Ер юзида ҳар сонияда 1,5 гектар яшиллик нобуд бўлмоқда

Ўрмонлар иқлимни мувозанатда ушлаб турувчи, биологик хилма-хилликни сақловчи муҳим экотизим ҳисобланади. Статистик маълумотларга кўра, табиий биохилма-хилликнинг 80 фоизи ўрмонларда жойлашган. Дарахтлар йиллик карбонад ангидрид чиқиндисининг 30 фоизини ўзига ютиб, атмосфера мусаффолигини сақлашда муҳим ўрин тутади.

Аммо афсуски, бугунги кунда Ер юзида ҳар сонияда 1,5 гектар яшил қоплама нобуд бўлмоқда. Бир йилда иккита Швецария ҳудудига тенг ўрмонлар йўқ бўлиб кетмоқда. Бу эса экологияга, айниқса, иқлимга жуда катта салбий таъсир кўрсатади.    

Маълумки, яқинда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Нью-Йоркда бўлиб ўтган Бош Ассамблеяси Ўзбекистон Республикаси томонидан илгари сурилган “Ўрмонларни барқарор бошқаришга мувофиқ равишда ўрмонларни кўпайтириш ва қайта тиклаш бўйича Ҳаракатлар ўн йиллиги” резолюциясини бир овоздан қабул қилди. БМТнинг 160 га яқин давлати мазкур ҳужжатни қўллаб-қувватлади.  

Ер юзини ўрмонзорлаштиришга қаратилган 10 йиллик дастур ташаббуси айнан Ўзбекистон томонидан илгари сурилгани бежиз эмас. Зеро, ҳозирда юртимизда яшил майдонларни кенгайтириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жорий йилнинг “Атроф-муҳитни асраш ва "яшил иқтисодиёт" йили” деб номлангани ва йил номига монанд Давлат дастури қабул қилингани ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатларни янада жадал давом эттиришга асос бўлмоқда. Бугунги кунда юртимизда ўрмонларнинг улуши 8 фоизни ташкил этади. “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йили” Давлат дастурида 2030 йилга бориб мамлакатимиз ҳудудининг 30 фоизини яшил майдонга айлантириш мақсади ўз аксини топган.  

– Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ушбу резолюция қабул қилингани Ўзбекистоннинг яна бир ташаббусининг дунё ҳамжамияти томонидан эътирофи, дейишимиз мумкин, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси раиси Хайрулло Ғаффоров. — Ҳужжатнинг асосий мақсади 2027 йилдан 2036 йилгача бўлган даврда бутун дунё давлатларида ўрмонларни тиклаш, яшил майдонларни кенгайтириш бўйича чораларни кучайтириш, жаҳон ҳамжамиятини бу борада фаол чоралар кўришга чақиришдан иборат. Ўзбекистон ташаббуси билан БМТнинг 12 та резолюцияси қабул қилинган бўлса, уларнинг аксарияти экологик муаммоларга, глобал иқлим таҳдидларини бартараф этишга, минтақамизда экологик барқарорликни таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Мазкур ҳужжат ҳам дунё мамлакатларида яшилликни кўпайтириш, глобал иқлим ўзгаришларининг олдини олиш ва унга мослашишга хизмат қилади.    

Дарҳақиқат, БМТнинг 2027-2036 йилларда ўрмонларни кўпайтиришга қаратилган ушбу резолюцияси экологик барқарорликни таъминлашда дунё миқёсида бирлашишга хизмат қилади, ўрмонзорлаштириш ишларида стратегик йўл харитаси бўлади.    

Муҳтарама Комилова, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech