок бўлган, деб айтиларди, аслида бу рақам 538 мингдан зиёд бўлган». Бундан ташқари, фронтда бедарак йўқолганлар ҳақидаги маълумотлар ҳам, Президентнинг таъкидлашича, тўлиқ бўлмаган — ҳозирги вақтда 158 мингдан кўпроқ ўзбекистонлик урушда бедарак кетгани аниқланган.
Минглаб уруш қатнашчилари Ўзбекистонда ташкил этилган ҳарбий госпиталларда даволанган. Янги аниқланган маълумотларга кўра, уруш ўчоғига айланган ўлкалардан юртимизга 1 миллион 500 минг киши, жумладан, 250 мингдан зиёд бола эвакуация қилинган.
Халқимиз уларга ўз уйидан жой бериб, сўнгги бурда нонини ҳам баҳам кўрган. Элимизнинг бу жасорати, меҳр-мурувват ва инсонпарварлик фазилатлари ҳали ҳамон шон-шараф мактаби, ғурур-ифтихор манбаи бўлиб келмоқда.
Бундан ташқари, янги маълумотларга кўра, уруш йиллари Ўзбекистондаги 300 га яқин корхонада ҳарбий маҳсулотлар ишлаб чиқарилган. Шу даврда фронт ҳудудларидан Ўзбекистонга 151 та завод кўчириб келтирилган.
Президентнинг сўзларига кўра, ушбу янги маълумотлар «илгари ёпиқ бўлган архив ҳужжатларини, илмий жамоатчилик учун маълум бўлмаган материалларни» ўрганиш, собиқ Иттифоқ республикалари ва чет эллардаги архив ташкилотлари, музейлар ва фондлар, тарихчи олимлар ва мутахассислар, кенг жамоатчилик билан ҳамкорликни кучайтириш натижасида олинган.
Ҳақиқатан ҳам, Ўзбекистон халқи Иккинчи жаҳон урушида ғалабани таъминлашга улкан ҳисса қўшган. Лекин бу жасоратни бор кўлами билан кўрсатиб берадиган яхлит мажмуа йўқ эди. Ўтган йили Президентимиз улкан боғ барпо этиб, халқимиз қаҳрамонлигини абадийлаштириш ташаббусини илгари сурди.
Шу тариқа илмий-ижодий жамоатчиликнинг таклифлари, хорижий мамлакатлар тажрибаси асосида бадиий-меъморий концепция ишлаб чиқилди. Давлатимиз раҳбари бу борадаги лойиҳалар билан бир неча бор танишди. Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида 12 гектардан зиёд жой ажратилиб, улкан қурилиш-ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.
Ҳар жиҳатдан пухта ишланган лойиҳалар асосида Ғалаба боғи, “Шон-шараф” музейи, “Мангу жасорат”, “Матонат мадҳияси” монументлари бунёд этилди. Халқимизнинг қонли жанглардаги мардлигини, фронт ортидаги машаққатли меҳнати ва фидойилигини акс эттиришга бағишланган кенг кўламли тарихий-бадиий экспозициялар яратилди.
Ғалаба боғи ҳар бири алоҳида мавзуга эга бўлган икки қисмдан иборат. Биринчисида ўзбекистонликларнинг жанглардаги иштирокидан лавҳалар, иккинчисида фронт ортидаги республикамиз ҳаёти акс этган.
Ғалаба боғида аҳолининг тарих билан ҳамнафас бўлиб, ўтганлар хотирасини ёд этиши, уларга ҳурмат бажо келтириши, мазмунли дам олиши, оммавий маданий тадбирлар, ижодий учрашувлар, адабий кечалар ўтказиши учун барча шароитлар яратилган.
Мазкур боғ Ватанга садоқат, ўз ҳаётини тинчлик ва озодлик учун фидо қилган инсонларнинг ўлмас жасорати ва ёрқин хотираси олдидаги юксак ҳурмат-эҳтиромнинг амалий намунаси бўлиб қолади. Чунки Ғалаба боғи – Хотира, Қадр-қиммат боғи ҳамдир.
"Матонат мадҳияси": Ўзбекистондаги барча оналарга қўйилган ҳайкал
Ғалаба боғининг марказида “Матонат мадҳияси” деб аталган муаззам обида она Ватан рамзи бўлиб қад ростлади. Мазкур ёдгорлик мажмуаси қандайдир бадиий образ эмас, унга ҳаётда бўлган воқеа – мўътабар она ва унинг оиласи тўғрисидаги ҳақиқат асос қилиб олинган.
Тошкент вилояти Зангиота туманидаги Хонобод қишлоғида яшаган Зулфия ая Зокирова Иккинчи жаҳон урушида бир эмас, беш ўғлидан – Исоқжон, Аҳмаджон, Маҳамаджон, Ваҳобжон, Юсуфжон исмли азиз фарзандларидан жудо бўлган. Унинг тўрт келини бева, беш набираси етим бўлиб қолган. Келинлари ҳам Зулфия аядан ўрнак олиб, ўз оиласига содиқ қолган, бошқа турмуш қурмаган.
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, ёзувчи Алиназар Эгамназаровнинг сўзларига кўра, Иккинчи жаҳон урушида бир оиладан беш нафар фарзанд урушга кетиб ҳеч бири қайтмаган оила дунёда учта бўлиб, иккитаси Беларусь ва АҚШда, яна бири Тошкент вилояти Зангиота туманидаги Хонобод қишлоғида яшаган Зулфия ая Зокирова оиласидир. Она Иккинчи жаҳон урушида беш ўғлидан жудо бўлган.
Ўтган йилги Хотира ва қадрлаш кунида давлатимиз раҳбари Зулфия Зокирова ва унинг фронтдан қайтмаган беш ўғли, садоқатли келинлари хотирасига атаб муҳташам ҳайкал ўрнатиш ҳамда унга “Матонат мадҳияси” деб ном бериш таклифини билдирган эди. Бу ташаббусни жамоатчилигимиз қизғин қўллаб-қувватлади.
Шу мавзуда мақолалар, шеърлар ва бадиий фильм яратилди. Бу ҳақда сўз борганда, “Ўзбеккино” миллий агентлиги томонидан яратилган “Илҳақ” бадиий фильми тўғрисида алоҳида тўхталиш лозим. Халқимиз ҳаётининг энг оғир, энг фожиали даврига бағишланган бу асар том маънода қаҳрамонлик қасидаси бўлиб, ҳар қандай одамнинг ҳам қалбини ларзага солади.
Президентимиз бутун халқимизни, айниқса, ёшларимиз ана шу фильмни оила даврасида кўриб, унинг қаҳрамонларидан ўрнак олишга даъват этди. Нега деганда, унда даҳшатли уруш туфайли беш нафар баҳодир ўғлидан айрилган, умрининг охиригача фарзандларини илҳақ, яъни интизор бўлиб кутган Зулфия Зокирова сиймосида ўзбек оналари, ўзбек аёлларига мансуб энг буюк фазилатлар ниҳоятда теран ифодасини топган.
Бугун Ғалаба боғининг марказида мушфиқ онаизор Зулфия ая сиймосига бағишланган муаззам обида – «Матонат мадҳияси» ёдгорлик мажмуаси қад ростлаб турибди.
Президентимиз ёдгорлик пойига гулчамбар қўйди. Ушбу тадбирда Зулфия ая Зокированинг қариндошлари – Раҳимжон Аҳмаджонов, Фарҳод Маҳамаджонов, Маърифат Аҳмаджонова, Саноат Маҳмудова, Мавлуда Холматова иштирок этди.
Давлатимиз раҳбари бошларига тушган оғир қийинчиликларни мардона енгиб, Зулфия ая ва оталарининг хотирасини пок сақлаб, эл-юртимизга сидқидилдан хизмат қилиб келаётган бу юртдошларимизга халқимизнинг номидан чуқур миннатдорчилик билдирди.
– Бу Ўзбекистондаги барча оналарга қўйилган ҳайкал, – деди Шавкат Мирзиёев. – Ушбу ёдгорлик бутун халқимиз учун қутлуғ зиёратгоҳга, оила, муҳаббат, вафо ва садоқат тимсолига айланиб қолади. Бу ерга келган ёшлар миллатимизнинг қонида бўлган фазилатларни англаб, уларни қадрлаб яшашга интилади.
"Шон шараф" музейи – адолат тантанаси тимсоли
“Шон-шараф” музейи замонавий музей санъати ва ахборот-коммуникация технологияларининг энг илғор ютуқлари асосида бунёд қилинди. Музейда 20 мингга яқин тарихий аҳамиятга эга буюмлар мавжуд.
Бу ерда Иккинчи жаҳон урушида жасорат кўрсатган ўзбекистонликлар ҳақидаги маълумотлар, ўша давр руҳини тўлиқ ҳис этишга имкон берувчи турли буюм ва жиҳозлар жамланган. Ушбу экспонатларнинг ярмидан кўпи юртимизнинг турли ҳудудларида яшовчи аҳоли томонидан тақдим этилган.
Элимизнинг уруш йилларидаги жасорати, меҳр-мурувват ва инсонпарварлик фазилатлари ҳали-ҳамон шон-шараф мактаби, ғурур-ифтихор манбаи бўлиб келмоқда. Вақт ўтгани сайин бу ўлмас қадриятларнинг аҳамияти тобора ортиб бормоқда.
Музейда ана шундай шонли тарих ўз ифодасини топган. Тарихий факт ва воқеалар замонавий технологиялар, интерактив усуллар ёрдамида акс эттирилган.
Давлатимиз раҳбари музей экспозицияси билан танишди. Бу ердаги экспонатлар Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабага катта ҳисса қўшган халқимизнинг жасоратини тараннум этишга, ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга хизмат қилишини таъкидлади.
- Бу музейнинг пайдо бўлиши адолатнинг тикланиши демакдир. Тарихимизнинг бир қисми бўлган уруш воқеаларини бир жойда намоён этадиган бундай маскан йўқ эди. Бу ишлардан мақсад-муддаомиз - халқимизнинг Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабага қўшган буюк ҳиссасини тарихга муҳрлаб қўйиш, ёш авлодларга етказиш. Юз йиллардан кейин ҳам одамлар келиб, уруш воқеалари ва оқибатларини, тинчлик қадрини билиши керак, - деди Президент.
Музейнинг кириш қисмида Ўзбекистон халқ рассоми Алишер Алиқулов қаламига мансуб асарнинг 22 метрлик панноси илинган. Унда фронтга йўл олаётган аскарларни кузатиш жараёни, фронт ортидан юкларнинг жўнатилиши, тиббиёт ходимлари, бир сўз билан айтганда, 1941—1945 йиллар давомидаги Иккинчи жаҳон уруши даврида Ўзбекистон ҳудудларидаги умумий жараён жонли тарзда акс эттирилган.
Музей олтита бўлимдан иборат. Музей остонасидан бошланувчи «Ўзбекистон уруш бошланиши арафасида» деб номланган биринчи бўлимда 1938—1940 йиллар, урушдан олдинги Ўзбекистонда давом этган ҳаёт тарзи тасвирланган суратлар, қайдномаларни кўриш мумкин.
1939 йилда фашистлар Германиясининг Польшага бостириб кириши билан бошланган Иккинчи жаҳон уруши таъсирида Ўзбекистонда ялпи сафарбарлик жорий қилиниши, қўшинлар ташкил этилиши жараёни акс этган экспонатлар ҳам шу ернинг ўзида берилган.
Бу бўлимдаги экспонатларда, шунингдек юртдошларимизнинг жанг майдонларидаги жасорати акс эттирилган. Ўзбекистонликларнинг асосий фронт ва чегара постларида олиб борган курашлари, ички ишлар, разведка фаолиятидаги мардонавор хатти-ҳаракатлари қайд этилган тарихий ҳужжатлар, уларнинг суратлари ва улар ҳақидаги қисқача маълумотлар ана шундай муҳим тарихий экспонатлар сирасига киради.
Маълумотларга кўра, биргина Германиянинг Берлин шаҳрини озод қилиш учун бўлган ҳаракатларда 10 дан ортиқ кишига «Совет Иттифоқи Қаҳрамони» унвони, 1 минг 706 кишига «Берлин олинганлиги учун», 109 минг 208 кишига эса «1941-1945 йиллардаги Улуғ Ватан урушида Германия устидан қозонилган ғалаба учун» медаллари тақдим этилган.
Иккинчи бўлим “Ўзбекистон – фронт учун ишончли таянч қўрғони” деб номланган. Мазкур бўлимида фронт учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва техникалар етказилиши, иссиқ кийим-кечаклар, маблағлар тўпланиши, фронтга йўналтирилган энергетика ва ёқилғи, иқтисодиёт фаолияти, тиббиёт, ўзбек аёлларининг фронт ортидаги заҳмати, кадрлар тайёрлаш соҳаси каби мавзуларга ажратиб чиқилган бурчакларда ашёвий далиллар, фотосуратлар, меҳнат учун берилган мақтов ва фахрий ёрлиқлар, орденларни томоша қилиш имконияти мавжуд.
Бунда фронт учун йиғилган маблағлар таркибида ўзбек халқининг бирдамлигини ҳис этиш учун шанбаликлар, облигациялар, уруш заёмлари билан бир қаторда аҳоли шахсий маблағлари ҳам борлигини инобатга олишнинг ўзи кифоя. Ўша даврда аҳоли мудофаа фонди учун умумий ҳисобда 250 миллион сўм миқдорида маблағ йиғишга муваффақ бўлган.
Учинчи бўлимда уруш йилларида юртимиздаги илм-фан, таълим, маданият, соғлиқни сақлаш соҳаларига доир экспонатлар намойиш этилган.
Тўртинчи бўлим “Уруш ва ғалаба ҳақида хотиралар, халқнинг қувонч ва шодлиги” деб аталади. Мазкур бўлимга ўтиш йўлагида бевосита 1945 йилда Берлиннинг Совет иттифоқи армияси томонидан ишғол қилиниш жараёни акс этган инсталляцияларни томоша қилиб, худди ҳақиқийдек жонлантирилган мум ҳайкаллар, вайрона бинолар, бир-бирига ўқ узишга ҳозирланган танкларни учратиш мумкин.
«Уруш даври мактублари» – музейнинг энг таъсирли бурчагидир. Бир неча йиллардан буён сақлаб келинаётган урушга берилган йўлланмалар, жамоавий хатлар, жанг майдонларидан қайтмаган аскарларнинг ўлими, яраланганлик ҳақида хабарномалар, фронтдан келган соғинчли салом хатлари шу ерда жамланган.
Шунингдек, ташриф буюрувчилар уруш йилларида душман босиб олиши муқаррар бўлган ҳудудлардан Ўзбекистонга эвакуация қилинган 1,5 миллиондан зиёд қариялар, аёллар, болалар (250 минг атрофида), фан арбоблари ҳақидаги маълумотлар билан танишишлари мумкин.
Бўлимнинг эътиборга молик бурчакларидан яна бири асирга тушганлар ҳақидаги маълумотлар акс этган қисмидир. Таъкидланишича, уруш даврида асирга тушган 150 мингдан зиёд ўзбекистонликларнинг 50 минг нафардан ортиғи концлагерлардаги азоб-уқубатлар оқибатида вафот этган.
Бешинчи бўлим «Ўзбекистонда уруш йилларида фан ва таълим, адабиёт, театр ва мусиқа санъати, тасвирий санъат ва ҳайкалтарошлик, кино санъати ва матбуот» деб номланган. Ушбу бўлимида 1941—1945 йилларда юртимиз маданияти соҳасида ҳукм сурган ҳолатни нафақат томоша қилиш, балки ҳис этиш мумкин.
Бу ерда ҳам музейнинг бошқа бўлимларидаги каби тарихий муҳитни яратиш мақсадида мусиқалар жаранглаб, соҳага оид маълумотлар янграб туради. Бевосита экранларда тарихий ҳужжатли фильмлар, экспонатларда номлари зикр этилган шахсларнинг фаолиятига оид лавҳалар берилади.
Олтинчи бўлим «Мардлар жасорати мангу яшайди» деб номланади. Бу ерда 33 жилдлик «Хотира» китоби, шунингдек байрам муносабати билан нашр этилган китоб-альбом ва бошқа экспонатлар мавжуд.
Шавкат Мирзиёев «Шон-шараф» музейида ҳар бир қўмондонликнинг ўз жойи бўлиши, илмий тадқиқотлар ўтказиб, уларнинг экспозицияларини тўлдириб бориши зарурлигини таъкидлади. Ҳарбий хизматчи ва курсантларни, ёшларни бу ерга олиб келиб, уларда мардлик, фидойилик руҳини шакллантириш бўйича тавсиялар берди.
“Шон-шараф” музейи доимий равишда янги маълумотлар билан бойитиб борилади. Президентимиз қайд этганидек, ота-боболаримиз жасоратини чуқур ўрганиш ва келгуси авлодларга етказиш мақсадида янги тарихий маълумотлар асосида ҳар йили 9 май байрами арафасида алоҳида китоб тайёрлаб, нашр этиб турилса айни муддао бўлади.
Уруш давридаги жанггоҳларни эслатадиган баланд тепалик устида афсонавий генерал Собир Раҳимов каби ҳарбий қўмондонларимиз, ўзбекистонлик барча ботир жангчиларнинг сўнмас хотирасига атаб “Мангу жасорат” деб номланган улуғвор монумент барпо этилди.
Давлатимиз раҳбари боғдаги «Кўз ёши» мажмуасини ҳам кўздан кечирди. Кўз шаклидаги бу бадиий мажмуада урушнинг мудҳишлиги, миллати ва динидан қатъи назар, барча одамлар бирлиги ифодаланган.
Боғ ҳудудида бир нечта мармар деворларда композицион паннолар барпо этилган. Уларда саркарда боболаримиз тарихидан лавҳалар, Иккинчи жаҳон урушига оид энг муҳим маълумотлар, миллий армиямизнинг ҳозирги жанговар ҳолати акс эттирилган. Уруш йилларидаги куй-қўшиқлар ва хабарлар асосида тарихий муҳит жонлантирилган.
Хулоса қилиб айтганда, Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги тантаналари мисолида машъум уруш замонидан қанчалик узоқлашсак, унинг моҳиятини англаш жараёнлари шунчалик чуқурлашиб боришига амин бўлдик. Янги Ўзбекистонда ана шу адолатни том маънода қарор топтиришда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жасорати ва матонати алоҳида эътирофга сазовор.
Бинобарин, инсоният тарихидаги энг даҳшатли қирғин – Иккинчи жаҳон уруши дунё тарихининг узвий қисми ҳисобланади. Шундай экан, тарихга айланган ўша кунларни унутишга асло ҳаққимиз йўқ. Халқаро ҳамжамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида Ўзбекистон давлати, ўзбек халқи фашизмга қарши курашган жасур фарзандларининг буюк қаҳрамонликларини ҳамиша ёдда сақлайди.
Миллат Сардори ташаббуси билан Ўзбекистоннинг Иккинчи жаҳон урушидаги иштироки адолатли ва холис, тўла ва асосли очиб берилгани ҳар қанча таҳсинга лойиқ. Зеро, оловли уруш йилларида “Ҳамма нарса – фронт учун”, “Ҳамма нарса – Ғалаба учун!” деган ҳаётий эътиқод билан яшаган халқимизнинг Ғалабага қўшган буюк ҳиссасига беписанд қараш ҳозирги ва келажак авлодлар олдида хоинлик ҳисобланади.
Афсуски, Иккинчи жаҳон урушининг тугаганига 75 йил тўлган бўлса-да, ер юзининг турли бурчакларида, жумладан, минтақамизга яқин ҳудудларда қарама-қаршилик, қонли тўқнашувлар давом этмоқда. Шу сабабли биз доимо ҳушёр ва огоҳ бўлишимиз, мустақиллигимизни мустаҳкамлаб, Ватанимиз қудрати, Қуролли Кучларимиз салоҳиятини янада оширишимиз зарур.
Бугун янги Ўзбекистонни барпо этиш билан боғлиқ янги ҳаёт, беқиёс ўзгаришлар ҳаммамиздан фидойилик ва бунёдкорликни, янада катта сафарбарликни талаб этмоқда. Президентимиз таъбири билан айтганда, "Бу жараёнда тинчлик ва осойишталикни асраш, жаҳон ҳамжамияти, аввало, қўшни давлатлар билан дўстлик ва ҳамкорликни кучайтиришни биз энг муҳим вазифамиз деб биламиз".
Шу маънода, ҳар биримиз тинч ҳаётимизда дуч келаётган синовларни енгиб ўтишда ҳамиша сабрли ва чидамли, жасоратли ва матонатли, билимли ва савияли, ғурурли ва ор-номусли, ватанпарвар ва халқсевар бўлишимиз тақозо этилади. Бу борада уруш даврида инсон зоти чидолмайдиган азоб-уқубатлар, ғам-кулфатлар, чексиз йўқотишларга бардош берган ва қўли доим баланд келган аждодларимизнинг мустаҳкам иродаси бизларга – ибрат, пок руҳлари эса мадад бўлгай, иншооллоҳ.
Акмал Саидов,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари
("Янги Ўзбекистон" газетаси, 2020 йил 12 май сони)
- Қўшилди: 12.05.2020
- Кўришлар: 5315
- Чоп этиш